Исроил Сапарбой (1941)

Исроил Сапарбой (Исраил Сапарбай) Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида туғилган. Чимкент Педагогика институтини битирган. Чимкент вилоят ёзувчилар бўлимида адабий маслаҳатчи, Жалин нашриётида катта муҳаррир, “Қозоқ адабиёти” газетасининг шеърият бўлими мудири, 1998 — 1999 йилларда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида матбуот атташеси вазифаларида ишлади.
Унинг “Оққуш армони” (1976), “Ёруғ умр” (1978), “Юрагимга уя қурган қалдирғоч” (1986), “Бармоқдайгина бахт” (1999), “Амир Темур” (драматик достон, 1998) каби китоблари эълон қилинган.
“Тарлон” мукофотининг соҳиби.

ҚАТЪИЙ СЎЗЛИ ҚАЙСАРЛАРИМ

(“Желтўқсон сурури”)

Қулундай эрка бўлиб ўсдингизлар,
Ҳар ғамни кўкрак билан тўсдингизлар.
Энсаси ҳақсизликдан энкаймаган,
Мардсизлар, бугун қўрқмас ботир — сизлар!

Ҳайиқиб қайтмадингиз ортингизга,
Эрк учун жондан азоб тортдингиз, ҳа.
Ичимда изтиробим бисёр эди,
Қорилдим мен ҳам сизнинг қайғунгизга!

Мен учун туғишгандан азиз бари,
Ўзини отди қўрқмай олов сари.
Қув дунё қуюнида қолди-ку, оҳ,
Қийилиб қирчинидан орзулари!

Ўрфеъл, ўжарларим, ўткирларим,
Ўксук-ла ўтди, аттанг, кўп кунларинг.
Доғ қолди бўсағамда ўчмайдиган,
Топталди тош майдонда чўғ гулларим…

Қони бир, ҳасрати бир туққанларим,
Айланди азаларга хурсанд даминг.
Ёдимдан ётсам-турсам кетмас сира
Гуноҳсиз оқ бетингни ювган қонинг…

Жони бир, яроғи бир қурдошларим,
Тегмади қора ерга ёнбошларинг.
Чидангиз душманликнинг фирибига,
Зафар они тўкилсин кўз ёшларинг!

Эрк учун бошин тиккан бовурларим,
Енгиллат бу замоннинг оғирларин.
Афсуски, юрт қайғуси, миллат ғамин
Туймайин, мудрар мудом овулларинг…

Адолатни тан олмай замонамиз,
Барчамиз — юраклари ғамхонамиз.
Яратгандан марҳамат бўларми деб,
Кўзларни мўлтиратиб, жим ёнамиз.

Топмассан жўмард зотни бундай онлар,
Кибрдадир “худосин унутганлар”.
Хоксорларнинг кўзида ёшлар милт-милт,
Кунботарнинг уфқидай титрар тонглар…

Қора қисмат дастидан зор айладик,
Юракларга ҳасрату ғам жойладик.
Ғира-шира мақсадга дилни бериб,
Белгисиз бир сафарга бел бойладик.

Кимки тўқдир — ўзини олдирмайди,
Қашшоқ одам ҳар дамда довдирайди.
Кўганидан бўшалган улоқдайин
Бани инсон аланглаб жавдирайди.

Сўндими кун нурларин шомга қориб,
Кўринар ё олисдан тонг оқариб?
Адашганнинг ҳолига бир қарагин,
Тегмасми бошларимиз тошга бориб?

Олдинда ҳали толе, орзу гўё,
Ушбу кунда арзандадир шуъла, зиё.
Не тонгки, оч қашқирдай бўзласам гар,
Қовурғам қайиштирди бу тор дунё!

* * *

Кўклам кечиб, кўнгилга куз энади,
Куз рангидан юрагим муз эмади.
Гуноҳ, нола, туҳматдан зада бўлган
Манов замон қай куни тузалади?

Мен меҳнатга ишқимни канда қилмам,
Лекин замон раъйи не — аён билмам.
Ялтираган ёши бор япроғида —
Аёзларда титраган мен бир гулман.

Хўрлар ҳаргиз изғирин гулнинг шаънин,
Қайда бугун оллиги гул-ғунчанинг?
Кўкайимда — кўз ёши есирларнинг,
Ўзагимда — ўксиги етимчанинг.

Мени бахтмас, қайғулар чирмаб олган,
Томиримда орзулар тўнгиб қолган.
Қароқчидай қошимдан кетмай нари,
Ўз кўланкам — дилимга қутқу солган.

Ҳар ким қилар дунёни ҳар хил талқин…
Ўз-ўзим-ла хўшлашар кун ҳам яқин.
Қандай мудраб, қандайин ором олар
Эрта кунни олдиндан билса оқин?!

Ҳар ким толе тақдирин ҳар хил йўйган,
Мен диёнат ҳақида толдим ўйга.
Ўралиб Момо Ҳаво этагига,
Замоннинг “дийдиё”син солдим куйга.

Гарчи теграм хазонрез, аёз елар,
Кўклам йитмас, у яна қайтиб келар.
Ўзагимни тилкатар ўлан бор-ку,
Мен кўнглимни юпатай ўзга не-ла?..

ЙЎЛ ОЛДИ ДУОСИ

Худо йўлинг ўнгласин,
Хизир бўлсин йўлдошинг.
Арвоҳлар ҳам қўлласин,
Қирқ чилтон қўрғасин.

Чорлаганда чор тараф,
Дилингга ол ўт қалаб,
Юрсин доим фаришта
Қаноти-ла қалқалаб.

Яратгандан сўрайин:
Ёруғ бўлсин Кун, Ойинг.
Илашмасин жонингга
Иблису жин, илойим.

Олис йўллар босар он
Кўлигинг бўлсин омон,
Ишончингни йўқотиб,
Ранг-рўйинг қилма сомон.

Ризқинг бутун бўлсин, айт,
Тортилмасин ҳеч бир пайт.
Кўришайлик тинчликда
Ой боргину омон қайт.
Омин!!!

Мирпўлат Мирзо таржималари

АМИР ТЕМИР
/тарихий драма/

Иштирок этувчилар:

Амир Темир
Хўжа Аҳмад Яссавий – Амир Темирнинг маънавий пири
Имом Барака – Амир Темирнинг маънавий устози
Илёсхўжа – Самарқанд ҳукмдори
Ҳусайн – амир
Жаҳонгир – амирзода
Бархан – баҳодир
Арғуншоҳ – сарой сардори
Жавҳархон – Арғуншоҳнинг қайлиғи
Валиддин ибн Халдун – Бағдод шоири
Қайсар (Боязид) – Турк султони
Сарой Мулк хоним,
Ингкорбегим – Амир Темирнинг хотинлари
Чўлпон Мулк
Амирлар, навкарлар, сарой хизматкорлари…

БИРИНЧИ БЎЛИМ

Биринчи кўриниш

Тоғ дараси (Амир Темир дарвозаси). Чодир ичида Амир Темир дарғазаб. Ёнида Бурхон билан бошқа шериклари.

Бархан

Кимдан безиб, тоғ паналаб, жар босдинг?
Қайси ёвнинг ёқасига тармашдинг?
Киймаймизми кафанин биз ҳам эрта,
Кеча уррос қочган Ҳожи Барлоснинг?
Хондан қўрқиб, бошим омон сақлай деб,
Қочиб кетди қуён юрак алвастинг!

Амир Темир

Кўнглимдагин
Аччиқ айтдинг, рост айтдинг.
Бу сафарми?
Етар энди, бу сафар
Наҳот яна алданганча қоламан?
Келаётир девлар билан олишгим,
Айдаҳорни алдаб йўлга соламан!!!

Бархан

(Сўзини бўлиб)
Ёта-ёта ёнбошингга ўнгирда
Ерлар ботди, яна қанча қоларсан?
Сонсиз эмас, сарбозинг ҳам саноқли,
Қаторингга тағин кимни оларсан?

Амир Темир

(Қучоқлаб олиб)
Қиёматлик дўстим, Бархан, аввало
Ишонаман сенга жону танимдан.
Ҳар қайсиси бир туманга татиган
Дўстлар билан чўчийман қай ғанимдан?

Бархан

Сир айтганинг маъқулдир
Бундай очиқ ва кулиб…
Хон уруғи – Туғулиқ,
Юрмассан майиб бўлиб.
Сен у билан тўқнашиб,
Ўнг ёғингдан ўқ учиб,
Сўл ёғингдан ел туриб…

Амир Темир

(Барханни орқага итариб ташлаб):
Сен туркдирсан, мен ҳам туркман. Нега сен
Бидирлайсан аччиғимни келтириб?
Сўнг юришим керакмиди шу тарзда
Жигаримни ерга уриб,
Номусимни ўлдириб?

Бархан

(Қони қочиб, ранги оқариб)
Ундай бўлса, гапир, хўп,
Ким боғлабди қўлингни,
Ким тўсибди йўлингни?

Амир Темир

(Шартта бурилиб, кўзини осмонга тикиб)
Ажратолмай жонкуярни, яқинни,
Аро йўлда қолди мендай фақиринг,
Кечир, менга керак бўлди маслаҳат
Сен дейсан, Парвардигор, ё, пирим?

Хўжа Аҳмад Яссавий

(Ўзи кўринмай, овози эшитилади)
Ҳазрат Алининг
Мана бу сўзларин эсингга олгин:
«Агар осмон садоқ бўлса эгилган,
Тақдир ўқдир кўкдан ерга тўкилган.
Хос мерганнинг ўзи бўлса Яратган,
Жон қутулмас жойга ўқини отган…»
Бу мисолнинг таъбири шу, тамсил – шу:
Қарши борма қаттол ёвга, қоч, ёҳу…

Иккинчи кўриниш

Кеш (Шаҳрисабз) шаҳри. Кичик кенгаш.

Амир Темир

Бу Туғлуқхон ваъдасида турмади,
Кундан-кунга ортиб борар жумбоғи.
Ҳузурида минг эгилиб энди биз
Ўламизми уни деб?
Ана, мени алдаб қўйиб Кеш билан –
Анов боласи –
Самарқандни ўзбошимча бошқарар.
Қўлдан келса, қайсарланиш, баҳслашув,
Омад келса, от қуйруғин кесмак – эм!..

Ҳусайн

Сўнгги дамда ким йўлади қошингга,
Фарзанд тилаб олмайсанми бошингга?

