Алиқул Усмонов (1915-1950)

Алиқул Усмонов (Алыкул Осмонов) 1915 йили Чуйнинг Қапталариқ қишлоғида таваллуд топган. Ота-онасидан эрта жудо бўлиб, болалар уйидатарбияланган.
Педтехникумда ўқиб юрганида шеър ёзишни бошлаган. Кейин газета-журналларда, Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.
Илк китоби 1936 йили «Тонг ўйлари» номи билан босилиб чиққан. Ўнга яқин китоби нашр этилган.
Оғир касаллик туфайли Иссиқкўл бўйидаги Қўйсари курортида даволанган шоир 1950 йили шу ерда вафот этган.

ОТА ЮРТ

Иссиқ кийин, йўлинг олис, совуқ куч,
Қиш қаҳрли, бўрон увлар, йўқдир ўт.
Совуқларинг фақат менга келсин дуч,
Йўлга қарай, тўхтаб тургин, Ота Юрт!

Фалокат тик келиб тунлар кўзингга,
От тизгинин юлмасин бир ғўр, бебурд…
Бор азобинг мен олайин ўзимга,
Из қарайин, тўхтаб тургин, Ота Юрт!

Елвизакли баҳор боқмиш юзингга,
Кўп турмайди ушбу ҳаво, сур булут.
Борки дардинг мен олайин ўзимга,
Сен оғрима, мен оғрийин, Ота Юрт!

ШОИР

Шоир йўли ёруғ, нурли из каби,
Адроқли — эл суйган ўғил-қиз каби.
Шоир ёзиб, биз ўқиган тўрт сатр
Яшаши шарт ўз кучини кўрсатиб:
Баҳор ва Ёз, Қиш билан Куз
Деган тўртта сўз каби.

ҚЎМИЗ

Узун ёғоч: уч қили, уч қулоғи бор,
Чалинади қайси қўлнинг қилови бор.
Кўрганга — оддийгина, соддагина,
Билганга — ичида куй булоғи бор.

Асрлардан бир-бир ўтиб яёв, отда,
Ҳаловатли шу кунларни қўмсаб ёдда,
Бу қўмиз не-не иссиқ-совуқ кўрди —
Эли ҳам қўмизидай оддий-содда.

* * *

Кўп интилдим, лекин қолди аламим,
Оз учирдим ашъор лочин қушларин.
Ёш чоғимда сирдош бўлган қаламим
Битолмади дилимнинг ҳур тушларин.

Кексаярман, қайтмас йўлга кетарман,
Дўстлар ила хайр-хўш ҳам этарман.
Бироқ сезгум: бизни авлод, она ер —
Сийлашади, ётадирман беармон!..

МЕН КЎЛГА КЕЛГАНДА

Мен келганда бўй етмаган боладай,
Бироқ ўзин бола дея тан олмай:
Ётган экан Иссиқкўлим чайқалиб,
Тўлқинланган тўлқинидан ёнолмай…

Мен келганда тезоб шоир боладай,
Бироқ ўзин оқинман деб тан олмай:
Ётган экан Иссиқкўлим ҳайқириб—
Тошаётган тошқинидан ёнолмай…

Тинди бўрон. Булут нари сурилди.
Соҳилларда одам кўзга уринди…
Ана шунда мамираган Иссиқкўл
Ўз элидай кучли, сулув кўринди.

ОҚАР СУВ

Ҳой оқар сув, оққан сув,
Шилдир мунчоқ таққан сув.
Сирдарёга сиғмасдан
Бир косага сиққан сув.

Ҳой оқар сув, оққан сув,
Ҳар бандага ёққан сув.
Қарилар ҳам, ёшлар ҳам
Кибрланиб боққан сув.

Ҳой оқар сув, қочган сув,
Умр кўркин очган сув.
Билиб туриб одамзот
Тийинларга сотган сув.

Ҳой оқар сув, шошган сув,
Ўзига йўл очган сув…
Жониворнинг ҳаммаси
Кечиб, депсаб ичган сув.

Ҳой оқар сув, оққан сув,
Бут оламни боққан сув.
Аммо гоҳо қадри йўқ,
Ёмон сўзлар уққан сув.

Ҳой оқар сув, ерга ёр,
Йўлларинг эмасми тор?..
Қандай қилсанг, не қилсанг,
Топадирсан эътибор?..

Оқмай қўйсанг бўлиб мот,
Қотар эди одамзот.
Бир томчингга бир ўғлин
Сотар эди одамзот!..

* * *

Билмам қандай, не хаёлда қаторим?
Мен тақдирнинг заҳарини тотибман.
Замонамнинг керагига ярамай,
Эрта қуриб, музлаб бораётибман…

Билмам қандай, не хаёлда қаторим?
Мен ёзуғнинг ботқоғига ботибман…
Оғир кунни енга олмай, курашмай,
Қийилган тол каби синиб ётибман…

Яшаяпман шод-у хафа кунларда,
Қора тилак, ёмон ўйдан нариман.
Билинмасдан ўтадирман — фарқи йўқ,
Бир кечанинг ёғиб кетган қоридан…

Тоза юрдим, берилмай ёмон ишга,
Ҳаромликка бўлдим ҳалол доридай.
Дўст-у элга аниқ эди мақсадим:
Бир кечанинг ёққан оппоқ қоридай…

КУНГА

Сен одамга яшаш завқин таратдинг,
Қизиқтириб,танг қолдириб қаратдинг.
Туғар чоғи ўлиб, қайта тирилган
Она бўлиб бу дунёни яратдинг.

Сафар тортиб, ошиб неча адир-қир,
Талай йиллар келмай қўйиб негадир
Ота қурғур оғриб қолар, нетгум деб
Қўрққан каби. Қўрққанинг шу дунёдир.

Бироқ дунё ўй-фикрингга қарамай,
Бут дардингни бир уқишга ярамай,
Шўхлик қилиб, чанг соляпти эркича
Ота-онага тошмеҳр бир боладай…

БЕМОР ШОИР

Бемор оқин,
Ўйга яқин,
Оғриб, ҳолсиз ўлтирар.
Билмай оқин
Фарқу нархин
Ўлим у ёққа йўл бурар…

Бемор оқин,
Сўзи олтин,
Ҳолсиз, ёлғиз ўлтирар.
Нетсин оқин,
Оқ қоғозин
Сатрларга тўлдирар…

Бемор оқин,
Умри ортин
Қалами билан сақлар…
Таниш дўстлар,
Қора кўзлар
Эслашсин деб бир чоғлар.

Бемор оқин,
Соғлик нархин
Турар билиб, ўксиниб…
Кимдир келар,
Кимдир кетар,
Тўлдириб ер кўксини…

Бемор оқин,
Ўйлаб боққин,
Биздан элга не етар?..
Биз ўтамиз,
Бўлса тамиз,
Шеър қолади тўрт қатор…
Замон холис,
Мардлик, номус
Керак бўлур, бер қани!..
Жон чиққанча
Қадрлайлик
Умр, ота-онани!..

* * *

Пишқирган тулпордай шўх, арқираб,
Йигирма беш кириб келди ярқираб…
Қараса, вақт ўтибди, қолаверди
Яшалган бут ёшлар тани зирқираб…

Кетди, кетди болаликлар ошиқдай,
Ёшлик — ортга қайтмас олов ўқдай.
Кундалик ўйин каби қолди эсда
Оз куйланиб, унутилган қўшиқдай…

Хайр, йиллар, сиз туфайли тошарман,
Қайқиб учган лочин каби пишарман.
Орти — ўкинч, олди қизиқ қўйнингда
Оз яшадим, яна озроқ яшарман…

ОЙНАГА ҚАРАР ЯНГАМ

Тош онаси кўрсатган юзга қарар,
Қундуз сочин эринмай қайта тарар.
Керилиб, кулимсираб, қош учириб,
Аксидан завқ олишга обдон ярар…
Кўнгли тўқ, кемтик эмас биронта жой,
Ичида мендан гўзал ким, деган ўй…
Липиллаб нари кетар, келар қайтиб—
Тик пошна, шоҳи кўйлак, ўрта бўй…
Билгандан пардознинг сир-ишларин,
Бошлади упа, бўёқ суришларин…
Янгам бўёқ айбини тез топа олди,
Кўрмади бироқ юзин тиришларин…
Аён: одам ўзин алдар эрта-ю кеч,
Тан олишга тополмайди ўзида куч.
Ер тўзар, тулпор қарир, учган толгай,
Аммо бирон аёл кўнгли қаримас ҳеч.
Сулувлар хафа бўлур айтсак, бизда,
Қабул қилиш, қилмаслик эрки сизда.
Аслида биз ҳам шундай хаёлдамиз:
Эркак қурғур ҳар қачон ўн саккизда!

БИР СУЛУВГА

Хайр, эркам, хўшлашди деб торинма,
Мени кутма, мени эслаб, соғинма.
Ёш кездаги олов севги йўқ экан
Ўттиз ёшнинг, қара, нари ёғинда.

Хўш, севгилим, хўшлашувга торинма,
Яхши эдинг мен севмаган чоғингда.
Пок севгидан кўнгил қолиш кўп учрар
Ўттиз ёшнинг, қара, нари ёғинда…

Сен каптар бўз шунқорга дам берган,
Чиқарилган учгандан сўнг керакдан.
Севги деган — лаблардан ўпиш эмас,
Севги деган — ўт сочишув юракдан.

Сен бир боғса — мевалари келишган,
Мен йўловчи — унга оғиз тегизган…
Севги деган — ўпиш эмас юзлардан,
Севги деган — сузиб ўтиш денгиздан.

Сен бир узум-пишиб турган олтин тус
Айрилиқ ҳам ёқмас армон бағрини…
Севги деган-куйлаш эмас бол хўплаб
Севги деган-сипқориш ишқ заҳрини!..

Ширинсизу аччиқсизлар, сулувлар,
Алдайсизлар дилга солиб ғулувлар…
Қанча бўлса сенинг шоҳи кўйлагинг,
Юрагингда шунча севги улуғвор…

Менинг ишқим бита-юрак қалқоним,
Ўша ҳам йўқ, агар бўлса топ, қани!..
Менга ишонма, эсга солиб ҳаммасин,
Кулиб юргум сенга ўхшаб, алданиб…

Усмон Темур таржималари

МЕН ЙЎЛОВЧИ

Мен йўловчи, туғилгандан ўлгунча,
Яёв юриб зерикмаган, эринмас.
Олис экан чиққан йўлим қарасам,
Юрган билан йўл адоғи кўринмас.

Мен йўловчи, улов насиб этмаган,
Заҳмат билан кетмоқдаман пиёда.
Ҳали-бери қаримайди сафарим,
Олдимда йўл ҳали бисёр, зиёда.

Қирдан туриб кўз югуртсанг ортимдан,
Отган ўқдек шиддатим зўр бегумон.
Намоёндур гар қаршимдан кузатсанг,
Елкасида тоғ кўтарган паҳлавон.

АРМОН

Билмам, қандай ўйда экан дўстларим,
Қисматимдан ранжиб, ғамга ботурман.
Замонамнинг бир корига ярамай,
Эрта сўлиб, музлаб бораётирман.

Билмам, қандай ўйда экан дўстларим?
Тақдир мени яратмабди бус-бутун.
Наҳот қуриб, эрта синган ниҳолдай,
Иморатга бўлолмасам бир устун?

Ҳазар қилдим доим ҳаром луқмадан,
Пок умрдан қаддим адл, сервиқор.
Ҳеч кимсага чоҳ қазмадим бахилдек,
Босган изим лойдан холи, оппоқ қор.

ТЕНГДОШЛАРИМГА

Ярашмас феъли торлик мард йигитга,
Сахий бўл, эш бўлиб саховатга.
Разилу қитмир, худбин бўлсанг агар,
То абад эришмайсан камолотга.

Яхшига йўлиқсанг гар, қадрин билгин,
Ёмондан ҳам топиш мумкин яхши хислат.
Эр йигит закий бўлар, ҳам валломат,
Бандасидан қидирмайди фақат иллат.

Маррани кўзлаб чопар ҳар бир бедов,
Соҳибчангал қуш умиди доим шикор.
Биродар, ўз қадрингни унутма, лек,
Ўзганинг қадрига ҳам етмоқ даркор.

Қозонингда доим бўлмас қази-қарта,
Ошиғинг гоҳи олчи, гоҳи чикка.
Одам борки, бир-бирига йўлак-тиргак,
Йиқилганга кўмак хосдир йигитликка.

Гоҳи лойқа, гоҳи зилол бу умрда,
Ўлгунингча эсдан чиқмас ширинсухан.
Йигит мисли ўсаётган чинор бўлса,
Дуо, олқиш ҳаётбахш унга ўзан.

Бизга ёр шундай улуғ тинчлик замон,
Онадай, барчамизга тенг, меҳрибон.
Лек, афсус, бирдек эмас беш панжамиз,
Яхшиларнинг қаторида бордир ёмон.

НАСИБА

Ким севмайди навқирон ёш фаслида?
Севги ширин бир неъматдур чинданам.
Ёш танламас ишқ, муҳаббат ор эмас,
Биз севамиз, сочга қиров инса ҳам.

Бу борада менда қизиқ саргузашт –
Севганим бор икки қизни айни дам.
Қандай кечди бу қиссанинг адоғи,
Қулоғинг тут, сўйлаб берай сенга ҳам

“А” си доим мени кўриб қизарса,
“З” сида-чи, бўзаради ранги-рўй.
Бу қизариш, бу бўзариш – бир белги,
Иккови ҳам мен ҳақимда сурар уй.

Қўш соҳилга битта хавфли якка чўп,
Кўп қийнади мени икки зорманда.
Мен янглишиб, бўз соҳилга ўтволиб,
Бир умрга қолиб кетдим армонда.

ЎТТИЗ ЁШ

Умр нега неъматларнинг энг ози?
Унга ҳоким тақдир деган тарози.
Бироқ савил, озлиги ҳам майли-ю,
Унинг ўқдек шиддатидан қотар бош.
Кечагина анов қирда йўқ эди,
Қайдан чиқди бу суворий ўттиз ёш?

Тулпорига қамчи босар дамба-дам,
Манзил сари елдек учар бедов ҳам.
Ажаб, шунча олисми ё бекати?
Ўзандаги сувдай бедор одамзод.
Шунинг-чунми тиним билмас умрда,
Мени доим шошилтирар бу ҳаёт.

Бугун шодман, ўтган кунни унутдим,
Шундай кетсам, индиним ҳам ғафлатда.
Ёшлик – шабкўр, ажал келса бир куни,
Манглайимни силаб қўймас, албатта.
Ўттиз йиллик умр мендан юз буриб,
Ўтди-кетди, бир лаҳзалик фурсатда.

Шайтон кўрдим – бунча қайсар, бунча кож,
Қаршисида инсон ожиз, беилож.
Ҳаёт-мамот чегараси – ўртаси
Мўъжизакор яшил яйлов-ўтлоқдай.
Топилмайди бирон бўш жой, пучмоғи,
Ризқ-рўзга кон, қайнаб турган булоқдай.

Умримизнинг гултожидир ёшлик дам,
Баҳосига ожиз олтин, ёқут ҳам.
Пешин ўпиб, бир бор тавоф қилиш-чун,
Бир лаҳзага тўхтатолмай мен ҳалак.
Ўттизимдан тониб ортга қайтишга,
Изн бермас, вақт – қайсар чархпалак.
Тонар эдим, тонганимдан не фойда?

Гижинглаган ўн саккиз ёш сен қайда?
Узоқ умр тилаб қилгин ибодат,
Ўттиздан ҳам кўпроғи-ку яхшидир.
Ажал билан бас бойлашиб, эл учун
Хизмат қилсанг, ўтган умринг нақшдур.

