Октавиан Гога (1881-1938)

Октавиан Гога (Octavian Goga) 1881 йил 1 апрелда Трансильваниянинг Решинари қишлоғида туғилган. Будапешт университетида таҳсил олган.1937–1938 йиллари Руминия бош вазири лавозимида ишлаган. Руминия Фанлар академиясининг аъзоси. 1938 йил 11 февралда вафот этган.

ОҚШОМ

Кўк ёпинди қора рўмол,
Мотамсаро она мисол.
Кунгабоқарлар журъатсиз
Бошин эгиб сурар хаёл.

Уфқ олтин сулизорга
Зарра-зарра сепар кумуш.
Дайди қарға қанот чўзар,
Чарчоғинми кўради туш.

Жўр қўшиқнинг авжи тинди,
Тўнг оғриқдай мудрар ўрмон.
Жуфт қалдирғоч мизғиб қолди,
Ҳарир кўрпа ёпди туман.

Ҳолдан тойган шаффоф тўлқин
Мудрар тўғон лабида жим.
Чўпон ҳам хўб олмоқда тин,
Пинак отган ҳассаси ҳам.

Ухлар замин, кўк гумбази,
Ажиб дилбар бир қучоқда.
Чашма эса шивирлайди:
“Ором олсам мен ҳам, қани!”

ЕРДАН ТАШҚАРИДА

“Етим одалар” туркумидан

Мен ерда ҳеч кимман томирларимсиз,
Шамол этагида кўчган учқунман.
Оламда мендан-да баттол жонзот йўқ.
(Энди бор. Чунки мен дунёда йўқман.)
Кўринмас жонман мен, уйсиз, дарбадар,
Юлдузни соғинган йиғлоқи жинни.
Ўзим бино қилган худоларимнинг
Жилд-жилд ақидасин шайдосиман мен.
Кечиккан алами бадкор даврнинг,
Мен бот-бот қайтгувчи ёпишқоқ тушман,
Етимликман, ўнгга айланиб кетган
Ва унда барчасин ўзгартирмишман.
Зиёратга чиққан соқов таънаман,
Яқинлар унутган қари чол каби.
Ичимда иложсиз қичқириқ яшар,
Кўклардан ҳимоя сўрайди лабим.
Шундан бошланади ҳамма-ҳаммаси –
Жилмайишман забун тул ингроғидай,
Альпинистман, бироқ барча йўлларим
Ўраб олган мени пастликда, афсус.
Эгам иродаси, хоҳиши билан,
Насллар тилида “лаънат” деган сўз.
Алҳол, иблисдан-да дарбадарман мен,
Фақатгина гўрлар очилганида,
Зўрға-зўрға эслай бошлайман
Қандайдир бир уйни…
Кетолмайман унинг руҳидан.
Тамом алоқасин узиб мен билан
Ташқарида эса ухлар қиёфам,
Таҳқирланган ёрин бошида гўё.
Иложсиз шафқат-ла эгилиб,
Отланиб у мағрур нафрат-ла,
Ўзга ватан, ўзга асрга,
Эзилган, хўрланган халқлар изидан,
Бироқ, ўшалар-ла, демак, мен билан!
Кесатиққа доим кирлик чапланган,
Қолаверса, балки (улар орзуси)
Жим бўлар, оғзига тиқилиб латта,
Шунда сўзлаб бермас ҳеч нима.

ҚИРҒОҚДА ТУРАРДИМ

Занжирларин тортиб кема жўнади,
Дунё кезган эди – эски устихон.
О, аёл, сен энди абад бегона,
Олиссан, бир сирли кенгликлар томон.

Учиб кетди азиз лаҳзаларимиз,
Тунларнинг билгисиз қизиллигига.
Йўлхалтам юраги увишди бирдан,
Шафақ ёнғинида ғойибот сирдан.

Қирғоқда қолдим мен, сен кетдинг тамом,
Кўзларим изингдан интилаверди.
Ҳайҳот, олисдасан, олисимдамас.

Ҳасрат ибодатин қурбони эдим.
Сен кетдинг, мен учун вайронлик қолди.
Шу чоғда тақдирим вафот этганди.

Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси