Муратхан Шокан (1974)

Муратхан Шокан (Мұратхан Шоқан) 1974 йили Тарбағатай вилоя­тининг Тўла тумани Ақбелли қишлоғида туғилган. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир, файласуф. Олма-отадаги Ёшлар сиёсатини ривожлантириш фондининг “Адабиёт олами” маркази раҳбари. “Йигирманинг ёлқини”, “Баҳор учун мени сев”, “Юракка юкиниб”, “Покиза оқшомлар”, “Оқшом лирикаси” номли шеърий тўпламлари чоп этилган. “Яратилишнома” фалсафий асари муаллифи.

БОҒ КЕЗАМАН

Боғ кезаман ҳоритганда эски мунг,
Қалай ўтаётир, дўстим, беш кунинг?
Боғ кезаман, болаликни хотирлаб,
Чирилдоқлар ҳуштак чалар кечқурун.

Ёлғиз ўзим айланаман – сўққабош,
Кунлар қайда бизлар бирга яйраган?!
Бир-бирини чорлаяпти қайгадир,
Чирилдоқлар сайрагани сайраган!

Тўхтатиб тур, қурбинг етса фурсатни,
Ҳаёт ўтар, ўтар фироқ, фараҳлар.
Боғ кезаман, туюлади ғаройиб,
Қушлар мени чорлагандай чах-чахлаб.

Ўжарларни ҳаёт мангу ўр этгай,
Икки қирғоқдамиз, қолдинг сарғариб.
Гўё олис тўқайда ўсаётган
Ёлғиз терак каби сўққабош, ғариб.

Беҳол қилди севги, алам, қайғу-ғам,
Мендан ўзга ҳолингни ким тушунар?
Соғинаман, соғинаман, бир куни
Мени сенга олиб боради қушлар.

Боғ кезаман ҳоритганда эски мунг,
Қалай ўтаётир, дўстим, беш кунинг?
Боғ кезаман, болаликни хотирлаб,
Чирилдоқлар ҳуштак чалар кечқурун.

КУЗ ЁМҒИРИ

Куз ёмғири эзиб ёғар тун бўйи,
Ғамгин боққа ким ҳам қўяди кўнгил?
Атрофдаги майдалардан чарчадим,
Муҳаббатга қарайдилар еп-енгил.

Хазонрезги…япроқ узилар – ўлар,
Афсус-афсус нафас олмай узилар.
Узуқ-юлуқ йўллар ётар дашт узра,
Кўҳна афсоналар айтади улар.

Ҳар ён ғийбат – муҳаббатнинг гўриндай,
Гўр қазишга чевармиз биз эринмай.
Кўкда турар булут ичра тўлин ой –
Совуққотган қизнинг рангпар лабиндай.

Ёмғир ёғар…стилар сабру тоқат,
Кўчаларнинг кўзларида сўнди нур.
Ёздагидай олисларга интилиб,
Капалаклар учмоқ истар барибир.

Куз ёмғири эзиб ёғар тун бўйи,
Боғнинг оҳин тинглар энди қай кўнгил?
Атрофдаги майдаларга қарайман,
Муҳаббатга қарайдилар еп-енгил.

ҚАЙҒУРМОҚ-ЧУН КЕЛМАГАНСАН

Умидларинг йўлга солса ёприлиб,
Олға эмас, чекина бил бир қадам.
Армон баъзан ўзи излаб топади,
Соғинганда кириб келар ўзи ғам.

Умид баъзан бузиб ўтар деворни,
Сен илинжнинг ўзанидан ўтма кўп.
Тақдирлар бор оёқости, эзилган,
Зое бўлган оқ умиддан заха еб.

Ҳою ҳавас орзуларга алданма,
Ўкинарсан ўринланмай қолганда.
Бу ҳаётга қайғу учун келмадинг,
Кулиб қарай билмоқ керак ёлғонга.

Умр – ғанимат, яшаб бўлмас шунчаки,
Бизлар нега интиламиз қийнаб жон?
Дард чекмоққа келмаганмиз дунёга?!
Кулиб қара, ёлғончи-ку бу жаҳон!

Умидларинг қўлдан тутса ёприлиб,
Олға босмай, чекина бил бир қадам.
Умид сени ўзи излаб топади,
Соғинганда кириб келар шодлик ҳам.

СЕН КЕТДИНГ-У…

Сен кетдинг-у, бемажолман неча кун…
Кунларимнинг бари соғинч, бари мунг.
Келаяпман, мени ўзинг қарши ол,
Ҳув бошидан манов нурсиз кўчанинг.

Симёғочдан нур таралар салгина,
Ой осмонга интилар беҳолгина.
Капалаклар чир-р айланар чироқда,
Туни бўйи хиром айлагай яна…

Олдинда бир дийдор турар – бахтга тенг,
Туни билан соғинаман, сен йўқ, сен…
Олатовнинг чўққисига чиқволиб,
Сенга қараб учайинми энди мен?!

Соғинчларим ҳолим олди пирпираб,
Сенсиз кунлар ўтиб борар тирқираб.
Ҳатто уйқум чиқиб қочиб кўрпамдан,
Ошиб кетди деразамдан бир сакраб.

Сен кетдинг-у, бемажолман неча кун…
Кунларимнинг бари соғинч, бари мунг.
Келаяпман, мени ўзинг қарши ол,
Ҳув бошидан, манов маҳзун кўчанинг.

КУЗ ВА МЕН

Оддиймизда, меҳр дилин безаган,
Ҳаёт ичра ўз бахтини излаган.
Куз шивирлаб, сабоқ берар ҳаётдан
Жилмаяман парво қилмай кузга мен.

У айтади олдда ҳали қиш бор деб,
Шаққиллаган сариқ аёз – туш бор деб.
Мен айтаман: унут бўлар барчаси
Кенг даламда сайраганда қушлар, деб.

Хўмраяди тоғлар, ваҳма босганма?
Бироз ишлар ўтди бизнинг бошдан-да.
Қора ерга топширади вужудин,
ол япроқлар жонинг бериб осмонга.

Оддиймизда, меҳр дилин безаган,
Ҳаёт ичра ўз бахтини излаган.
Куз шивирлаб, сабоқ берар ҳаётдан
Жилмаяман парво қилмай кузга мен.

КУЛИБ ТУРИБ…

Кулиб туриб нега ранжиб қоласан?
Кўрсатма кўп кўзларингнинг жоласин!
Шусиз ҳам мен зўрға кўтараяпман
Бу асрнинг ташвиши-ю ноласин…

Кетмоқчисан яна мендан ўпкалаб,
Юрибсан-да, ғамга кўнглимни белаб.
Кетаман деб қўрқитасан гоҳ мени,
Ёлвораман, аразлайсан, буриб лаб!

Ўзинг айтгил, ярашами сенга ғам?
Мен ким ўзи, бегонами севгим ҳам?
Чертгим келмас бошқаларнинг дарчасин,
Туйғуларим мазах қилма, эй, санам.

Мағрур тутиб турганим йўқ ўзимни,
Ёнингдаман, гулим, ҳаргиз ранжима.
Бахтли кунлар бизни чорлаб турибди,
Катта йўлда кўксимга тиғ санчима.

Кулиб туриб нега ранжиб қоласан?
Кўрсатма кўп кўзларингнинг жоласин!
Шусиз ҳам мен зўрға кўтараяпман
Бу асрнинг ташвиши-ю ноласин…

МАҲЗУН БУЛБУЛ

Ой уйғонди уйқусидан тун ярим,
Нур қоплади Олатовнинг минбарин.
Боғ ичинда сайрайди бир маҳзун қуш,
Тушунмадим унда қандай мунг борин.

Тунги ҳаво дириллайди ун тиниқ,
Сезимларим кетди шу он интилиб.
Бу атрофда мендан бошқа ким уйғоқ,
Булбул оҳин тинглар экан ким тиниб?:

Шукронам шу– уй ортида боғ бори,
Боғда ўтар менинг баъзи чоғларим.
Ёзда тинглаб япроқларнинг дуосин,
Қишда сирдош қиламан тоғ оқ қорин.

Кўрсатдими тақдир унга зулм-талош,
Бугун менга топилди бир қайғудош.
Митти бир қуш нола чекар уйқусиз,
Уфқ юзига сачратиб юлдуз– кўзёш.

Ғамга ботиб бораётир атрофим,
Йўл юраман яна неча чақирим?
Судраганча тўзган эски ковушим,
Ҳаёт ўтиб бораётир, ана, жим…

Ой уйғонди уйқусидан тун ярим,
Нур қоплади Олатовнинг минбарин.
Боғ ичинда маҳзун булбул сайрайди,
Тушунмадим унда қандай мунг борин.

Қозоқ тилидан Музаффар Аҳмад таржима қилган.

ҚАРОҒИМДА ҚАЛҚИБ-ҚАЛҚИБ КЎЛ ТУРДИ

Сўзларимдан маъно кетди, ёзмадим,
Барин айтдим – кўчди кўнглим оҳори.
Тақдиримнинг кўрмагандай ёзларин,
Тақдиримнинг кўрмагандай баҳорин.

Гулбоғларнинг англамадим гулини,
Япроқларнинг тушунмадим тилини.
Гоҳо бошдан, гоҳи айтдим пойидан,
Юрак-бағрим минг парчага бўлиниб.

Шамолларнинг қўлларидан тутмадим,
Ғамгин қолдим, ғуссаларга беланиб.
Булут кўрдим кўк тоқида бир парча
Мўл ёмғирлар сўрадим мен эланиб.

Ёғолмади, тишлаб қолдим тилимни,
Илон каби ташлаб кетди уч бўлиб.
Мен ноумид қайтдим сўнгра қошингдан
Уйғонгандек ғира-шира туш кўриб.

Қароғимда қалқиб-қалқиб кўл турди,
Боғларимни яна завққа тўлдиргин.
Айтмайдиган сўзнинг барин айтдим-ку,
Айтадиган сўзнинг барин ўлдирдим…

АРБАТ*ДА

Бировнинг жим тургани, гапиргани,
Гоҳи нотинч юрагимни парчалайди.
Бир томонда қувонч кўнглимни сийласа,
Бир тарафда ҳижрон кўксимни ялайди.

Менга нима керак, тағин англолмайман,
Билолмайман кимга кўнгил ёришимни?
Дил ёзади кимдир гитарани чертиб,
Кимдир кўзда ёши билан тинглайди тик.

Ҳаёт ўзи тотли, гарчи гўзал эмас,
Арбатдаги музқаймоқнинг суратидек.
Кимдир тошу санамларга қилар тоат,
Кўксимдаги қушим кўкка ўрла фақат.

Кўз ташлайман ён-атрофга мен шунчаки,
Юрагимга таскин берар истироҳат.
Бировнинг жим тургани, гап отгани,
Гоҳи нотинч юрагимни парчалайди.

Бир томонда қувонч кўнглимни сийласа,
Бир тарафда ҳижрон кўксимни ялайди.
Менга нима керак, тағин англолмайман,
Билолмайман кимга кўнгил ёришимни?
____________
*Арбат – Олма-ота шаҳридаги кўчанинг номи.

Қозоқ тилидан Фахриддин Ҳайит таржимаси