Жуманиёз Ўтаниёзов 1959 йили Тахтакўпир туманида туғилган. Нукус давлат университетини тамомлаган (1984). Унинг “Янги йил” (1988), «Икки мақтанчоқ» (1996), «Умид шуъласи» (2006), «Узун ва калта» (2007), «Ватанни суйиб яша» (2007) номли шеърий тўпламлари, “Онанинг юраги” (1987), «Саксонинчи йиллар» (1989), «Айдос бийнинг армони» (2007) поэмалари чоп этилган.
ТУРКИСТОН ТЎЛҒОВИ
Қора тоғдан оқ булоқ,
Тошни ювиб оққан ер.
Ойдин кўллар ярқираб
Кўзни тортиб ётган ер.
Кўчиб келган халқимга
Арвонадай ийган ер.
Чикдикми деб ёруғга,
Ўз юртиндай суйган ер.
«Ёв ёқадан олганда,
Ит этакдан олган ер…»
Ош оғизга борганда,
Юта олмай қолган ер.
Бировлар кўчиб Мағрибга,
Бировлар кўчиб Машриққа,
Бировлар кўчиб Жанубга,
Бировлар кўчиб Шимолга,
Тарам-тарам бўлган ер.
Жиян бобом қўбизин
Ҳўнграб-ҳўнграб чалган ер.
Тенглик топмай замондан,
Тенглик топмай одамдан,
Зор-зор айлаб йиғлаган
Қорақалпоқ халқининг
Кўз ёшига қонган ер.
Қўним топган одамга
Яна кўнглин очган ер.
Қалъа бўлиб қирлари,
Шодлик бўлиб куйлари,
Мартабаси ошган ер,
Шажараси достон ер…
«БОЛҒАЛИ» ОВУЛНИНГ ОЛМА БОҒЛАРИ
(«Бахмал» туркумидан)
Туркистон тоғининг узун тизмаси,
Бахмал боғларида қушлар нағмаси,
Қанот қоқар кўкка тегиб бир изи,
Илҳом олдим бунда сўлу соғидан.
Йўллар баланд-пастдир қарасанг тинмай,
Қизлар суяб кетган обикашиндай,
Қора тошга қўнган қуш овозиндай,
Минг бир жавоб олдим Ойқор тоғидан.
Минг туби бир текис, бўйлаб эккандай,
«Эгаси зўр боғбон экан»,—дегандай,
Кўрган одам сева-сева егандай,
«Болғали» овулнинг олма боғидан.
Шохи-япроқлари сариқ, қирмизи,
Олма терар Болғалининг ҳур қизи,
Гўзалликда ягонадир нақ орзу,
Қиё боқса агар кўз қароғидан.
Бизни боққа бошланг, Сайфулла боғбон,
Ўзим узиб, ҳидин ҳидлай беармон.
Есанг, ҳидласанг ҳам жонингга дармон,
«Болғали» овулнинг олма боғидан!
Зомин
* * *
Ёлғиз қолиб, шифо топмай дардингга,
Ёстиғи ҳўл бўлса кўзда ёшингга,
Оҳ уриб, ҳасратлар чекма, жонгинам,
Тиласанг, тайинман шул дам қошингда.
Ожизни тан олмас тақдир тошлари,
Булоқ қуриб қолар йўлда чўлласанг.
Қўлингга қўнмайди иқбол қушлари,
Дард денгизи ютар сузиб билмасанг.
Қоронғу деб тундан умидинг узма,
Эшкак эшу интил уфқлар томон.
Туман тарқаб, ерда тонглар отганда
Мен сени қуёшдай топарман шу он.
Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржималари