Шарапатдин Аяпов (1954)

Шарапатдин Аяпов 1954 йили Чимбой туманининг Шахаман овулида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган (1980). Унинг “Қуш йўли” (1986), “Ёшликнинг ҳар дами” (1988), “Лирика” (1990) номли тўпламлари чоп этилган.

КЎЗЛАРИНГ СЕНИНГ

Нурли битиклар бор осмон остида,
Жонли саналар кўп йилномамизда.
Такрор-такрор ёдда ўқиган сайин
Ажиб бир тўлғониш инар руҳимга.

Фурсат тулпорининг чопиши чаққон,
Булутдек буғ пуркаб, ёмғир тер оққан,
Юлдуз қанотли, ой тўшли жонивор
Фалакни чангитиб елар биз томон.

Бироқ уйғотолмас дала-тузларни,
Балки терс ўгрилган омад юзлари.
Бир томчи сув Орол сабаб мунг бўлиб,
Юрагимга сингиб кетар тузлари.

Ғайритабиийдир менинг сўзларим,
Гоҳ гул, гоҳ тош меҳрим, кўнгил розларим.
Содиқлигинг Барчин, соғинчларинг ғоз,
Бойчиборга ўхшар сенинг кўзларинг.

Қонинг туркий, халқим, қутлуғ маконинг,
Бўзтўрғай — саҳрода бўзлаган жонинг.
Азалий маконда абадий борсан,
Нурли битиклардек покдир имонинг.

ЁШЛИК

Орадан минг йиллар ўтса ҳам ҳамон
Дунё гул ҳидидан бўлади беҳуш.
Булбуллар сайраган чаман гулистон,
Юрагим питирлар бамисоли қуш.

Дўстлашдик ёшликнинг хиёбонида.
— Не қиляпсиз, бобо, — дедилар, — бунда?
— Ёшлик мунчоғининг доналарини
Излаяпман, — дедим, — йўқотдим шунда.

Қорақалпоқчадан Рустам Мусурмон таржимаси