Турмағамбет Изтилеули (1882-1939)

Турмағамбет Изтилеули (Тұрмағамбет Ізтілеуұлы) Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилоятида 1882 йили таваллуд топган. Маҳаллий оқинлар сабоғини олиб, савод чиқарган. Бухородаги «Кўкалдош» мадрасасида форс, араб, туркий тилларни пухта ўрганган. «Шоҳнома»нинг маълум қисмини қозоқчага таржима қилган. 1939 йилда қатағонга учраган.
Сирдарё бўйидаги Қизилўрда вилоятининг Қармақчи мавзеида туғилган Турмағамбет ёшлигида Бухородаги Мир Араб ва Кўкалдош мадрасаларида Садриддин Айний билан бир даврда таҳсил олган бўлиб, ўзбек, форс, араб тилларини чуқур ўрганган. Мумтоз Шарқ адабиётига чуқур муҳаббат қўйган шоир катта адабий жасорат кўрсатиб, таъбир жоиз бўлса, Абулқосим Фирдавсий панжасига панжа уриб, “Шоҳнома” сюжети асосида қозоқ тилида 40 минг сатрдан иборат достон яратган. Асарнинг бир қисми 1961 йилда нашр этилган. Камина ўзимнинг докторлик диссертациямда “Шоҳнома”нинг туркий тиллардаги таржималари ва вариантлари қатори Турмағамбет достонига ҳам тўхталиб, унинг таҳлилини келтирганман. Турмағамбет асар сюжетида Фирдавсийга эргашса-да, “Шоҳнома” воқеаларини қозоқ саҳросига кўчиради. Уни қозоқ халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган 11 бўғинли “халқона ўлан” вазнида ёзади. Турмағамбет Фирдавсий қўллаган мақол, матал, ибораларни қозоқча муқобиллари билан алмаштирган.
Турмағамбет Изтилеулининг бой меросини ўрганиш юзасидан кенг миқёсдаги ишлар Қозоғистонда истиқлол йилларида бошланди. 2007 йил кузида шоирнинг 125 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуманга Ўзбекистондан шарқшунос олим Ғулом Карим ва камина таклиф этилдик. Россия, Тожикистон, Туркия, Мўғулистон, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар олимлари иштирок қилган анжуманга қардош қозоқ биродарлари пухта тайёргарлик кўришган экан. Анжуман иштирокчиларига оқиннинг тўрт жилдлик асарлар тўплами тақдим этилди.

УММОНДАН ДУРДОНАЛАР

* * *

Тўн олсанг — тўзар,
От олсанг — озар.
Фақат куй-қўшиқ,
Баридан ўзар.

* * *

Тўн кийган тўнгмайди,
Лаънат олган ўнгмайди.

* * *

Яхши олишмай келишади,
Ёмон келишолмай олишади.

* * *

Қорни очга қора толқон мой,
Тул эркакка пучуқ жувон ой.

* * *

Оз битар, кўп ҳам битар,
Тотувликка не етар?!

* * *

Қум тош бўлмас,
Қул бош бўлмас.

* * *

Эшак минганга от керакмас,
Балиқ еганга эт керакмас.

* * *

Гар хотинсиз тирикчилик йўқ,
Хотин олсанг, тинчлик йўқ.

* * *

Отинг ёмон бўлса,
армонинг кетар.
Боланг ёмон бўлса,
дармонинг кетар.
Хотин ёмон бўлса,
меҳмонинг кетар.
Феълинг ёмон бўлса,
имонинг кетар.

* * *

Берсанг оларсан,
Эксанг ўрарсан.

* * *

Қор ёғди деб қувонма,
Ортида аччиқ аёз.
Муллага дуч келсанг гар,
Сўрайди назр-ниёз.

* * *

Меҳнатсиз уруғ чиқмас,
Заҳматсиз билим юқмас.

* * *

Ақлсиз зот –
Югансиз от.

* * *

Мен тортмаган дард қани,
Даво топар мард қани?!

* * *

Илм ёритар ичингни,
Ҳунар оширар кучингни.

* * *

Аёл ердан чиқмаган,
У ҳам эркак боласи.
Эркак кўкдан тушмаган,
Аёл унинг онаси.

* * *

Токи танда жонинг бор,
Ризқу рўз, ош-нонинг бор.

* * *

Яхшига қилма даъво,
Бахшидан кутма даво.

* * *

Отинг ёмон бўлса,
Сотиб қутуларсан
Хотин ёмон бўлса
Нетиб қутуларсан?

* * *

Йигит етти қирли бўлсин,
Ёхуд бирон сирли бўлсин.

* * *

Одам бўладиган одам
Очдан ўлса ҳам ошалаб емайди.
Одам бўлмайдиган одам —
Ёрилиб ўлса ҳам, «ол» демайди.

* * *

Тўн жиғасиз бўлмас,
Эл оғасиз бўлмас.

* * *

Тўқлик яраштирар,
Йўқлик талаштирар.

* * *

Тойчоқ отга етказар,
От муродга етказар.

* * *

Тентак бўлсанг осарлар,
Юввош бўлсанг босарлар.
Ўртача бўлсанг, хон ясарлар.

* * *

Ош қадрини билмаган
Очлик азобин тортар.
От қадрини билмаган
Ўзи арава тортар.

* * *

Яхши Оллоҳдан кўрар,
Ёмон ҳамроҳдан кўрар.

* * *

Юрти ёмоннинг бийи куяр,
Хотини ёмоннинг уйи куяр.

* * *

Ёмонга ишинг тушмасин,
Тузоққа қушинг тушмасин.