Амир Темир

Шамшир ушлаб, онт ичган
Сендай дўстга ишондим!
Ҳаккадай ҳадис олган,
Бургут мисол чанг солган
Ёнимдан юрган, сенга
Ишонаман, Шоҳ Малик!
Тайсалламас қаҳрдан,
Ишонаман, Сулаймон!
Бир умр дўст бўлишга
Белинг маҳкам боғлиқдир,
Ишонаман, Буриндиқ!
(Атрофидагиларни бир-бир кўздан кечириб)
Ишонаман жалойирга, барлосга,
Бошчи бўлган йигитларга – ҳар касга!
Туғлуқхоннинг эсин еган боласин
Иншооллоҳ, Самарқанддан ҳайдаймиз!..
(Ўша кезда Бархан бошчилигидаги айғоқчилар саройга киради)

Бархан

Самарқанднинг сирларин
Била келдик, ҳукмдор.
Бор хабарни назарга
Ила келдик, ҳукмдор:
Қўриқчиси маст экан,
Қамали осон экан,
Қўрғон деган паст экан…

Амир Темир

Сизлар бораверинглар!
(Қўриқчилар чиқиб кетади)
Излаганки топади.
(Таҳдид қилиб)
Буни ҳеч ким билмаслиги шарт эрур!
Сонсиз сарой дарвозаси очилар,
Самарқандни олар бўлсак соғ-омон.

Ҳусайн

Хон саройи – ўрдадир
Уни қўлга олгани,
Ўйин қилиб, от қўйиб,
Ўкинмасак бўлгани…

Амир Темир

(Шубҳаланиб)
Нимадир деб эдингми?
Мени бундай ўйиндан
Ангда қолди дедингми?

Ҳусайн

Балоларга қоласан
Ухлаган девни туртсанг,
Қумурсқалар тўдаси
Еб қўяр, қараб турсанг.
Сенга ўзи етмасми
Бир Кешни сўраб юрсанг?..

Амир Темир

Анқовсима, қайноға,
Шу ҳам сенга хосмиди:
Оғзингдан чиққан шу сўз
Макрмидими, ростмиди?

Ҳусайн

Қизишсанг-да енг тириб,
Бўлтирик – хон боласи.
Ойга қараб чопай деб
Оқсоқланиб қоласан!..

Амир Темир

(Ғазаб отига миниб)
Ҳмм… оқсаб, оқсоқланиб!!!
Ётаверайми уйда
Носусимни ўлдириб?
Нима деб валдирайсан
Аччиғимни келтириб?!..
(Бошқалар томон бурилиб)
Нима дейсан қолганинг?

Шоҳ Малик

Бир кўрайлик Аллоҳнинг
Бошимизга солганин.

Шайх Сулаймон

Қабул бўлсин тилагинг,
Қолмасин ҳеч армонинг.

Буриндиқ

“Омадинг ёринг бўлсин”,
Сен кечикиб қолмагин,
Дардсиз кесак, қовоқбош
Тишлаб қолсин бармоғин!

Амир Темир

(Бургутга ўхшаб ҳамла қилмоқчидай)
Йўлга тайёрланинглар!!!

Ҳусайн

(Жаҳли чиқиб, ўзини бошқалардан четга олиб)
Балиқ қолиб, бақа тутиб юрмасин,
Эҳтиёт бўл, қармоғинг!..

Учинчи кўриниш

Тун чоғи. Самарқанд. Илёсхўжанинг ҳашаматли саройига кирган Амир Темир сарбозлари. Қонсираган соқчи, сондираган сарбоз. Амир Темир билан Бархан Илёсхўжанинг ётоқ бўлмасига довулдай кириб келади.

Илёсхўжа

(Тўшагида қўрқиб кетиб)
А…а…Оқ…соқ… Те…мир…ми?…
Ўнгимми бу, тушимми..
Саройда ким юрибди?
Қани қоровул,
Сарой соқчиси қайда?

Хоннинг хотини

(Ҳурраси учиб)
Бу – кимларнинг фитнаси?
Бу кимнинг душманлиги?

Амир Темир

(Илёсхўжага қаҳр билан тикилиб)
Сен туш эмас, ўнгингда
Кўриб турибсан мани
Ўша бўлар тилингнинг
Калимага келгани!
Саройга кирмоқ бизга
Ҳеч машаққат бўлмади!
(Барханга қарата)
Икковинг ҳам бўла қол,
Бўшатинглар бўлмани!

Бархан пичоғини қинидан суғириб олиб, эссиз-туссиз турган икковига ҳамла қилади. Амир Темир тахтга яқин бориб тўхтайди. Зум ўтмай Тархан ҳам етиб келади.

Амир Темир

(Ўзига-ўзи)
Ўз-ўзимдан оша олмай,
Олға қадам босолмай,
Тайсаллашим нетганим?
Хон тахтига ўтирмай
Ғазабимни асовдай
Қантарганим нетганим?
Хон тахтига ўтирмай
Не қилдим, ё пирим-ай?..
(Ялт этиб Барханга қарайди)

Бархан

(Ўзи билан ўзи гапириб)
Нега менга қаради?
Қонли кўзин қадади?
Аждарҳодай, чамаси.
Оғзи очилиб турар.
Бу югурик умрда
Бундайи бир бўлади!
Сен у ҳолда илдамроқ
Ҳазир бўлиб бахтингга,
Тахтингга қўн, тахтингга!!!
(Тахт сари интилади)

Амир Темир

Тўхта!
Қайга борасан?
Бир-бирига тахт билан
Бархан ярашармикан?
Одам деган аввало
Билмасми ўз ҳаддини?

Бархан

Э-э!
Тахтни талашасанми?
Бархандай хос ботирга
Нега ҳамла қиласан?
Хон билан хонимини
Тавбасига, мен эмас,
Таянтирди ким, иним?

Амир Темир

Рост айтасан, тана, бурун, оғиздан
Қизил қонин сув мисоли оқиздинг.
Икковининг жонин олиб, жаннатга –
Ўз вақтида равона қилдинг, албатта…

Бархан

Қўлим қонга бўянди,
Кўксимдаги кўп йиллик
Бўғиб ётган бир ғазабим уйғонди.
Энди унинг тинмаслиги аёндир.
Тангри отган ул дажжол
Келиб тушди ёнингга.
(қуролини ўқталади)

Амир Темир

Шунда… шунда…
Қайда қолди кечаги
Қасам ичган дўстлигинг?

Бархан

Дўст дейсанми?
Ҳеҳ-ҳеҳ-ҳеҳ!!!
Қанақа дўст?
Тахтдан ўзга бўлган эмас армоним,
Ҳақдан ўзга бўлган эмас дармоним!!!

Амир Темир

Шунақа де?
Дўст эмасман, қош ман де?
Қора ботмон тошман де?
Ҳаммасидан воз кечиб,
Тахтга қадам босдим де!..
______
Қош – ёвуз ниятли киши.

Бархан

Отга миниб чалқайишни,
Тахтга чиқиб талтайишни
Мен тугул ва сен тугул
Йўқсиллар ҳам ёқтирар!

Амир Темир

Қиличингни чиқар унда қинидан!

Бархан

Анов икковга ўхшаб
(Қўли билан кўрсатиб)
Сен ҳам энди жой олавер жаннатдан!

Иккаласи тахт айланиб, қиличлашади. Иккови ҳам бир-бирига яқинлаша олмайди. Амир Темир эпчиллик билан унинг қўлини қўлтиғидан чопиб ташлайди. «Воҳ» деган аччиқ товушдан икки сарбоз югуриб кириб келади. Бархан жон таслим қилиб, тахтга ёпишганча қулайди.

Амир Темир

(Тахтга ўтириб)
Иблис еди бошини,
Олиб кетинг лошини!
(Бўйини тик тутиб)
Кўриб чиқиб ҳар жойни,
Тозаланглар саройни!!!

Амир Темир тахтдан тушиб, уни бир айланиб ўтиб, нарироққа бориб туради.

Амир Темир

Нима бўлди бу ўзи?..
Тангри амр қилдими?
Хоннинг тахти учун қон
Тўкиш раво бўлдими?
Шуни орзу қилиб ёндими ичим?
Яна кимга ўқталарман қиличим?
Кўзи қонга тўлган қашқир мисоли
Келяптими ёв ҳар ёқдан от солиб?

Бархан, Илёсхўжа, Ҳусайн ва яна бошқалар ҳар томондан ўраб олади.

…Дўст тутқаним Ҳусайн ҳам пасткашми?
Сизлар учун аямайман ўзимни.
Қариндоши – худой қўшган жон ёрим.
Қуръон ушлаб,
Нон ушлаб
Дўст бўлдим деб айтса-да,
Кундош хотинга ўхшаб,
Кундан-кунга бораётир узоқлаб…
(Тахтга яқинлашиб)
Йў-ў-ў-ўқ!
Аждарҳонинг оғзидай
Бир ўй мени тортиб борар комига.
Боболардан,
Донолардан қолган сўз:
“Ким аяса ёвни – ўзи ярадор”.
(Тахтга яқинлашиб)
Унга менинг қўшарим:
Сен душманни енгмасанг,
Сени енгар душманинг!!!
(Тахтга қайта ўтириб)

Амир Темир

Соқчи!!!
(Соқчи шум ўтмай кириб келади.)
Ҳамма лашкарбошиларни чақир!

Саройга Шайх Сулаймон, Шоҳмалик, Буриндиқ, Шайх Нуриддин ва Кайхусрав йиғилади.

Амир Темир

Қулоқ тутинг сўзимга:
Бир нарсани ўйлаб ҳеч
Келолмайман ўзимга,
Хаёлим банд эрта-кеч.
Хуллас, гапнинг қисқаси:
Ҳусайн билан орани
Узсамми деб ўйладим.
Унинг қўрғон-қалъасин
Бузсамми деб ўйладим.
Бугун-эрта ўрдасин
Боссамми деб ўйладим.
Балх ўлкасин юртимга
Қўшсамми деб ўйладим.
Хоразмни олгач, сўнг
Тағин юриб Ҳинд сари
Ошсамми деб ўйладим.
Бунга ким нима дейди?

Шайх Сулаймон

Куну тун қуролини
Шайлаб юрар Ҳусайн.
Қалъа қуриб, қиличин
Қайраб юрар Ҳусайн.

Буриндиқ

Қув тулкидай олд-ортин
Ўйлаб юрар Ҳусайн.
Керак деб боғимизни
Пойлаб юрар, Ҳусайн.

