Марфуға Айтхўжа (1936)

Марфуға Айтхўжа (Марфуға Ғалиқызы Айтхожа) Ғарбий Хитойнинг Шинжон ўлкасидаги Ғулжа шаҳрида дунёга келган. Қозоқ тилида ўрта мактабни, қизлар гимназиясини битириб, сўнг икки йил мобайнида шу гимназияда муаллимлик қилган. 1958 йил ота юрти – Қозоғистонга қайтиб келиб, “Қозоқ адабиёти”, “Қозоғистон муаллими” газеталарида хизмат қилган. 1962 йилда илк шеърий тўплами – “Болқуроқ” нашр этилган. Шу йилларда Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.
Унинг “Қоядаги ёзув” (1968), “Оққувим менинг” (1971), “Қоракўз ойим” (1973), “Кўзимнинг қораси” (1975), “Оқ бешигим” (1980), “Парда” (1981), “Қирон етган” (1985) сингари шеърий китоблари ўқувчилар эътиборини қозонган.
Марфуға Айтхўжа – XX аср қозоқ шеъриятига оловли сатрлари ила ҳисса қўша олган шоира саналади. Унинг халқона оҳанглардаги, миллий туйғуларга бой шеърлари аёллар орасида жуда машҳур.
У Абай номидаги Қозоғистон Давлат мукофоти совриндори.

* * *

Ёт қалъалар қалб очмасин қанча санга,
Етмагай ҳеч туққан еринг, тош қўрангга.
Олис кетиб қолганингда соғинч ўти,
Ўртамасми юрагингни ҳар бир дамда?
Умр йўлинг ўз кулбангдан бошланмасми,
Уни қўмсаб кўзинг энди ёшланмасми!
Ахир, шунда эшитгансан илк марта сен,
Дунёдаги “алла” деган ширин сасни.
Қанча кезма ўзга ерлар гулбоғини,
Қўмсагайсан туққан еринг тупроғини.

ОВУЛГА БОРГАНДА

Ҳамон бунда сойлар тиниқ, тинч оқар,
Чўққилардан тонг мўралаб зар сочар.
Жамланмишдир овул бўлиб бу жойда
Бир-бирига ҳазилкаш, шўх овсинлар.

Ҳаммаси ҳам куюнчагу нози чин,
Ор-номусли, юрагида йўқдир кин.
Парвонадир янгам ўчоқбошида
Барра гўштга қўша солиб қазисин.

Ўртададир ҳамон ҳазил, сўз, ўйин,
Кузатаман одамларнинг ранг-рўйин.
Қора саба* остонада лим-лимдир,
Оширар у оддий кулба обрўйин.

Барин қалбга жуда яқин оласан,
Юрагингга ширин ўйлар соласан.
Кечаги бир жимитгина қизчанинг
Бўй етганин сезмайин ҳам қоласан.

Чўғ ахтариб энди қайтмас дамлардан,
Беихтиёр кўзларингни намларсан.
Кўриб сендан кейин ўсган ёшларни,
Ўзингнинг ҳам улғайганинг англарсан.
_____________
* Саба —қимиз солиш учун от терисидан қилинган улкан меш.

УМР СЎҚМОҒИ

Умр деган эмасдир отлиқ киши,
Тўлиб ётар ҳар қайда ғам-ташвиши.
Жилмайса гоҳ хуш кўклам қиздек майин,
Аччиқ қаҳрин сочар гоҳ қаттиқ қиши.

Гоҳи жонга тирноғин ботиради.
Гоҳ олдингда аллалаб ўтиради.
Ҳар мақоми оқартиб бошда сочим,
Синовларга отмоқни хуш кўради.

Борар умрим сўқмоғи баланд-пастдан,
Ғудранади ғанимлар алам-қасддан.
Йиқилганга йўярлар сал суринсам,
Менинг асли кимлигим англамасдан.

* * *

Қизил гулдек товланарман қошингда,
Қўшиқ бўлиб қоларман мен эсингда.
Сени севган қалбимга доғ туширсам,
Туққан элим, кечирма!

Армоним не, бир корингга ярасам,
Армоним не, менга кулиб қарасанг.
Армоним не, тўлқин урган сочимни
Кўкламингнинг еллари-ла тарасанг.

Сен буюргин, жабҳаларга мен борай,
Уммонлардан дуру гавҳар ахтарай.
Билмаганим бу умрда кўп ҳали.
Не сабабдан кибрланай, мақтанай!

Қизил гулдек товланарман қошингда,
Қўшиқ бўлиб қоларман мен эсингда.
Сени севган қалбимга доғ туширсам,
Туққан элим, кечирма!

Мирпўлат Мирзо таржималари