Нина Кассиан (1924-2014)

Нина Кассиан (Nina Cassian) таниқли румин адибаси ва композитори. Галац шаҳрида туғилган. “Бизнинг руҳимиз”, “Бир минг тўққиз юз ўн еттинчи йил, тирикмисан?”, “Ёшлик”, “Йилларнинг ёши”, “Денгиз билан шамол суҳбати”, “Кун ора байрамлар”, “Арфа сабоғи”, “Хун” ва бошқа китоблар муаллифи.

ИНСОН

Ватан учун урушда у бир қўлидан айрилди-ю,
ўйлаб туриб қўрқиб кетди:
“Энди бундан буён ишласам,
қўлимдан келгани – яримта меҳнат,
йиққаним-терганим яримта бўлар,
меҳнатим-насибам яримта бўлар,
мен роял чалсам ҳам,
мусиқа чалсам ҳам,
чолғуга жўр бўлсам ҳам
биттагина қўл билан
ярмини чаламан, холос,
занглаган кўҳна эшикни
бир қўлим билан очаман,
биттагина қўлим билан
ёримнинг сарв қоматининг
ярмини қучаман, холос,
аттанг, энди баъзи ишни
бажармоқ қўлимдан келмас –
масалан, халқ байрамида
мендек одам бир қўл билан
асло чапак чала олмас…”

Шу соатдан эътиборан
икки ҳисса меҳнат қилди,
бошқаларга қараганда
икки карра кўп тер тўкди,
шундан сўнг
йўқолган қўли ўрнидан
қанот ўсиб чиқди.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси