Гулжамила Шокирова

БЕТАНИШИМ, БЕГОНАМ

Бетанишим, бегонам,
Ярқ этиб қараганинг…
Чарх урган қалдирғочдай,
Юракни яраладинг.

Бетанишим, бегонам,
Қайрилиб қараганинг…
Хаёлим чил-чил синиб,
Дилимни яраладинг.

Бетанишим, бегонам,
Суйдириб қараганинг…
Кўзларинг қароғида
Мен гулзор ораладим.

Бетанишим, бегонам,
Ярқ этиб қараганинг…
Ўқ еган маролдайин,
Ҳажрингда чала жоним…

БУЛУТ ЭДИМ

Булут эдим кўк юзида қалқиган,
Чақмоқ бўлдинг Сен тўсатдан чалқиган.
Қарши турдим бор кучимни найзалаб,
Қанот бердинг, сабот бердинг, азизим,
Ўша онда балқиган.

Ёмғир бўлиб тўкилдим мен шовуллаб,
Бас келолмас эди ҳатто довуллар.
Кейин эса ярқиратиб оламни,
Нурга чўмган чимилдиқдай товланиб,
Турфа гуллар ловуллар.

Ёрим бўлдинг яшил рўмол солинган,
Ёлғизсираб чиқар бўлсанг соғинган.
Бирга бўлсин бир умрга йўлимиз,
Яноғингга хўп ярашган холингдан,
Чақмоқ мисол жонингдан!

ҚАРИЯЛАР

Овулимнинг фахри, файзи қариялар,
Бизлар учун ибрат бўлиб қоласизлар.
Сизларни иззат қилиб, дуо олса,
Балки фарзанд кўрармиди боласизлар…

Куйларнинг авжга чиққан пардасидай,
Мўлжални тўғри олиб кетасизлар.
Ҳаётнинг аччиқ-тизиқ тузин тотгач,
Муаммони маромида ечасизлар.

Фариштали, пири комил қариялар,
Фаросатда авлиёга яқинсизлар.
Сизлар билан юракдан суҳбат қурса,
Ақлли бўлармиди ақлсизлар.

СЕЗМАДИНГ

Бу оламга эртакдан яралгандай,
Жавдираб ёниб турсам кўрганинг йўқ.
Баҳорнинг чаманидан завқлансанг ҳам,
Очилган лоласидан терганинг йўқ.

Тўсатдан юрагимга учқун солиб,
Бир муддат фурсатингни бўлмай қўйдинг.
Хаёлимни чақмоқдайин парчин қилиб,
Йўлларингни пойласам келмай қўйдинг.

Қаёқдан ҳам нигоҳим тушди Сенга,
Михланиб қолдинг фикру ўйларимда.
Давоси йўқ дардларга дучор қилиб,
Ихтиёрни ўз ҳолимга қўймадинг-да…

Охирги тилакларим, барно йигит,
Сен ҳам севгин бировни уйқунг қочиб.
Бир бўсанинг ҳажрида ташна, интиқ,
Кута-кута даричанг қолсин очиқ…

БАХТИМ БЎЛИБ

Ҳаётда гоҳо исиб, гоҳ совқотиб,
Баъзида парвоз этиб — оққув бўлиб,
Ўр тортиб сенга қараб ошиқаман.
Турмушим борган сайин тотув бўлиб.

Ойларнинг саҳифасин очган сайин
Юрагим ҳаприқади олов бўлиб.
Ризқим учун айтаман шукроналик,
Сатрларим чўғ ташласа ялов бўлиб.

Мисралар соҳил ювган тошқин бўлиб,
Сен ҳақингда қасида ёздим тўлиқ.
Шу гўзал бўстон аро келарканман,
Балки пешвоз чиқарсан бахтим бўлиб…

АКБАРАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ
(Чингиз Айтматовни ўқир эканман…)

Ким билибди олам ичра бундайни,
Юрагимнинг қатларида мунг-қайғу.
Куни-кеча чопиб юрган кучуклар
Бугун қайда? Излаб юзим сарғайди.

Ғурурланиб Тошчайнардай тенгимга,
Фаросатда қиёси йўқ бегимга,
Билганимда инсон зотин хўрлашин,
Кин, адоват қўшилмасди кекимга.

Ёлғонмиди кажрафторнинг бўлмоғи,
Валинеъмат нега бўйин тўлғади.
Барҳам топди ичимдаги шодлигим,
Ўғиз сутим танглайингга тўлмади.

Қандоқ кунда роҳатимдан айрилдим,
Қандоқ кунда оёғимдан майрилдим.
Ухлардингиз кенг бағримни тўлдириб,
Бўталарим ҳидингизни соғиндим,

Дилим ўртаб, тотиб тақдир зардобин,
Буюқтурган қаттол тақдир — золим-да.
Нигоҳимдан сира кетмас келбати
Қувлашмачоқ ўйнар эди —ёнимда!

Такдир, нечун она қилиб яратдинг,
Юрагимни тилка этдинг, қонатдинг,
Соғинчимдан кўкракларим сирқирар,
Чирқиратиб чор томонга таратдинг.

Кўп қир кездим, кўпни кўрдим ёшимдан,
Хўрлик кўрмай, дала-туздан, тошингдан.
Хўрлик кўрмай, улуғ Тангрим биргана,
Одамлардан — йиртқичлиги ошинган.

Эҳ, намунча қароғимни излатдинг,
Тоғларингдай дилгинамни музлатдинг.
Бўрида ҳам, ахир, юрак бўлишин —
Била туриб, сизловиқдай сизлатдинг.

Бўлса керак хўрликнинг ҳам поёни,
Фарзанд билан боғлиқ ушбу баёним,
Қиёматга қоддирмасдан ноласин,
Онасидан айирмасин боласин…

Қирғизчадан Турсунбой Адашбоев таржималари.