Зинакан Пасанова (1956)

Зинакан Пасанова 1956 йилнинг 11 январида Ўш вилоятига қарашли Олай туманининг Мурдош қишлоғида зиёлилар оиласида дунёга келган. Зинакан Пасанова «Аёл сири» (1998), «Ёмғир тоғдан бошланар» (2001), «Сеҳрли тунлар» (2006), «Беш йил» (2008), «Академик Текенов» (2008), « Урушқоқ ғозлар» (2008), «Сирдош ёмғир» (2011), «Лаҳза» (2013), «Дўст», «Оғрима, юрак» (2014), «Мен излаган баҳт» (2020) номли қатор китобларнинг муаллифи. Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Қирғизистон маъорифи аълочиси. Жўлон Мамитов, Молдо Нияз, Тўқтағул номидаги давлат мукофотларининг лауреати. Юсуф Ҳос Ҳожиб номидаги ҳалқаро мукофот соҳибаси. Асарлари рус, козоқ, тожик, турк, монгол, уйғур, ўзбек тилларига таржима қилинган.

ҚЎЛИНГНИ БЕР, ЭЙ ЯХШИ ОДАМ

Қўлингни бер, эй яхши одам,
Илиқлик бер менинг қалбимга.
Ҳис этайин сенинг меҳрингни,
Дармон бўлгин менинг дардимга.

Ғалвалардан тўйган бошимни,
Ғалвалардан халос этгин сен.
Табиатим, ҳулқим ўзгарсин,
Мени нурли йўлга элтгин сен.

Довонларни ошайин қўрқмай,
Ишонайин эрким, кучимга.
Қўлингни бер, эй яхши одам,
Ишонолмам бошқа ҳеч кимга.

ГЎЗАЛ ТОНГ

Дилга фараҳ ато этди тонгнинг нури,
Изтиробдан бошим эгиб турганимда.
Кайфиятим кўтарилди, юзим кулди,
Тонг ҳақида гўзал ҳаёл сурганимда.

Дилга фараҳ ато этди қуёш нури,
Ва бир зумга унутдим мен, турмуш ғамин.
Юрагимни ташвишлардан этдим ҳалос,
Ёқиб қўйдим юрагимга умид шамин.

ФАРЗАНДИМ ДЕБ

Фарзандларим оғримаса, юрагим тинч,
Она қушман, жавобгарман улар учун.
Улар борчун юрагимда йўқдир ўкинч,
Қанот қоқиб, учгайдирман улар учун.

Шоду-ҳуррам яшасалар кўнглим тинчдир,
Фанзандларим – дардларимга эрур даво.
Мен уларнинг саодатин тилагайман,
Ҳар саҳарда Яратганга қилиб дуо.

Она-бола бу ҳаётнинг безагидир,
Қуёшдан ҳам кучлироқдир она меҳри.
Меҳнат қилиб икки ўғил ўстиряпман,
Иккиси ҳам элу-юртнинг бўлгай фахри.

МЕН БОЙМАН

Мен бойман, юрагимда иймоним бор,
Олисман бойлик, мансаб хуморидан.
Тақдирим менга бахтни ато этган,
Топсин деб ҳаёт сирин ашъоридан.

Мен бойман, қўлдан тушмас қаламим бор,
Ҳисларим, туйғуларим шеърга ошно.
Самимий, умрбоқий шеърлар битиб,
Яшайман, юрагимга бериб оро.

Мен бойман, ўлмас-ўчмас ҳунарим бор,
Юракларга етиб борар сўзларим бор.
Вақти келиб, чин дунёга сафар қилсам,
Ортимдан ўқилгувчи шеърларим бор.
(Қайта-қайта ўқилгувчи шеърларим бор)

Қирғиз тилидан Муҳаммадамин Ҳожакбаров таржимаси