Амир Темир

Эҳ, Ҳусайн, Ҳусайн…
Ҳусайннинг ортидан
Чироқ олиб тушайин!
Энди сўзим тингланглар:
Тарқаб кетган хонликнинг
Бошини қовуштириб,
Билак этмоқ ўйим бор.
Турон тоғин барига
Тиргак этмоқ ўйим бор.
Самарқанду Яссини
Юрак этмоқ ўйим бор!
Бир Аллоҳдан ўшани
Тилак этмоқ ўйим бор!..
«Яхши», «Қўллаймиз» деган товушлар эшитилади.
_______
Билак этмоқ (Білек етпек )– бошқармоқ маъносида.

Кайхусрав

Амирим!
Менга муҳлат берсангиз,
Бугун отга минайин!
Ҳусайндан ўчимни
Кеч бўлса ҳам олайин!
Қонин ерга қорайин,
Бузиб ташлай саройин!

Амир Темир

Ботирларинг олиб тез,
Балхга бориб бошин кес…
(Қирғийдай ваҳм солиб, Йўлбарсдайин куч олиб)
Шу билан сўзим тамом!!!

Тўртинчи кўриниш

Балх шаҳри. Ҳусайн саройи. Амирнинг юзи тунд. Амир Темир Самарқандни босиб олгани тўғрисидаги хабарни эшитиб, кайфияти тушиб, таъби тирриқ бўлган. Елпиғични елпиб турган икки гўзал қиздан бошқа бирор тирик жонни ёнига йўлатар ҳолда эмас.

Ҳусайн

Иши юриб чўлоқнинг
Ёрлақар Эгам – Тангри.
Мовароуннаҳрда у –
Ҳокимдир, ҳукми янграр.
Илож қанча ўйласа,
Ўйласаю сўйласа
Икки дунёдан бирдан.
(Ғижиниб)
Кимлигини билсин қароқчи олдин,
У оқсаган оёқ билан шу олтин
Тахтни олмоқ учун наҳот шайланар?
Хон тахтини ялангоёқ олди деб
Десанг кўнглим айниб, бошим айланар.
Босиб келса эртага у Балх томон,
мени қўярми омон?..
Соқчини чақирмоқчи бўлганда сарой ичи бир лаҳзада тўс-тўполон бўлиб кетади. Хабарчи урина-сурина ичкари киради.
Ам…и…ри…м!

Ҳусайн

Тилинг кесилсин сенинг!
Жағинг эзилсин сенинг!
Нима бўлди, айтсанг-чи?

Хабарчи

Амир Темир!.. Амир Темир!..
Ёв босди.
Қалъани ҳам, қўрғонни ҳам текислаб
Битта қилди ер билан!…

Ҳусайн

(Қути ўчиб)
Оқсоқ Амир Темир дейсанми???
Қиличлар жаранги, аёлларнинг чинқирган товушлари аралаш-қуралаш яқиндан эшитилади. Саройга Кайхусрав етиб келади.

Кайхусрав

Сен қўли қон, айниган,
Тахтдан тушма, майлига.
Сендан қасос оламан!
Оппоқ, шинам хонангни
Остин-устин қиламан!
Тақир бошинг думалаб,
Тошдай қочиб танангдан,
Тахтдан тушсин, илойим,
Темирга йўлин очиб!
(Ҳусайн томон талпинади.)

…Саройни қўлга киритган Амир Темир ваҳимага тушиб чувлашиб ётган ҳарам эшигини очади.

Амир Темир

Оқ қирғийга бургутча
Човут солган, ажабо.
Оқ қуённи олисдан
Илиб олган, ажабо.
Қиз билан айш қилишни
Билиб олган, ажабо.
Олд-ортига қарамай
Олам кўрки – ҳарамда
Юрган экан, ажабо!..
У қўрқиб қараётган бир қизнинг олдида тўхтайди.
Гўзал экан шуниси,
Эга бўлар сийлиққа.
(Навкарларига қарата)
Ҳусайннинг хотин – завжаларини,
Яна мана бу бокира қизни ҳам –
Самарқандга етказинглар барини,
Соғ-саломат, эсон-омон,
Эрк беринглар қолганларга ҳам шу он!..
Ҳарам тутқинлари шовқин-сурон кўтариб, ҳар томонга югуради.

Бешинчи кўриниш

Самарқанд шаҳри. Амир Темирнинг Кўксаройи. Холи хона. Хизматкор рухсат сўраб, ичкарига қизни олиб киради ва қайтиб чиқиб кетади.

Амир Темир

(Қизга қарата)
Сен-чи, қуён эмассан,
Мен ҳам қашқир эмасман.
Чўчима, кел, олдимга,
Мендан қўрқиб қолдингми?
Кел, келсанг-чи?..
(Ҳиссиётини жиловлаб)
Эркак дамин туймаган
Эпсизлигинг сезилди,
Яширмагин кўзингни.
Қани, гапир бир бошдан,
Эшитай-чи сўзингни.
Нафс бандаси Ҳусайн
Қайдан топди ўзингни?
(Қизнинг иягидан ўпиб, билагидан ушлайди.)
Билагингнинг иссиғи,
Кўзларингнинг учқуни
Томиримни ёради,
Таним балқиб боради.
Ўп, қийнама жонимни…
(Уни ёнига чорлайди)
Қиздир-чи бир қонимни,
Киргиз-чи бир жонимни.
Кўрсатиб сийм баданинг,
Ёндир жону танимни!
(Қизнинг кўкрагини оча бошлаганда у ҳўнграб йиғлаб юборади.)

Амир Темир

(Ҳайрон бўлиб сўз қотади)
Қўзларингдан ёшингни
Оқиздимми билмасдан?
Нега йиғлаб юбординг
Ноз-карашма қилмасдан?
(Сочига, қошига қизиқсиниб қараб)
Узун, қайқи кипригингда ёш қотди…
Бир соғинчим юзлар бўлди, минг ортди.

Қиз

(Ўксигини боса олмай)
Сиз амирсиз,
Кўкдан тушган тангрисиз,
Биз бандамиз – қадрсиз…

Амир Темир

Тангри эмас, бор бўлдиғим амирман,
Замонанинг қўлидаги қуролман.
Қинга қайтиб жойланган бир қиличдай,
Эрта бир кун ажал келса, туролмам…
Айт, тўхтама, сўйла, бос
Бу ер қамоқ эмасдир,
Зиндон эмас, хона – хос.

Қиз

Тўти эдим қафасда
Озод қушга айландим.
Қўрғон излаб, жой излаб
Қўлингизга бойландим.
Амрингизга бўйсуниб,
Дамингизга юзма-юз –
Кела олмай турибман.
Эртам борми, билмайин
Шўргинам ҳам қурибман.

Амир Темир

Борган сари жумбоғинг
Кўпайиб бораётир.
Шу жумбоқни даставвал
Тинглагим келаётир.
Айт!

Қиз

(Енгил хўрсиниб)
Қўрқув билан ваҳимам
Энди бир оз босилди.
Ўз юртимда бир бўз йигит бор эди,
Кўнглимга йўл топган эди бахтиёр.
Мен сиз Балхни олган куни ҳарамга
Тутқин бўлиб келгандим беихтиёр.
Арслоним – Арғуним
Сезмасдан қолди у қисмат ўйинин.
Жумбоғим шул эрур. Қурсин бу куним.
(Сал хўрсиниб)
Онасидан эрта қолган улоқдай
Қўлингизда энди менинг тақдирим…

Амир Темир

(Нима дейишини билмай овозини кўтариб)
Бўлди, етар, қолганини айтмагин,
Ёринг келар, насиб қилса қайтмаги.
Иншооллоҳ, бугун айтган сўзингнинг
Салмоғини кўтаради шу йигит!!!
Рост айтганинг – мендан озод бўлганинг.
Ёлғон айтсанг –
Унда… унда ўлганинг!
(Бир оз тўхтаб)
Ёшингни тий, қўрқма сира, бемалол
Тонг отганча сен шу ерда қола қол…

Олтинчи кўриниш

Кўксарой. Амир Темир тахтда ўтирибди. Атрофида лашкарбошилари, Имом Барака бошчилигидаги уламолар…

Соқчи

Амирим, қайтибди Балхга кетганлар!

Амир Темир

Кирсин!
(Икки йигит саройга киради)
Балхга бориб келдик,
Арғунни топиб келдик, амирим.

Амир Темир

Келтиринглар!!!
(Икки йигит Арғунни олиб киради)

Амир Темир

Излаганим топилди.
Қани, шундай тура тур.
Кўпчиликнинг олдида
Синаган дуруст бўлур.
(Соқчига)
Келтиринг анов қизни,
Бунга кўнгли бор экан.
(Арғунга)
Синовдан ўтолмасанг
Ўз уволинг ўзингга –
Ўта олсанг синовдан
Қизғалдоқдай қизингга
Қўшиласан соғ-омон.
(Сарой Мулк хоним қизни олиб киради)

Арғун

Амрингизга мунтазир
Турибман, улуғ амир!
Бу синовга бошимни
Тикай, садқадир жоним!
Тахтингиз тавоф этай,
Айтсангиз синов сонин…

Амир Темир

Бўлади!
(Арғун тиз чўкиб, тавоф этиб, жойига бориб туради)

Амир Темир

Асли сен учун синов
Уч саволдан иборат.
Биринчи саволни ўзим бераман,
Иккинчи саволни буюк аллома Имом Барака беради,
Учинчи савол – кўр таваккал, пешонангдан кўрасан!

Арғун

(Қўлини кўкка кўтариб)
Эй, Яратган, жон эгам!,
Қирқ чилтоним, авлиём!
Оғир дамда қўрғаган,
Қўлтиғимдан қўллаган,
Хўжа Аҳмад, жон бобом!
Мадад бергин, йўллагин!
Ўтирганлар ўртасида ғала-ғовур бошланади. «Оҳ!» деган қизнинг оғзини Сарой Мулк хоним ёпади. Бошқалар буни англамай қолади.

Амир Темир

(Жаҳонгирга)
Ол, болам,Отабекдан –
Не ўргандинг, не олдинг,
Ҳунарингни кўрсатгин
Издиҳом кўриб қолсин.
Ўртага чиқ тезроқ, ҳов!!!!
Арғун билан қиличлаш,
Сен енгмаган борми ёв?!
(Соқчига)
Қилич узат Арғунга,
Қани, йигит, бўла қол,
Бир-бирингга қилич сол!
(Иккови қилич сермаша кетади, бир-бирини енга олмайди)

Амир Темир:

Ҳа, бўлади,
Бўлди, бас!
Кўрдим, иккови қўрқмас,
Тикка олишар, дангал.
Энди бошқа синовга
Бермоқчиман навбат, гал!
(Жаҳонгир жойига бориб ўтиради)

Имом Барака

Эр йигитнинг қўноғи – куч-ғайрати,
Бундан ўзга бўлади уч ғайрати.
Шундан бири…
Бу ҳаётнинг мазмуни –
Ислом дини олами.
Шул мусулмон динига
Хавф-хатар келган они
Ҳам умрини, ҳам жонин
Кимлар қурбон қилганин,
Ким этишин жон фидо,
Йигит айтса, ақлига
Айтар эдик тасанно!

Арғун

Муҳтарам, азиз Имом,
Саволингиз тушундим:
Дунё деган –тўққиз йўлнинг тармоғи.
Ҳақдан бошқа бир қудрат,
Биз сингари бандасин
«Яратдим» деб айтмади ҳеч бировга…
Ҳар юз йилда Яратгувчи шу эгам
Бир фарзандни назарига олади.
Мусулмонлар душман билан сўғишса,
Ўшал фарзанд қўрғайдиган бўлади.
Саккизинчи ҳижрий аср – юз йилда
Ҳақнинг суйган қули,
(Амир Темирга қараб)
Улуғ амирим…
Бундай ишга куч-қувватин солади!
(Имом Баракага қараб)
Амир Темир жаҳонгирдан аввалги
Еттовининг айтайинми нисбасин?

Имом Барака

Етар, ўғлим, етади,
Жаннатдадир еттовининг макони…

Амир Темир

(Хурсанд бўлиб)
Ўтиб олдинг қўш синовдан бемалол!
Энди эса учинчисин бошлайлик.
(Сарой Мулк хонимга)
Бўлди, қизни олиб кет,
Ола-қора ўралсин,
Сўнгра бешов қиз бўлиб,
Аралашсин, қуралсин.
Сарой Мулк хоним қизни олиб чиқади, орадан кўп ўтмай, бир хил кийинган, бўйлари бир хил, юзлари берк беш қизни олиб киради.

Амир Темир

На ақлинг ва на кучинг,
На орқа қилар кишинг
Кела олмас ёрдамга.
Топиб олгин ёрингни,
Ишга солиб борингни!
Тополмасанг, жон билан
Хўшлашасан, билиб қўй.
Гар топсанг, ёринг билан
Қўшиласан, билиб қўй.
(Арғун қизларга қараб юради)

Арғун

Беш қиз турар, юрак ҳовучлаб бари,
Беш қизнинг ҳам кўринмайди юзлари.
Икки кўзим хато қилса бўлурми,
Эй юрагим, недир сенинг сўзларинг?
(Қайси бирини танлашни билмай,шивирлайди)
Беш қизнинг ҳам толчивиқдай бўйи бор,
Кўрган киши ичмай-емай тўяди.
Хато қилсам, бир сония ёримдан
Мени мангу жудо қилиб қўяди.
(Бировининг ёнида тўхтаб)
Беш қизнинг ҳам кўнгли вайрон, кўзи мунг,
Адо бўлмиш тоқати ҳам тўзими.
Икки кўзим хато қилса бўлурми,
Сен не дейсан?
Сен не дейсан, сезимим?
У шундай деб қизнинг бетини очади ва кўзи ёшга тўлган Жавҳархонни кўради.
Излаганим – чопганим,
Йўқотганим, топганим!
(Шундай деб у билан қучоқлашиб кўришади)

Овозлар

Баракалла!
Чин йигитнинг ўзи экан!
Синовларда суринмади мард йигит!!!
Парвардигор берсин унинг омадин!…

Амир Темир

(Тахтидан тушиб Арғун билан Жавҳархоннинг олдига келади)
Худой қўшган қўшоқни
Кимки бўлса, у – фосиқ.
Бу эрка ва эсли қиз
Эр йигитга муносиб.
(Елпиниб)
Заррин нурга чулғангандай манглайим,
Чўнг, муҳташам бўлиб кетди саройим!
Кел ёнимга, қучоғимга олайин!
Кел ёнимга, бир бағримга босайин!
(Меҳри товланиб, кўзига ёш олади)
Кел ёнимга, айланайин, Арғунжон,
Аллоҳ сени ёрлақасин ҳар замон!…
(Арғунга оқ шамширини узатиб)
Шамширдай ҳамдамим бўл,
Ишонган одамим бўл!!!
(Жавҳархоннинг манглайидан ўпиб)
Сен эса келиним бўл…

ИККИНЧИ БЎЛИМ

Еттинчи кўриниш

Амир Темирнинг кўк чодири. Бағдод яқинига келиб, чодир тикиб ётган қўшиннинг шовқин-сурони…

Соқчи

Улуғ амирим!
Оқ саллали, ҳассали
Бир қария келибди.
«Бағдоддан келган элчиман», дейди.
«Худойи қўноқ, қўшниман», дейди…

Амир Темир

(Киноя билан)
Қўшниман?
Кўрайлик, кирсин!

Валиддин ибн Халдун

Ассалому алайкум!

Амир Темир

Ваалайкум ассалом!…

Валиддин ибн Халдун

Юришинг билан йўлингни
Аллоҳ ўнгласин, улуғ Амир…

Амир Темир

(Қаҳр билан)
Сенда икки қулоғим!

Валиддин ибн Халдун

(Разм солиб)
Чироғим,
Қутлуғ бўлсин қўнган жойинг – туроғинг,
Мангу ўчмай, ёниб турсин чироғинг…

Амир Темир

Омин!!!
(Ўзига-ўзи)
Бунча ақл ўргатади!
(Жиддий)
Сенда икки қулоғим!!!

Валиддин ибн Халдун

Сен сўраган шу Бағдод
Менинг макон – туроғим…

Амир Темир

Хўш, шунга нима бўпти?
Келишмакка келдингми?
Кўришмакка келдингми!?
Тилагинг айт, термулма!

Валиддин ибн Халдун

Айланмасин жаннатим
Тобуту дўзахга, оҳ!
Қанча улуғ бўлсанг ҳам,
Халқни дер қодир Аллоҳ…

Амир Темир

Тушаман деб тобутга
Қайғу ютиб, ема ғам.
Тугади деб толқоним
Қўрқма дўзахидан ҳам.
Нима истак, не зоринг –
Айта қол, дилда боринг!

Валиддин ибн Халдун

«Ғазаб – душман, ақл – дўст»,
Ақлинг билан кўргин иш,
Ҳаддингни бил, эинг йиғ.
Халифага қасдлашиб,
Бу халққа кўтарма тиғ.
Шу халқнинг бири менман,
Олсанг, садқадир бошим,
Садқадир кекса ёшим,
Шуни айтгани келдим…

Амир Темир

(Ўзига келиб)
Ҳайбатингга қарасам:
Етти ўлчаб сўйлаган
Икки дунё орасин,
Донишмандсан, ўйлаган.
Идрокингга қарасам:
Босиқсан ва сарасан.
Илиқ, юмшоқ сўз билан
Ичга кириб борасан.
Айланиб ўт дермисан
Яшил жаннат жавҳари –
Манов Бағдод шаҳрини?
(Қўққисдан жаҳлланиб)
«Темир келди, урушсиз
Енгил», деган хатимга,
«Оқ туғ олиб олдимга
Келгил», деган хатимга
Жавоб бўлмагандан сўнг
Подшонинг куч-қудратин
Пайқайин деб келганман!
Бор уруғин довулдай
Чайқайин деб келганман!!!

Валиддин ибн Халдун

Айт-айтмагин, рости-да,
Бағдоднинг халифаси
Шошиб қолди сен келгач,
Ичга тушиб нафаси.
Шу сабабдан ўрдангга
Келиб турган жойим бор.
Бошинг не солсанг ҳам
Кўниб турган жойим бор…

Амир Темир

Ажал излаб келган жон
Азобидан қўрқарми?
Ундай бўлса, сен, оқил,
Эрону Ҳинд аймоғин
Харитангга чизиб кел!
Сенга бир ҳафта муҳлат,
Умидинг бўлса жаннат,
Қочишни қилма хаёл!

Валиддин ибн Халдун

Айтган сўзинг, амирим,
Қулоққа қуйиб олдим.
Сен гуноҳсиз эл-юртни
Йиғлатма, дарди урсин.
Қайқи қилич қайровли
Қинида тура турсин…
(Таъзим қилиб, хўшлашиб чиқиб кетади)

Саккизинчи кўриниш

Амир аскарларнинг жанговор ҳозирлигини кўздан кечиради. Сарбозлар ўзаро қиличлашиб, найзалашиб, мерганлик синовидан ўтиб, ҳар хил ҳунарларини кўрсатади. Амирнинг ёнида – вазирлари, навкарлари, баҳодирлари… Қони қизиб, ғайрати қўзиган Амир ёш сарбознинг қиличини юлиб олиб, бир кучли сарбоз билан курашга тушиб кетади.

Амир Темир

Ол, аяма, арлоним,
Талай-талай тўпларни
Ёрган менинг тарлоним!
Амир бор деб олдимда
Бўлдирмагин, олдирма!
Бўл, ўзингни қўлга ол,
Кучинг бўлса, қилич сол!!!

Шошилинч олишувдан кейин қизиган темирдай ёниб, гандираклаб чиқиб келаётган Амирга ясавул совуқ хабар келтиради. У ҳушидан айрилар тарзда чодири томон юради. Чўчиган, шошиб қолган кўшин орасида ғала-ғовур бошланади: «Соҳибқироннинг суюкли набираси ва меросхўри Муҳаммад Султон Қаршида қазо қилибди…» Қайғурган, қантарилган, руҳи чўккан лашкар… Ичкаридан қайғули овоз эшитилади.

Амир Темир

Тонг оқариб отгандай,
Кун қонталаш ботгандай.
Қоқ туш чоғида Тангрим
Белдан тутиб отгандай.
Қўзларимдан ёш эмас,
Юлдуз оқиб ётгандай…
Оҳ, Султоним, шунқорим….
Қўлида қўбизи бор атоқли шоир Аҳмар Карманий одамлар орасидан чиқиб, сарой томон юради.

Аҳмад Карманий

Қайғунгга шерик бўлай деб,
Амирим, келдим қошингга.
Азамат эр эрта кетиб,
Жудолиқ тушди бошингга.
На илож, олтиндай ўғил,
Тушса ажал тузоғига?
Қолганларга умр берсин,
Умрнинг ҳам узоғини.
Қўйнингга тиққан Қуръондай,
Бўйнингга таққан тумордай,
Ўнг-сўлни билмай бояқиш
Кафанда кетди – оқ қордай…
Чин қардошинг, туғишганга
Ёпишади ажал, кўрса.
Эгаси унинг – бир Худой,
Ҳаққинг йўқ сўрарга фурсат.
Ўрнингдан, Амир, тургайсан,
Юзингни бу ён бургайсан,
Белингни маҳкам бўғгайсан,
Кўкимтир Нил суви билан
Кўзингнинг ёшин ювгайсан.
Қочган бир куннинг ортидан
Арқонни олиб қувгайсан!
Қанчалик жасур бўлсанг ҳам
Умрга барибир тўймайсан!
Амирим, тургин, тургайсан!!!

Иккови қучоқлашиб кўришади. Шоир бўзболага атаб аза оятини ўқиб, юзига фотиҳа тортганда эшикдан соқчи киради.

Соқчи

Қайсарга юборган элчингиз келибди, Амирим.

Амир Темир

Кирсин…

Элчи

(Кириши билан тўхтаб, нима дейишини билмай туриб қолади)

Амир Темир

Қани, гапир!..

Элчи

Қайсарга бориб келдим,
Жавобин олиб келдим…

Амир Темир

Ўқи…

Элчи

(Ўқий бошлайди)
«Аллоҳнинг қаҳрига учрай демасанг, ортингга қайт. Кучинг кўп бўлса, нега аввал анави қурт-қумурсқадай беадад Чинни олмадинг? Ундан кейин қалин ўрмон – Жинни нега чопмадинг?..
(Элчи Амир Темирнинг юзига қарайди)

Амир Темир

Ўқи!
«…Бу қилаётган ишинг дуруст эмас. Турк ерига етгунча муқим мусулмонларни қирганинг – ўз илдизингга болта урганинг. Улар сенинг қурбонинг бўлиши керак эмас эди… Бу ёққа юришинг – ҳалокат!.. Ўйла, эсингни йиғ, ортингга қайт!.. Анов Қора Юсуфни сенга ушлаб бера олмайман, у сенга қароқчи бўлган билан менга қоровул…»

Амир Темир

Бўлди, етар!!!
Аҳмоқнинг тайин гапсиз
Валдирашини қара!
Ҳали тонг отмай туриб
Алжирашини қара!
(Бошини қуйи солиб, ўйланиб қолади)
Ўша Қора Юсуфни
Нега қўрғаб қолибди?
Қонхўр, айёр тулкини
Ёнбошига олибди.
Макка билан Мадина
Орасини бузган шу
Ярамас эмасмиди?
(Элчига)
Сен боравер!
(Шоир билан элчи чиқиб кетади. Ўзи қолади)

Амир Темир

Ҳамма мени унутди,
Кўксимни тирнади шер.
Боязид оқилсиниб,
Бўлар-бўлмас гапни дер:
«Қумурсқадай сон-саноқсиз Чин эли…»
«Қора ўрмондай Жин эли…»
Оқилсиниб гап сотар,
Чиқаради жонимни.
Сон-саноқсиз ғанимни
Мен чопмайман дедимми?
Ўмондаги балони
Мен қопмайман дедимми?
Тўхтамиш-ку, Тўхтамиш
Йиқитмоқ бўлган душман
Мени тахтимдан буткул,
Зарра қилмаган пушмон.
Улуғ Чингиз ҳоқоннинг
Озиб-тўзган уруғи.
Сумалакнинг сарқитдай
Суви қочган қуруғи…
У Қобил, мен Ҳобилнинг
Авлодимиз, мен хонми,
Сен қорами? Барибир –
Бандага Ҳақ фармони!
(Жаҳли чиқиб)
Шундай экан, мен юрган
Йўлимдан қайтолмасман!
Борар йўлдан адашиб
Кетдим деб айтолмасман!
Айбдоринг мен эмасман!
Аҳмоқ икки хил сўзлар,
Мен икки хил демасман!
Эй, Боязид, сен ҳам тур,
Жангга чиқ, биз икки турк
Сиғмасак битта ерга,
Бир ўзинг киргин гўрга!!!
(Тахтидан тушиб, у ёқ-бу ёққа юради)
…Эй, сиз, мусулмон қавми…
Қуллик тамғаси билан
Қуллигини унутган,
Озғин бўйнига гуноҳ
Ортиб, ёзмишин кутган,
У ҳам синовдан ўтсин!!!
Менми? Мен… Мен… Қулман,
Бандалигим билганман.
Аллоҳ амрин бу ерга
Бажаришга келганман!…
Ҳинду Болқон, Анқара…
Қайтолмасман ортимга
Жину Чин бўлар вайрон,
Аллоҳ етар додимга!
Қурбонлик ҳам Худодан,
Қулчилик ҳам Худодан!

Тўққизинчи кўриниш

Бағдод шаҳри чеккаси. Амир чодир ичида ўтирибди. Оқ чопонли, оқ саллали, қўлида ҳассаси бор Валиддин ибн Халдун узр сўраб, бўсағадан ҳатлайди.

Амир Темир

Тўрга ўтгин, уламо,
Қадрли меҳмоним бўл.
Бизга шу ер бўлади.
Яёвларга олис – йўл.
Чарчаб келган чиқарсан
Сен йўл босиб,
Чўл босиб.

Валиддин ибн Халдун

(Хўрсиниб)
Чой ҳам ичилар, Амир,
Чанг ҳам босилар, Амир.
Ёв билан дўст орасин,
Ёв билан ёт орасин
Бир қувонч, бир қайғудан
Сўнг ажратиб оласан.
Иттифоқо қайғу келса, нетарсан?
Бел бойласанг, унга чидаб берасан.
Бўшанг бўлсанг, ўлиб-нетиб кетарсан.
Ҳориб-толиб ётиб, қайта турасан.
Берган олар,
Олган берар ҳар замон,
Аллоҳ амри вожиб эрур одамга,
Ким қолади дейсан ушбу оламда…
Сен бердингми – Аллоҳ олди,
Хайрли бўлсин қолгани…
Омин…

Амир Темир

Айтган ҳар сўзи улуғ
Зот камдан-кам туғилар.
Очиларми бу кўнгилмнинг тумани,
Босиларми кўксимдаги гумоним..
Қароғимнинг салобати, сумбати,
Қандай эсдан чиқади?..
Ёлғон дунё!…
(Хўрсинади)
Ё ҳовлиқиб, шошдимми?
Ёки ошиб-тошдимми?..
Қора бошин гангитиб,
Қараб юрмай қон ютиб
Ёки ҳаддимдан ошдимми?
Қора ернинг остида
У ётмай, мен ётсам-чи!?

Валиддин ибн Халдун

Астағфуруллоҳ!..
Гуноҳ йўли куфрдир,
Банда эми шукрдир.
Банақа раъйингдан қайт,
Яхшиси, салавотлар айт
Ҳақ таоло отига,
Доғ тушмасин ҳеч кимнинг
Оти билан зотига!..

Амир Темир

(Тетикланиб, қатъийлашиб)
Темирдай қаҳри қаттиқ
Одамни ажал енгди.
Қайғу енгди…
Бироқ, бироқ!..
Совуқ шамшир сайловли!
Қайқи қилич қайровли!!!
Қани у, мен топширган
Харита… Топинглар тез!
(Унга қадалиб қарайди)
Халифа-ла келишиб,
Мен-ла яна кўришиб,
Юрибсанми иззату
Амалингни ошириб?

Валиддин ибн Халдун

Амалимни оширгани келмадим,
Айтаримни яширгани келмадим.
Хизрники билан тенг шу ёшимда
Ҳузурингга бош ургани келмадим!
Бош кесмоқ бор,
Тил кесмоқ…
Орада элчи эмас,
Эссиздай жилпангласам,
Мен бадбахтни шу кўйи
Ким кечирар, англасанг?
(Бир оз тин олиб)
Гуноҳсиздан бош кетса,
Тили ҳам бирга кетар!…
Куни битса бир куни,
Подшо ҳам, қул ҳам ўтар!..
Мен аввалдан олдингга
Келдим таваккал қилиб,
Қуллуқ учун келмадим,
Келдим уни ор билиб.
Чинини қайтсам сенга:
Ҳар нарсадан устувор
Ота-бобо ниятин
Бузолмадим мен зинҳор.
Чизолмадим Эрону
Ҳинднинг тоғ, тош, адирин…
Сен сўрама «Нега?» деб,
Ҳақ амри шу, Амирим.

Амир Темир:

Унда, унда…
Боя ўзинг айтгандай,
Ёлғон бошга етади,
Тил билан бош кетади!!!
(Қўли билан ура кетади. Соқчи етиб келади)
Чақиринглар жаллодни!!!

Валиуддин ибн Халдун

Сўнгги битта арзим бор…

Амир Темир

Айт! Айтиб қол!…

Валиуддин ибн Халдун

Бош, майли, кетса, кетар,
Тилнинг ёзиғи надур?
Кечаги чин деганинг
Бугунги афсонадур.
Мумкин бўлса, шеър ўқиб –
Бермоқчиман, сўнгги он
Халифа эмас, халқим –
Учун шу бошим қурбон!
Билдим… сезиб турибман…
Оғир сенинг дард-ғаминг!..
Бир Аллоҳнинг қўлида
Ул оғриқнинг малҳами…

Амир Темир

Ҳукм сира қочмайди,
Амир Темир шошмайди!
Сўзнинг арқоғин бузма,
Сўзла, гапингни узма.!
(Жаҳли отига миниб)
Кўргум талай чечанни,
Кўмгум талай «даҳо»ни!..
Гапни қўй-да, шеърингни
Ўқи, берай баҳони!!!

Валиуддин ибн Халдун

Аччиқланма, урма дам,
Айтаман мен ушбу дам.
…Бошига боқ,
Ҳар иши қутли бўлган,
Ажалдан омон қилган,
Талай жонни қутқарган
Қорамисан, хонмисан –
Кўнглингга қарамаган
Чин-Мочиннинг элида
Машҳур эмчи бор экан,
Бахт қуши қўниб бошга,
Аллоҳ қут бериб ишга:
Келганни ҳам эмлабди,
Ўлганни ҳам эмлабди.
Ерга тепиб, тепкилиб
Кўмганни ҳам эмлабди.
Чан-Чун экан от-зоти,
Довруғин эшитганлар
Ер юзидан келибди.
Эмчининг кароматин
Кўзи билан кўрибди.
Жаннатдайин ҳавоси –
Тибет экан маъвоси.
Номи тилларда достон
Эмчини эл сўзига
Қулоқ солиб Чингизхон
Олдирибди ўзига:
«Ғазабидан Ҳоқоннинг
Қалтирайди жаҳоним!..
Шунга қарамай…
Қўлимдан қурол тушса,
Бошим гангиб қолади.
Мунгим билан бошқа кимнинг иши бор,
Қайғу чекиб, қанотларим қайрилар.
Ўз қўлимдан кетиб борар ихтиёр,
Ўз тахтимда товонларим тойрилар.
Гарчи кўнглим осмонларни кезса-да,
Ёш оқади кўзларимдан шашқатор.
Ўй етса-да, бўй етмайди оламга,
Гарчи нафсим ором билмас бадкирдор,
Шовуллайди қулоғим,
Шувиллайди юрагим,
Очилади бир тузалмас жароҳат…
Иблис аврар, қилурман на чора мен?
Чини билан тугарми ризқ, мол-ҳолим?
Чини билан тугайдими иқболим?
Қайдан келиб, қайга кетиб бораман?
Бу жарликджан қутқаргувчи,
Белга қувват, қут бўлгувчи
Сўлган юзни қизартгувчи,
Ҳаётимни узайтгувчи,
Борми, айт-чи, бир амалинг?»

Эмчи

(Бош чайқаб)
Аллоҳ берган умрни
Фақат ажал ўчирар!
Қолганини, буюрса,
Бола-чақа кечирар…
Мияга сингиб кетган
Оғриққа борми шифо?
Мушкул экан дардингиз…
Унга топмадим даво.
Унинг эми – ирода,
Иродага бўйсунинг,
Тавба қилишга кўнинг.
Ўзганимас, энди сиз
Ўзингизни енгингиз!!!
Шунда умр маъниси
Мангуликка дўнади,
Ажал уни ёр мисол
Суймоқликка кўнади…

Чингизхон

Искандарга буюрмаган бу жаҳон
Тангрим, кимга насиб, кимларга армон!…
Ёздим… доридим,
Оздим… аридим.
Тузатдинг банданинг касалин
Дорисиз, давосиз, асалсиз.
(Шундай деб эмчини иззат-ҳурмат билан кузатиб қўйди)

Валиуддин ибн Халдун

Искандардан қолган дард
Чингизхонга ўтибди.
Чингизхонга қўнган дард
Энди сенга ўтибди.
Айтса-айтмаса авфли,
Бу касал, жуда хавфли!!!

Амир Темир

(Ўйга чўмиб)
Э, шундай де, донишманд?
Узоқдан бошладинг гап.
Сенинг-ча, қароқчилар
Ўғрини кетди талаб.
Кимга вафо қилибди,
Манов дунё – зимистон…
Искандару Чингизхон…
Иккиси ҳам жаҳонгир,
Иккиси ҳам арслон.
(Қўққисдан жаҳли чиқиб, ўткир кўзини уламога тикади)
Йўлбарси мен бўламан:
Яралган ор-номусдан!
Номус икки ўлмайди,
Ўлса, қайтиб келмайди!
Ўзи берган дардини
Ҳаёт ўзи эмлайди!
Йўлбарс – ёввойи ҳайвон,
Ўз-ўзини ҳеч қачон
Енга олмас!
Енгмайди!!!
(Ўзини босиб олиб)
…англадим гап маънисин:
Сен ҳаддингдан ошмадинг,
Мен ҳаддимдан ошмадим.
Сен маънисин чақсин деб
Салмоқли ўй ташладинг.
Элдан ошган уламо
Эканинг исботладинг…
(Розилик билан)
Халдун бўлармидинг, ўлиб
Хон билан халқ ўртасида,
Гоҳ сарой, гоҳ ўрдасида
Югурмасанг сарсон бўлиб?!
Бағдоднинг хони, жони ҳам
Сенга совға!!!
Сен енгдинг,
Мен кўндим…

Ўнинчи кўриниш

Дала жамлоғи. Кўк чодир. Ғолиблик ҳукм сурмоқда. Аскарлар хурсандчилик қилмоқда. Амир Темир кўк чодирда. Икки қўриқчи тутқин Қайсарни ичкарига олиб киради.

Амир Темир:

Оёқ-қўлинг бўшатинглар арқондан!
(Ўрнидан сакраб туриб)
Худойим-эй, қай ерингдан қон томган?
Кимлар билан олишиб,
Кимлар билан юлишдинг, сен бояқиш?..

Қайсар

Ким билан бўлар эди?
Улоқиб сен билан-да!

Амир Темир

(Қайсарни бир айланиб ўтиб)
Вой, бечора!
Мен билан?
Сўйласанг-чи жўн гапни,
Ўжарларнинг арслони…
Қўшинингни енгдим мен!
Башарангни кўрдим мен:
Йигитларнинг султони!!!
(Жойига ўтираётганда елкалари силкиниб кулиб юборади)

Қайсар

(Қаттиқ озорланиб)
Йиқилганни тепкилашми кулганинг?
Ўша бўлса билганинг,
Камардаги ханжарни ол, аёвсиз
Кўкрагимни кес менинг!!!
(Кўк совутини йиртиб ташлайди)

Амир Темир

Бандага Тангрим – эгам
Берган экан ҳеч бекам
Ниманики истади,
Шу кулгимни қистади,
Мен оқсоқман,
Сен – тўқсоқ,
Сену мени ийлади!
Лекин Тангри таоло
Иккимизни сийлади!
Ҳатлаб ўтиб устидан
Ўранинг ажал деган,
Олмоқ бўлдик жаҳонни.
Начора, тақдир экан,
Ёв икки бўлган билан
Фақат битта Ер экан…

Қайсар

Лекин сен мени йиқдинг,
Яратганга барибир
Мендан яқинроқ чиқдинг!…

Амир Темир

Тил теккизиб Аллоҳга,
Қийнамагин жонингни.
Сен бўлмасанг, ким эди
Йўлга бўлган кўндаланг,
Келишимга кўнмаган?

Қайсар

Борлигингни қайтайин,
Норлигингни қайтайин,
Гапларимга кўнмасанг?

Амир Темир

(Дарғазаб бўлиб)
Енгилма, бўлма таслим!
Менга қолганда қалбинг
Тош қотган экан асли…
Нор бўлсанг ҳам қайтайин,
Ҳамиятимга тегсанг,
Бор бўлсанг ҳам қайтайин,
Бошингни менга эгсанг?!

Қайсар

Увлаб айтган сўзимни
Англамасанг на чора.
Чимчиб айтган сўзимни
Тингламасанг на чора…
Улуғ тоғлардан ошиб,
Улуғ қўрғон элини
Енголмасанг на чора!..

Амир Темир

Гўнг теккан ер ўт-ўланли бўлади,
Енгилган эр қалби ғамга тўлади.

Қайсар

Енгган одам художўй бўлар,
Енгилганда ёмон ўй бўлар,
Ўтинчим ҳам, тавбам ҳам, ишон,
Тугамайди сенга ҳеч қачон!

Амир Темир

Айт, айтавер!

Қайсар

Чиқиш эмас, ботишга
Алангласанг на чора.
Жанг қилишга хос ёвни
Тополмасанг на чора?..
Ўрмон юртин болтадай
Чополмасанг на чора?..

Амир Темир

Ҳечдан кўра кеч яхши,
Кечдан кўра эс яхши.
Ҳмм… Эсинг кирай дебди….
Кўк совутинг йиртилиб,
Ўрансанг-да кафанга,
Юрма юз-хотир қилиб,
Чекинмагин орқангга:
Ўжарлигинг, ўрлигинг
Етиб ортар сенинг ҳам!
Мен эмасми аслида
Сендай Қайсарни ҳар дам
Чақирган муросага?
Ўзинг кел хулосага!
Мен-ку умр тилаган,
Турк элдошинг йитирдинг.
Бовурингни тепкилаб,
Нега бунча қутурдинг?

Қайсар

Сенинг обрўйинг ошди,
Мени алвасти босди.
Дўст баҳонгни беради,
Душман ерга уради.
Устимдан кулиб тўйгин!
Оловингга мой қуйгин!

Амир Темир

Сабр қилгин, ҳой, Қайсар,
Ўзингни бос сен қайсар.
Бировни бахт қийнайди,
Бировни тахт қийнайди.
Эсингда тут, эр Султон:
Икки юлдуз бир манглайга сиғмайди.
Эмасдир бу манглайнинг торлигидан,
Аслида бу – Худонинг ёрлигидан.
Мен Аллоҳ амрига қилдим итоат,
Билганим – У буюк соҳиби қудрат.
Сен-чи, сен…
Сен – улуғ туркнинг Султони,
Мени қондош, диндош демай безландинг,
Қарши чиқдинг, урушай деб хезландинг,
Қанотларинг қайрилди,
Бор-будингдан айрилдинг.

Қайсар

Кимки енгса, оғзи-бурни мой бўлар,
Ким енгилса, кўзин ёши сой бўлар,
Тағин нима демоқчисан?

Амир Темир

Бас, етар!
Тақдирга тан бериб, умид узмагин,
Ўзингни бос, хаёлингни бузмагин:
Муҳаммад ва ислом дини зафари
Йўлида, кел, бирлашайлик баримиз.
Мен кўтарган турк байроғи остига
Сен ҳам келгин, айтай гапнинг ростини!

Қайсар

Сен… сен мени қайрама,
Тўти қушдай сайрама,
Тахтингда тўлиб-тошиб.
Менинг тахтим қулаган,
Сен йўлингдан кетавер,
Қирлар ошиб, тоғ ошиб!..

Амир Темир

Майли, етар, бўлади,
Енгилсанг ундан нари…
Кел, муроса қилайлик,
Анқарани қайтариб
Берай, Ҳақни унутиб,
Бошлаб юбормагин тўй.
Қайтадан айтиб юрма
Эски ашулангни, қўй!

Қайсар

Менга раҳминг келмасин,
Ўз жўнингга юравер.
Мен битганман, аяма,
Бор кунингни кўравер.
Эсонман, ёвлигим йўқ,
Сулҳни, мардликни унут.
Кечир тутқин Қайсарни
Мен кечирмам, ёдда тут!!!
(Оғзидан кўпик оқиб, типирчилайди)

Амир Темир

Кунингни тун қилганча,
Умид узасан нечун?
Бирликка ишонмайин
Кўнглинг бузасан нечун?

Қайсар

Бари битди!..
Энди кеч!…
Қайсар энди ярамас!!!
(У ҳам Амир Темирга ўхшаб кулади. Бармоғи билан кўкка ишора қилиб)
Эшикдаги, тўрдаги
Банда – Аллоҳ эрмаги.
Мен арвоҳман гўрдаги,
Сен худосан ердаги!
Кўкда битта Худой бор!
Ерда битта худой бор!
(элга қараб)
Қутлуғ бўлсин худойлар!
Улуғ бўлсин худойлар!

Амир Темир

Гуноҳларни кечираман ушбу дам,
Ҳеч қим қуруқ қайтмас бугун ёнимдан!
Боязиднинг касалин қодир Эгам
Афв этсин, кечиб қошиқ қонидан…
(Навкарлари билан қўрбошиларига)
Йўл оламиз энди Чиқиш томонга!
Дурустми?!!
(Қўллаган, маъқуллаган товушлар кўк чодирни кўтариб олиб кетади)

Ўн биринчи кўриниш

Ясси. Амир Темирнинг ёлғиз ўзи. Олдинги юришларини хаёл элагидан ўтказади. (Экранда ёки мизансаҳнада қонли жанг саҳналари ўтиб ётади. Шовқин-сурон… Довул садолари… Қиличлашув онлари… Бир лаҳзада бари тиниб қолади.)

Амир Темир

Тахт устига мингали,
От устида юргали
Ютқазишни билмадим,
Босган изим – илгари.
Тўрга солдим тўшакни,
Кенгга солдим иргани .
Бағдод, Миср бош эгди,
Ҳиндларга қочмоқ тегди.
Икки бураб босганда
Қайсарнинг ҳам тўзони
Чиқиб кетди осмонга!
Иқлимларга таралиб шон-шуҳратим,
Ортиб борар борган сари довруғим.
Ер юзини қўлларимдан чиқармай,
Ҳилпиратсам дейман Туроннинг туғин!
(Елпиниб туриб ўзига келади)
Кавказни ораладим,
Ботишни ҳам борладим.
Энди битдай бижғиган,
Энди итдай изғиган
Чин элига йўл солиб,
Измини қўлга олиб,
Ҳукмим юргизсам дейман,
Йўлга киргизсам дейман.
…Ўнғай бўлмаган эди
Юриш олдинги сафар,
Қуръоннинг сўзи билан
Айтсам. Ёр бўлсин зафар…
(Қўлларини тепага кўтариб)
Ё, Яссавий!
Ё, пирим!
Ўзинг мени қўллагин!
________
Ирга (шева) – ўтовнинг кигиз билан бекитиладиган пастки қисми; пана-пасқам жой.

Хўжа Аҳмад Яссавий

(Ўзи кўринмай, овози эшитилади)
Довул қоқиб ҳар тарафдан,
Сасинг етди чор тарафдан…
Кўзи қонга тўлган қантар ,
Қут ўтгунча нафсинг қантар,
Сабр қилгин, сабр қилгин…

Юриш ғамин ўйлагайсан,
Ўй тубига бўйлагайсан.
Қиличингни қайрагайсан,
Сарбозингни сайлагайсан,
Сабр қилгин, сабр қилгин…

Тангрингга ҳозир бўлгайсан,
Умрингга ҳазир бўлгайсан,
Йўли узоқ, хитлангайсан,
Кўклам, ёзда отлангайсан,
Сабр қилгин, сабр қилгин…
_________
Қантар – қозоқ тақвимида январь.
Қут – қозоқ тақвимида февраль

Амир Темир

«Умрингга ҳазир бўлгайсан,
Тангрингга ҳозир бўлгайсан…»
Пирим нега шошма дейди?
Қалтирайди нега сасим?
Нега рангу қутим ўчиб,
Ичга тушар бу нафасим?

«Сабр қилгин, сабр қилгин…»
Дуруст гапдир – гапнинг бели…
Нима сирли жумбоғинг бор,
Чиннинг эли, Жиннинг эли???
(Жаҳли чиқиб, тахтга ўтиради)

Соқчи

Улуғ амирим,
Чин элчиси келибдур.

Амир Темир

(Ёқтирмай)
Кирсин!
Элчи
(Саломлашиш расм-русумини қилиб)
Муҳтарам хон – адолатнинг қўрғони,
Сизга салом йўллади…

Амир Темир

(Ўзига ўзи)
Қайтсам экан манов чирик хатини?
Саломдан сўнг нима деди?

Элчи

Беш йилдирки тўланмаган қарзларнинг
Сабабини бил дейишди.

Амир Темир

Шу бўлса унга кераги,
Хонингга айт:
«Амир Темир кўп кечикмай келади,
Беради ўз қўли билан».

Элчи

(Амирнинг важоҳатидан шошиб)
Хўп бўлади, мен айтаман,
Юртга эртароқ қайтаман…
(Орқасига юриб чиқиб кетади)

Ўн иккинчи кўриниш

Ясси шаҳри. Ёлғиз ўтириб бўлмади – Амир Темир Ингкар Бегим билан. Ингкар Бегим момиқ тўшак устида, шам ёруғида Амирнинг елкасини, оёқ-қўлини силиб ўтирибди.

Ингкар Бегим

(Нозланиб)
Тўрт йил…
Беш йил…
Хаёлларим чалкашди,
Оламан деб ботишни
От устида ҳорибди,
Қаранг қотиб ётишни.
Сизни қаттиқ соғиндик,
Кўнгил уздингиз наҳот?
Сизни соғинди Ингкор
Ҳамиша ва ҳар заҳот.
(Осилиб ва эркаланиб қилиқ кўрсатади)

Амир Темир

Аёл деган мана шундай, Аллоҳим,
Тегиб кетсанг, еб қўяди жонингни.
Керакмиди ётишим,
Қимирламай қотишим
Қучоғингда қуёндай
Кеча-кундуз уйғонмай?

Ингкар Бегим

Ўт қопласа вужудимни, танамни,
Амирим, айт, не қилайин, ал-аъмон?!
«Қарамаса, хотин кетар» нақлини
Эсга олмоқ керакмикан ҳар замон…

Амир Темир

(Ижирғаниб)
Нима деб алжирайсан?
Маънисиздир демагинг!
Хон хотини қай қулнинг
Бўлиб эди эрмаги?!

Ингкар Бегим

(Каловланиб)
Оғушимга олиб сизни, эркалаб,
Турганимда нелар ўтди дилимдан?..
Сиз йўқ кезда бўлган ишлар «лоп» этиб,
Чиқиб кетса бўладими кўнглимдан?

Амир Темир

(Шубҳага бориб)
Қанақа иш? Нимани
Эсга олдинг? Қани, айт!
Сен мен билан…
Ҳазиллашма бундай пайт!

Ингкар Бегим

Шу баланд иморатни,
Кўргани тайёрмисиз?
Меъморга марҳаматни
Кўргазмоққа бормисиз?

Амир Темир

Тўрдаги кўк гумбазнинг
Нақши кўзни олади!
Бош устанинг меҳнати
Таажжубга солади…

Ингкар Бегим

Уста дейсиз…
Уста йигит астойдил
Нақшларга сарфласа-да ҳунарин,
Қочиб кетган кўринади сиз келмай,
Аниқ сезган қўлингиздан ўларин…

Амир Темир

Ким куни битди дейсан?
Ким қочиб кетди дейсан?

Ингкар Бегим

(Ҳеч нарса бўлмагандай)
Абулғози – ёш уста,
Ёш бўлса-да, бош уста…
Экан бозори чаққон,
Яна кимгадир ёққан…

Амир Темир

Ҳунарими, гўрими
Ҳуллас, нима дахли бор
Бунинг Амир Темирга?
Қани, айтгин, бадкирдор!

Ингкар Бегим

(Маккорона)
Шамолсиз қилт этмас дарахтнинг боши,
Ғунажин ўтлоққа кўзини сузмас,
Салқи бўлмаса гар нўхтасин узмас…
Кўклам келса, Самарқанднинг кўк тоши
Эрийди-ку муздай офтоб текканда…

Амир Темир

(Шошиб қолиб)
«Самарқанднинг қабртоши…»
«Ғунажиннинг нўхтаси…»
Гапни айлантирмасдан,
Тўғрисин айт, тўхта-чи!

Ингкар Бегим

(Айёрлик билан)
Эл гапирмай қоларми,
Шайтон кирса ўртага?
Сизга ёқимсиз бир гап
Оралабди ўрдага.
Суюкли, истарали
Чўлпон айтсин давомин,
Не деганин авомнинг…

Амир Темир

(Жаҳли чиқиб)
Ҳмм… Шундай де?
Шундайми?
Чўлпон…
Чўлпон! Қани у?
Мен йўқ пайти бир илон
Ўрмалади десанг-чи
Болоқдан бўрбой томон!
(Ўрнидан юлқиниб туриб кетиб)
Тулки хотин, тул хотин
Амирнинг пок тўшагин
Наҳот булғашга қодир!?
Яратганнинг аталган
Унга жазоси бордир!!!

Ингкар Бегим

(Юзига мазах тусини бериб, ўзига-ўзи)
Гуноҳга ботган ўзинг,
Мендай тўти турганда
Тўр ташлайсан Тўрғайга!
(Одамларга қараб)
Ўтда ёниб турган чоғда юрагим,
Нечун чидай, мен нимадан қўрқайин?!
Чангали қон бургут мисол чанг солиб,
Ўша кўйда бориб боссин Тўрғайин!
Менга дейсизми…
Менга
Истасам, тўшак тайин,
Тўр тайин!..

* * *

…Амир Темир кириб келганда, Чўлпон Мулк икки ўрим сочи оқ тўшакдан осилганча, фаришта мисоли роҳат қилиб ухлаб ётар эди. Бош тарафида чироқ хира ёниб турибди. Амир Темир унинг илондай тўлғониб ётган икки ўрим сочини қўлига олиб, уйқудаги Чўлпонга тикилиб қарайди. Икки ўрам бўйнига ўралиб, нафаси тиқила бошлаган Чўлпон Мулк уйғониб кетади ва беғам кўйда кўзини очиб, кулимсираб сўз қотади.

Чўлпон Мулк

Кута-кута, эшик томон тикилиб,
Кетган экан кўзим бир оз илиниб,
Тўрга ўтинг, Амирим…

Амир Темир

(Товуши титраб)
Икки кўзинг у ҳолда
Қолсин мангу юмилиб!
Икки ўрам сочини бўйнига ўраб, бўға бошлайди. Чўлпоннинг кўзи олариб, типирчилайди. Ширин жилмайиши ўрнини қўрқув эгаллайди.

Чўлпон Мулк

Ами…ир…им…

Амир Темир

Оёғингга тармашган
Ўша илон буралсин,
Шу бўйнингга ўралсин!
Эс-ҳушингдан айрилиб,
Уйқуларга қонарсан,
Мангу тиним топарсан!..

Соч ўримдагн қўлини бўшатади.. Кўзи очиқ, нафас олиши тўхтаган Чўлпон Мулкнинг жонсиз кўзини ёпгандан сўнг кафтини юргизиб, юзини силайди. Жойидан туриб, гандираклаб бориб, чироғини ўчиради.

Амир Темир

Тополмасдан жумбоғингнинг ечимин
Манглайдаги чироғингни ўчирдим,
Жаннатингни кўкрагимга кўчирдим.
Ёмон ишнинг оқибати ўч экан,
Ўч йўлида ноҳақ кетсанг, кечиргин…
(Қўққисдан азобланиб, жаҳли чиқиб)
Йў-ўў-ўққ!!!
Булғанса ёр тўшаги,
Амир қандай кечирар?
Тангри қандай кечирар?!
Шамолда ёнган ўтда
Урчиб кетса қайтаман
Эртан элнинг ўшаги?
(Осмонга кўзини олайтириб)
О, Аллоҳим!
Ёлғиз ўзинг қўллагин,
Хиёнатин кечиролмай банданинг
Қонга ботди энди менинг қўлларим!
(Ўзига-ўзи)
Аёл ёвуз, лозимин
Боғи узун, қайтайин?
Шайтон йўлдан урганнинг
Қай қилиғин айтайин?…
Ақли оз,
Тақими бўш хотиндан
Эсинг бўлса, нари юр!
Эсинг бўлса, нари юр!!!

«Нари юр» деган овоз янгарб кетади. Қоронғини пайпаслай-пайпаслай эшик томон гандираклаб юриб келади. Бунга қадар бўлган ишларнинг барини кўриб турган Ингкар Бегим ҳеч нарса бўлмагандай овоз бермай, унга пешвоз чиқади.

Ингкар Бегим

Тўшагида йўқ эканми, ўлмагур?
Нега чироқ ёқилмаган бўлмада?

Амир Темир

Дўзахга жони учди,
У дунёга қовушди,
Эшик қайда?
Гўр қайда?
Икки қўлим тортишди…

Амир Темир эси кирар-чиқар ҳолатда чиқиб кетяпти. Ингкар Бегим ичкари кириб, чироқни қайта ёқади. Ўз соч ўримига бўғилиб ётган Чўлпон Мулкни кўриб чўчиб кетади ва кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, гап нимада эканини тушунади.

Ингкар Бегим

Вой-дод!
Ким бор манов саройда?
(Чўлпон Мулкка жирканиб қараб)
Шуми ҳолинг, қув қанжиқ?..
Шартта бурилиб, тез-тез қадам босиб қичиб кетади. Саҳна қоронғилашади.

Ўн учинчи кўриниш

Ясси шаҳри. Тонг олдидан карахтланиб ухлаб қолган Амир Темир туш кўради. Тушига пири Аҳмад Яссавий киради.

Хўжа Аҳмад Яссавий

Уйқу – ўлим элчиси.
Элчига эргашибсан
Эркингни улашибсан.
Ётишингни қарагин, сен тириклай
Вужудингни гўрга кўмган экансан!
Битта ғарнинг ҳийласига алданиб,
Шайтоннинг макрига кўнган экансан…
Ҳайҳот, не томошадур?..
Тур ўрнингдан!
Амир, тур!!!

Амир Темир

Қовоғингиз уюлган,
Саломингиз ҳам канда…
Темирнинг хатоси не,
Не гуноҳ қилди банда?
Айбимми тани ифлос
Тақими бўш хотинни
Жазога буюрганим,
Берганимми додини?

Хўжа Аҳмад Яссавий

Ақлу ҳушин Азозилга олдирган,
Ғазабини рашк ўтига солдирган –
Ўша бўлар ожизлиги банданинг.
Ҳой, болам-а, шошиб қилич сермадинг,
Шу ақлингга нега навбат бермадинг?

Амир Темир

Таёқ этдан,
Сўз суякдан ўтади.
Ор билан ўч ақилга
Йўл бермайин кетади.
Урғочининг ел турмай,
Жалпилласа этаги,
Шу бошига етади.
Мен Аллоҳнинг амрини
Адо этдим, вассалом…
___________
Жалпилламоқ (шева сўзи) – силкинмоқ.

Хўжа Аҳмад Яссавий

Хато қилдинг яна тайин,
Айт, сабабини билайин?
Қонталашар нега кўзинг?
Қалтирайди нега қўлинг?

Амир Темир

Ҳа… қўлларимми?
Қўлларим…
Буни била олмадим мен…

Хўжа Аҳмад Яссавий

Гуноҳингни сен бўйнингга
Ололмасанг, мен айтаман:
Кўзларинг қонталашгани –
Айбсизга гуноҳ ортганинг!
Қўлларинг қалтирагани –
Ўзинг гуноҳга ботганинг!

Амир Темир

Бош устимда ўйнагандай
Парвардигорнинг таёғи,
Кўзингиздан отилади
Ёй ўқи – бўшар садоғи!
Не бўляпти, ё пирим-эй,
Ёвуқлашдими адоғим?

Хўжа Аҳмад Яссавий

«Бесабаб қон тўкмайман», деган,
«Касни ноҳақ сўкмайман», деган
Ваъданг қайда қолди, чироғим?

Амир Темир

Қон тўкмадим,
Жазо бердим-ку, ахир?

Хўжа Аҳмад Яссавий

Аллоҳ жазо бермасмиди?
Банда унга кўнмасмиди?

Амир Темир

Тахтга ўтирган Амир,
Отга минган суворий
Эмасмиди, улуғ пир?

Хўжа Аҳмад Яссавий

Тахтингга ўтирганинг
Ҳақдан безганингми, айт?

Амир Темир

Асло бундай демангиз –
Мен отамнинг ўғлиман,
Аллоҳимнинг қулиман…

Хўжа Аҳмад Яссавий

Қулон ҳумой бўлсам дейди,
Қул ҳам Худой бўлсам дейди –
Шундай қилиб бузилади.
Ҳақ қаҳрига дуч келади.
Аллоҳимнинг қаҳри ёмон
На шоҳ, на қул топар омон,
Ноҳақ ўлим кечирмайди
Ҳеч бир кимсани ҳеч қачон!

Амир Темир

(Талвасага тушиб)
Жон, бобожон,
Ё, пирим!
Бу дунёда не сирим
Бўлса, сизга айтардим.
Эмланг фақирнинг дардин.

Хўжа Аҳмад Яссавий

Чироғим,
Мендан эмас,
Буни Аллоҳдан сўра…
(Кетиб боради)

Амир Темир

Мени қолдириб танҳо…
(Атрофига аланглаб)
Қайдан чиқди акс-садо?
Бу кун нелар берди рўй?..

Хўжа Аҳмад Яссавий

(Акс-садога айланиб)
Аллоҳ амри кечикмас,
Фақат ғафлатда қолма,
Фақат ғафлатда қолма…
Амир Темир уйғониб кетади. Руҳсизлик кайфиятидан қутула олмай, Имом Баракани чақиртиради.

Амир Темир

Битта ёмон туш кўрдим…
Пирим сочди заҳрини.
Энди кўрсатмаса, бас,
Ҳақ таоло қаҳрини…

Имом Барака

Бўйсуниш ҳам, хулқинг ҳам
Ҳақ измида, дедим-ку…
Недан чўчидинг, бундай
Одатинг йўқ эди-ку?

Амир Темир

Чўчитди кўрган тушим,
Бошимдан учди ҳушим.
Тоқатимдан айрилиб,
Дардланмасам бўлгайди.
Манзилимдан эртароқ
Отланмасам бўлгайди…

Имом Барака

Аллоҳдан келган фармон –
Бандага бўлар армон.
Манглайга ёзилганин
Толеингдан кўрарсан,
Фарзинг бўлса – ўтарсан,
Қарзинг бўлса – тўларсан…

Амир Темир

Фарз… қарз…
Иккови ҳам баробар
Қўш елкадан босади,
Иш бошимдан ошади…

Имом Барака

Ҳа, бўтам,
Икковин ҳам кучи тенг,
Бир-бирига қарамас.
(Бир оз тўхтаб туриб)
Ундай бўлса, кўрпага
Бурканишинг ярамас!
(Қўлтиғидан кўтариб)
Бўлди, тургин,
Отга мин!
Туёқлар дупуридан
Эсини йиғиб олсин
Дунё деган чала маст.!!
(Қўлини дуога очиб)
Белдан тушмай яроғинг,
Бардам бўлгин, қароғим!
Бардам бўлгин, қароғим…
Омин!!!

Хотима

Қора кўланка. Саҳна бурчагида икки қўлига икки чироқни ушлаган Амир Темир шитоб билан олд томон юриб келади. Атроф ёруғлашиб, қора кўланка қоча бошлайди.

Амир Темир

Ўнг қўлимда – бир чироқ,
Сўл қўлимда – бир чироқ.
Кўнглимда – минг-минг гумон,
Бўғзимда – шунча сўроқ…
Жоним қандай тин олсин
Ёруғлик турса ўраб,
Гўёки мен онадан
Туғилгандай хун сўраб?
(Саҳна олдига яқинлашиб келади)
Ўнг қўлимда ёғду бор,
Сўл қўлимда ёғду бор.
Қўшилганда қўш чироқ,
Дўзах элин тарк этиб,
Жаннатларин танидим.
Тугамасин, илоҳим,
Ёруғлигу юришим!!!

Саҳнанинг ҳар тарафидан аскарбошилар, навкарлар, амирзодалар, уламою дин пешволари ва ҳк. чиқиб келиб, қиямасига қуршаб, қўллаб-қувватлаб, шовқин-сурон солади.

Қабул бўлсин қаловинг,
Ўнгдан келсин тиловинг!
Қўлларингдан чиқарма
Бу дунёнинг жиловин!
Авлодинг бош-қош бўлсин
Туркнинг улуғ элига!!!
Туркнинг улуғ элига!!!

Тамом.

Қозоқчадан Фахриёр таржимаси