Суярқул Турғунбоев (1940)

Суярқул Турғунбоев (Суйоркул Тургунбаев) 1940 йили Ўш вилояти, Бозорқўрғон тумани, Бешқадам қишлоғида туғилган. Қирғиз давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1964). СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1979).
Илк шеърий тўплами «Бизда ҳамма сўзлайди» номи билан 1960 йили чоп этилган. У М. Лермонтов, И. Чавчавадзе, В. Маяковский асарларини қирғизчага таржима қилган.

БАҲОР КЕЛГАНДА

Шивирайди булутлар менга
Эртанги кун руҳи — тот-таъмин
Юрак кутар баҳор кўкидан
Чақмоқларнинг катта байрамин…

ЁМҒИРЖОН

Ернинг лаби қуриган,
Остида хансирар дон…
Уни шод қилай десанг,
Ёғавергин, Ёмғиржон!

Туйғулар совигунча,
Тинчигунча ҳаяжон,
Тўлгунча токи кўнгил,
Ёғавергин, Ёмғиржон!

Яшилланиб бўз дала,
Боғлар таққунча маржон,
Ниятлар ураркан жўш,
Ёғавергин, Ёмғиржон!

Чанг-чунгдан, нопокликдан
Тозаргунча бу жаҳон—
Иложин топ, айланай,
Ёғавергин, Ёмғиржон!

Усмон Темур таржималари