* * *

Бой бой билан қуда бўлса,
Ўртада йўрға қатнар.
Йўқ йўқ билан қуда бўлса,
Ўртада тўрва қатнар.
Бой йўқ билан қуда бўлса.
Ўзаро зўрға қатнар.

* * *

Ўғрилар топишганда,
Бир-бирини ялайди.
Айрилганда қопағон —
Кўппак каби талайди.

* * *

Тошганлар — тўкилади,
Қазиган — йиқилади.

* * *

Сигир бузоғин эмизар,
Бузоғи таёқ егизар.

* * *

Ёлғон сўз балойи жон,
Ўткир пичоқ тўкар қон.

* * *

Олтиннинг тоти бўлмас,
Яхшининг ёти бўлмас.

* * *

Қаноат қоринни тўйдирар,
Қаноатсиз отин сўйдирар.

* * *

Олов ёқсанг — пишарсан,
Чоҳ қазисанг — тушарсан.

* * *

Гўшт есанг, тишингга кирар,
Емасанг, тушингга кирар.

* * *

Маъраган ҳар такани,
Қиш тушганда кўрарсан.
Кеккайган ҳар йигитни
Иш тушганда кўрарсан.

* * *

Уйнинг иссиқ-совуғи
Қиш тушганда билинар.
Кимнинг қандай экани
Иш тушганда билинар.

* * *

Этнинг бари қази бўлмайди,
Итнинг бари този бўлмайди.

* * *

От югурса, айиради,
Тил югурса қайиради.

* * *

Ақллига айтсанг билади,
Ақлсизга айтсанг кулади.

* * *

Билимли аёл бошингга қарар,
Билимсиз аёл ёшингга қарар.

* * *

Тентакнинг оёғи саккизта,
Семизнинг таёғи саккизта.

* * *

Зулматда қалтирайсан,
Ёруғда ялтирайсан.

* * *

Сигири бор уйда сут-айрон,
Сигири йўқ уй вайрон!

* * *

Хон — эли билан,
Аёл — эри билан.

* * *

Чини билан бер пичоқ берсанг,
Қини билан бер гар чин берсанг.

* * *

Тентак «Соғман!» дейди,
Янтоқ «Боғман!» дейди.

* * *

Серғайрат кишининг
Унуми бор ишининг.

* * *

Эрга берсанг ошингни,
Эр силагай бошингни.
Итга берсанг ошингни,
Ит кемирар бошингни.

* * *

Уммон дури остида,
Фақат кўпик устида.

* * *

Ота ўлиб, бола қолса,
муродига етгани.
Бола ўлиб ота қолса,
армон билан кетгани.

* * *

Яхши меҳмон келса,
қўйинг эгиз туғади.
Ёмон меҳмон келса.
қўйинг қашқир бўғади

* * *

Оқсоқнинг йўлига тушма,
Сўқирнинг қўлига тушма.

* * *

Қозон тошар,
Нодон шошар.

* * *

Қўйнинг нияти омонлик,
Бўри нияти ёмонлик.

* * *

Азалдан бой ошиб борар,
Ҳар янги бой шошиб борар.

* * *

Белига айил ботганин
Эгаси эмас, от билар.
Эр йигитнинг қадрини
Дўст-ёр эмас, ёт билар.

* * *

Тоғига мос тулки,
Замонга мос кулги.

* * *

Яхшилик терак устида,
Ёмонлик оёқ остида.

* * *

Оёғи ёмон кўлни булғайди,
Оғзи ёмон элни булғайди.

* * *

Мард берганин айтмайди,
Айтганидан қайтмайди.

* * *

Бор бўлсанг тошма,
Йўқ бўлсанг шошма.

* * *

Яхшилик қилсанг — ўзингга,
Ёмонлик қилсанг — ўзингга.
Осмонга қараб ўқ отсанг,
Қайтиб тегар кўзингга.

* * *

Донингни ўрадан сот,
Қўйингни қўрадан сот.

* * *

Катта йўллайди,
Кичик қўллайди.

* * *

Жаҳл — ақл офати,
Нафс — имон талофати.

* * *

Баджаҳлда савлат йўқ,
Бесабрда давлат йўқ.

* * *

Дўсти кўпнинг ёви йўқ,
Иши кўпнинг дови йўқ.

* * *

Нодон-ношуд жовдирайди,
Сўз тополмай довдирайди.

* * *

Шошганда билинар банда,
От билинар югурганда.

* * *

Жаҳл чиқса, ақл кетар,
Ақллида жаҳл нетар?!

* * *

Қайғу деган бир денгиз,
Дунёдан олиб кетар.
Таваккал деган қайиқ,
Дарёдан олиб ўтар.

* * *

Йигитга давлат битса,
Қарғаси ҳам ғоз тутар.
Йигитдан давлат кетса,
Лочини ҳам оз тутар.

* * *

Ёмонни яхши десанг,
Ёмонлиги қолади.
Яхшини ёмон десанг,
Хушфеъли йўқолади.

* * *

Навкар бекнинг қошида,
Деҳқон ернинг бошида.

* * *

Пиёдага эшак — от,
Очга толқон — қанд-новвот.

* * *

Гилам тўрнинг безаги,
Қилич эрнинг безаги.

* * *

Яхшини сийласанг,
хотирасида қолар.
Нодонни сийласанг.
уйингга ётиб олар.

* * *

Ош-нон қадрин билмаган
Бурда нонга зор бўлар.
Улов қадрин билмаган
Яёв юриб, хор бўлар.

Қозоқчадан Абдулҳамид Пардаев, Аҳмад Файзий таржималари