Захария Станку (1902-1974)

Захария Станку (Zaharia Stancu) 1902 йил 7 октябрда туғилган. 1932 йилда Бухарест университетининг фалсафа ва филология факультетини тугатган. 1927 йилда нашр қилинган “Содда қўшиқлар” илк шеърий китоби Руминия Ёзувчилар жамияти (1949 йилда бу жамият Руминия Ёзувчилар уюшмаси таркибига киритилиб, Станку унинг биринчи раиси этиб сайланган) мукофоти билан тақдирланган. У Руминия Давлат мукофоти (1954) ва Гердер мукофоти (1971) билан тақдирланган. Станкунинг “Сеҳрли майса” (1941), “Тутунли йиллар” (1944) “Оққушлар қўшиғи” (1973), “Тўлин ой қўшиқлари” (1974) каби шеърий китоблари нашр қилинган. З.Станку 1974 йил 5 декабрда Бухарестда оламдан ўтган.

* * *

Қандай азиз эди ўтган кунларим,
Бири ҳам қолмади, кетди-ку куйиб.
Кул қолди улардан, фақат, тўкилиб.
Шамол елди кунлар кулин сочгани,
Гуллаган боғларга сочмоққа уни.

Билмадим тунларнинг қандай кечганин,
Тунлар эриб кетди бири ҳам қолмай.
Эриб кетди тунлар қишнинг қоридай.
Ер ёрилди бехос ва давомига
Қолдирмай бирин ҳам тортди комига.

Севгим қандай эди, эсимда ҳам йўқ,
Балки ширин эди, эҳтимол, аччиқ,
Умр каби узоқ, балки бир оқшом,
Қанотида олиб учиб кетди Вақт.

Билмам, қандай кечар ўлимим менинг,
Беозор бўлмоғин истардим унинг.
Қаттиқ кутган эдим, нафратлангандим,
Уни чақиргандим ҳайдамоқ учун.
Уни чақиргандим…

ИЛК ХОТИРАЛАР

Қарияпман, бироқ эслайман
Она сутин ачқимтил таъмин.
Тут дарахти узра узилиб
Сузиб юрган булут тўпламин.

Қоқсуяк ит искалар мени,
Шамол тинмай кўзга сепар қум.
Бунда кўрган одамлар бари
Ялангоёқ юрар туну кун.

Кўкка ўрлар, учолмас олов,
Ғазаб сочар ўчоқда алвон.
Гарчи эшик очмасалар ҳам,
Кундуз ва Тун бўларди меҳмон.

Совуқлари оларди узиб,
Тун совуғи тишларди мени.
Алам эди қуёш мангуга
Кўк тоқига қоқилмагани.

СЎРАМА, МЕНДАН СЎРАМА

Қуёш сўрамайди, яхшиманми мен ё ёмонми,
Ҳар куни мен учун нурини сочар.
Юлдуз сўрамайди, яхшиманми мен ё ёмонми,
Кечалар ёғдулар сочиб йўл очар.
Шамол сўрамайди мендан фазилатларим,
Эсиш пайти келса, эсади майин
Ва тинади тиниш вақтида.
Ёмғир сўрамайди, мен ким, қандайин,
Ёғаверар, ёғиш мавсуми.
Гар чарчаса тўхташи тайин.
Менинг фазилатим сўрамайди қор,
Вақти келган пайти ёғади шитоб,
Эриб кетади у, кўринса офтоб.

Сен мендан сўрама, яхшиманми ё мен ёмонми,
Сўрама, яшашни хоҳлайман ё йўқ,
Яшагим келарми ё йўқ яшагим?

Менинг севгим қадимий севги,
Сўрамагин, сўрама мендан…

Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси