Асан Жақшилиқов (1949)

Асан Жақшилиқов (Асан Жакшылыков) 1949 йили Норин вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. Қирғизистон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган (1976). 1983-1985 йилларда Москвадаги М. Горький номидаги адабиёт институтида таълим олган. Қирғизистон халқ ёзувчиси (2007).
Илк шеърий тўплами 1969 йили чоп этилган. У Пушкин, Р. Тагор, Л. Леонов, Э. Межелайтис, Г. Эмин, Б. Олейник, Абай, М. Смеляков асарларини қирғизчага таржима қилган.

ИЛТИМОС

Икки тоғдан тушган иккита жилға,
Қўшилиб водийга оққани дамлар,
Илтимос, уларни бўлиб юборманг
Яна икки ёққа, яхши одамлар.

Олис-олислардан биз томон келган
Икки қуш бир-бирига меҳрини қўйиб,
Ин қурса, илтимос, бузманглар уни,
Яшашсин инларида бир-бирин суйиб.

Илтимос, илтижо қиламан ҳатто,
Ҳар қачон инсонлик ҳурматни сақланг.
Агар ошиқларга тушса кўзингиз,
Кўрмагандай ўтинг, яхшилик хоҳланг.

Зарур бўлиб қолса мабодо ёрдам,
Қўл чўзинг, ташвишин олинг ров ўзга:
Севгидан лолу ганг, уятчан йигит,
Севгидан бахт кутган иболи қизга!

Чин дилдан уларга йўлни кўрсатинг,
Қанотларин ёйсин чин гапимиздан.
Шундай иш қилингки, улар ўзларин
Ёлғиз сезишмасин кенг сафимизда.

Шундагина улар бахт таъмин тотар,
Янги бир авлодга бўлишар доя:
Улар ҳам суйганларга лоқайд қарашмас,
Суйганлар тақдирига солинмас соя!

Усмон Темур таржимаси