Николай Лабиш (1935-1956)

Николай Лабиш (Nicolae Labiş) 1935 йил 2 декабрда туғилган. Илк шеърлари мактабда ўқиб юрган кезларида нашр қилинган. Ҳаётлигида “Буғунинг ўлими” (1955) ва “Ҳавас дебочаси” (1956) шеърий китобларини нашрга тайёрлаган. 1956 йилнинг 22 декабрида Бухарест шаҳрида фожиали ҳалок бўлган.

ТУМШУҚ

Куз сирғалар ўрмон устидан,
Ғойиб бўлар ғира-ширада.
Замин узра қапишган тоғлар
Хира тортар ўша сирада.

Журъати йўқ, увишиб қолган,
Тепамизда секинлар гала.
Узоқ-яқин хотираларни
Қанотлари билан варақлаб.

Мен тўхтайман дарахт ёнида,
У ерда бор орзу сурнайи.
Ўтар бўлсанг, бир куни, куйи
Самоларга етмоғи тайин.

Бироқ оқшом сирғалиб тушар
Ва заминга урилар экан,
Санчилади бизларга чуқур
Ўткир, совуқ тумшуғи билан…

БАЙРОҚ

Мен ярқ этган рақсни кўрдим,
Том тагида, пастқам овлоқда.
Жуда эркин, ёввойи рақсни,
Осмон ости, кимса йўқ ёқда.

Кўрдим, қандай учарди ўйнаб,
Ажиб мовий олов шарлари.
Шаддод шамол қирмиз байроқни
Узиб қочди кўзимдан нари.

Яна кўрдим, тунука томдан
Шошмайгина ўтди бир одам, –
Чатнаб кетди бирдан чақинлар,
Сўнгра ерга шўнғиди шу дам.

Душманларча шамол ҳуштаги
Ва ёғилар ёмғир сўроғи.
Лек бир одам осмон остида
Қўлтиқлаган юртнинг байроғин.

У сеҳргар эмас, биламан,
Ўзимиздай йигит, у, ўртоқ.
Шундан байроқ унинг қўлида
Кўринади кўзга яқинроқ.

Ёмғирли у самоларда-чи,
Гулдир-гулдир, ғув-ғув, тарс-турси.
Одамларнинг юзига қўнди
Ватан байроғининг ёғдуси…

Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси