Галина Климова 1947 йилда Москва шаҳрида туғилган. 1972 йилда Москва Давлат педагогика институти география-биология факультетини, 1990 йили Максим Горький номидаги Адабиёт институти қошидаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган. Шеърлари серб, болгар, поляк, чех, арман, хитой, голланд тилларига таржима қилинган. Москва Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Дружба народов” журнали поэзия бўлими мудири. “Йўқлаб олинган мактуб”, “Кўчирма гап”, “Ҳавонинг дастхати”, “Шимол-жануб” китоблари чоп этилган.
* * *
Аёнки, эртага сўз
Харобадан ҳамда қишки кулбадан
Ичкаридан, ковакдан, масъум бурчакдан,
Феъл, боғловчи, кўмакчилардан
Юз ўгириб чиқиб келади.
Хиёбондаги болалар каби гала-гала
бўлиб чиқар қирғоққа,
Зеб-зийнатсиз, ортиқча кўз ёки сўзсиз
Мусиқий шар дея билар дунёни
Сувнинг ҳаводаги мавҳум дастхати:
гоҳ метин, гоҳ тубсиз –
Момоқалдироққача, кўз ёшгача,
шабнам лабигача то
Муҳаббат ва ўлим муҳри босилган.
* * *
Бу мен кетганим йўқ,
Сен кетмагансан.
Ўтирибсан метин оромкурсида
Парашютнинг елпиғичли ипак қаноти
Майин кун учун.
Бу – куз
Унут бўлиб кетган тилла сўз.
Йўқолган қоғозлар, йиллик тахламлар.
Бу сен парвозсизсан,
Бу мен – сал-пал тирикроқ
Остонада қиш бор –
Мукаммал хато.
Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси