Туркменбой Жиемуратов (1953)

Туркменбой Жиемуратов 1953 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) физика факультетини тамомлаган. “Гўзаллик олами”, “Учратдим бир гўзални…”, “Рубоийлар”, “Хазина” номли шеърий тўпламлари, педагогикага оид дарслик ва қўлланмалари нашр қилинган.

ҚИЗИЛ ЖИНҒИЛ ГУЛЛАРИ

Ихлос оғиб қолади,
Кузнинг сахий кунлари.
Кўзнинг ёвин олади
Қизил жинғил гуллари.

Қандай чиройли, кўркам
Овулимнинг тунлари.
Ҳар томонга кўрк сепган –
Қизил жинғил гуллари.

Ҳуркиб қочган қуённи
Қизил жинғил яширди.
Ажиб ҳислар уйғонди,
Севдим гўзал фаслни.

Хивич бели майишиб,
Болалар чопишар от.
Жинғил турар қайишиб,
Юзингни қил эҳтиёт.

Она товуқ дон терар,
Оҳ, ёқимли қарасанг.
Жўжаларига берар…
Қизил жинғил панасан.

Овулимнинг кўрки сен,
Қизил жинғил гуллари.
Олтин кузнинг бўрки сен,
Қизил жинғил гуллари.

КИТОБ

Китоб – ҳаёт сабоғи,
Қолма, толма ўқишдан.
Озиқ тўла қовоғи
Қуюлгандай чўмичдан.

Ўқиб, очдим зеҳнимни,
Мана, учар қушдайман.
Китоб тортди меҳримни,
Ўқимасам пучдайман.

Ўқиб кўрмай қийналсам –
Ўз-ўзимга ётдайман.
Илм-билим йиғолсам –
Пойгадаги отдайман.

Жавон ичида китоб
Тураверса очилмай,
У – булут босган офтоб
Тургандай нур сочолмай.

Уйга китоб келтирган
Донишманд ота-онам.
Мияга ақл қуйган
Китоб – бойлик, хазинам.

БОБОМНИНГ БОҒИ

Бобомнинг бир боғи бор,
Ўсади ҳар хил мева:
Анжир, олма, ноки бор,
Қизил, оқ… сархил мева.

Узиб қизил анорни,
Аста чиқдим соядан.
Ёзганида хуморни,
Еб яйрамас қай одам?

Кузда ғарқ пишар бари,
Терволамиз мевасин.
Шундай сахий тупроғи –
Она юртим яшасин.

Бобом ишлайди, тинмас,
Боғи кўркам, неъматли.
“Ялқовнинг боғи унмас”,
Насиҳати миннатли.

Ўқишдан бўш вақтимда
Мен ҳам ёрдам бераман.
Ишлаётган пайтимда
Ширин хаёл сураман.
Пашент тоғида

Пилдираб тепа, қирлари
Уфққа бориб суйкалар.
Очилмай қолиб сирлари
Бошингга турли ўй келар.

Айланиб ўтмай, ҳар қачон
Ҳолланиб сувнинг бўйинда,
Қирда кўп юриб, чарчасанг,
Даминг ол Пашент сойида.

Дунёда бундай ер йўқ-а,
Она юрт сочар сеҳрини.
Оласан маънавий озуқа,
Қондириб лаззат, меҳрингни.

Тоғ гуллари ҳилпираб,
Қарасанг, кўзинг тўймайди.
Ўй-хаёллар пилдираб,
Ичингга ҳеч сиғмайди.

Пашент тоғин кездим мен,
Яйрамаган бадан йўқ.
Бир нарсани сездим мен,
Бундай гўзал макон йўқ.

МАКТАБИМ

Сабоқ олдим кўзим ёниб мен,
Зерикардим сенсиз аниқ мен,
Мисли сувда сузган балиқ мен,
Қучоғингда, она мактабим!

Дўстларим кўп, кўнглим тошади,
Сендан ақлу зеҳним ошади,
Билимимга билим қўшади,
Устозларим, она мактабим!

Мустақиллик йўлида дадил,
Ватан меҳри билан қониб дил,
Эркин замон чорлайди: кел, кел,
Қувонаман мен ҳам, мактабим!

Истиқболга йўлим бошлайман,
Билим калтин қўлга ушлайман,
Қаноти шай, учар қушдайман,
Келажакни кўзлаб, мактабим!