Исабек Исақов (1933-2014)

Исабек Исақов (Исабек Исаков) 1933 йили Норин вилоятининг Қўчқор туманида туғилган. Қирғизистон давлат университетини тамомлаган (1958). СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1963). Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби (2007).
Илк шеърий тўплами 1959 йили “Ўроз билан хўроз” номи билан чоп этилган. У М. Исаковский, С. Стальский, К. Салыков, В. Шкода, Р. Ҳамзатов, А. Дүйсөмбиев асарларини қирғизчага таржима қилган.

* * *

Ўркач-ўркач тоғларида
Ётибди ҳали қиш қори.
Бу ердан оққан сувига
Ошиқ боғ, пахтазори…

Қарағай, қайин, арчалар
Тотишар тупроқ тотини.
Еримда қанча бойлик бор—
Очаман бир-бир қатини.

Тикилсанг, ғазал айтгудай
Ҳар гулнинг ўзга сурури.
Лиранинг сирин сўзлайди
Тоғининг тоғдай ғурури.

Чанқоғин босгач кўзларим,
Қуйила бошлар илиқ шеър…
Ҳар жойда—олис-яқинда
Соғингум сени она ер!

Усмон Темур таржимаси