Ўттиз ёшли бу суворий бетиним,
Фақат олға елаётир интилиб.
Оти чопар, қисмат уни беаёв
Таъқиб этиб, қамчи босаётгандай,
Олисдаги сирли уфқ қаърига
Сароб каби сингиб бораётгандай.

Тўхта умр, бир лаҳзага тўхтаб тур!
Кўзинг ваҳший, рангинг заҳил, бунча сур.
Сен ўжарга илтижолар икки пул,
Тошбағирсан, сенга хосдир бу қусур.
Сен қайсарни доғда қўйиб, минг ўлиб,
Минг тирилиб, ёшармасам қараб тур!

Умр нега неъматларнинг энг ози?
Унга ҳоким фурсат деган тарози.
Бироқ савил, озлиги ҳам майли-ю,
Унинг ўқдек шиддатидан қотар бош.
Кечагина анов қирда йўқ эди,
Қайдан чиқди, бу суворий ўттиз ёш?

ЯНГАМГА

Йўл бўйида бизнинг овул Қайинли,
Намозгарда, ҳар кун пода қайтган дам,
Танлаганим йилқиларнинг ичидан
Менга улов етим тўриқ той илдам…

У дамларда ўпкам экан қўлтиқда,
Шаддод эдим мен полапон кезимда.
Той елдириб, поезд билан ёнма-ён,
Ким ўзарга баслашганим эсимда.

Учқур ёшлик у пайтларда манзилинг,
Гулзор эди, каккуга ҳам ошиён.
Ўсмирликнинг толеидан сархуш, маст,
Мен ҳам асов тойчоқ эдим бегумон.

Ҳаш-паш демай, ўн беш йиллар орадан,
Ўтиб кетиб, уйга келсам таътилга.
Янгам мендан “Амалинг не” деб сўраб,
Таклиф этди бўза тўла сатилга.

Юрагимга тиғдай ботди бу сўзи,
Аросатда йиғлайми, ё кулайми?
Ҳаволарда “Аканг шоир” деб юрсам,
Бу саволдан мулзамликда ўлайми?

Тил айланмай, чапни буриб жўртага,
Ҳолин сўраб, “Юрт омонми” деб қўйдим.
Шоир бўлиб ёлчитмабман чамаси,
Не-чун яна ўзга бино, зеб қўйдим?

Баландроқ ол парвозингни илҳомим,
Дурлар терай шеър уммоним қаъридан.
Қанча соҳир гўшалар бop кўрмаган,
Ўттиз ёшнинг довонидан нарида.

САХОВАТ

Оби ҳаёт оддийгина сувлардай
Оқиб ётса қадам етмас хилватда.
Ўзим ичмай, умри боқий бўлсин деб,
Улашардим одамзодга, албатта.

Чунки, бу сув бир ўзимга ножойиз,
Инсон зоти тез қариган бир ожиз.

Обизамзам мангу қайнар булоқдай,
Тўхтамаса, то қиёмат қайновин.
Тани соғлом, филдай кучли бўлсин деб,
Одамзодга бурар эдим пайновин.

Бу қарорга келганимга бир исбот —
Одамийзод кўп ҳориган махлуқот.

Луқмон Ҳаким мерос қилган гиёҳлар,
Сероб бўлса ҳар қадамда, ҳамиша.
Улашмоқ-чун минг бир дардга даво деб,
Ундар мени савоб деган андиша.

Не-чун юргум бу хаёл-ла мен бедор?
Одам борки, бир касалга гирифтор.

Инсон жони топилса гар аттордан,
Иккиланмай, кўплаб харид қилардим.
Узоқ умр, ҳам фаровон ҳаётни
Ўзимгамас, ўзгаларга тилардим.

Ўзгартириб пича тақдир азални –
Қолдирардим дорда савил ажални.
Ангишвона, сақич, хуштак қатори,
Гўдак умри сотилса-чи, растада.

Ўзим олмай, улашардим одамга,
Фарзанд доғи эзган, дили хастага.
Бола умри бўлди нечун харидим?
Башар насли бола мунис, ғарибим.

Ҳатто мени ёмон кўрган кимсанинг,
Жони учун келган бўлса Азозил,
Агар жоним жуфт бўлсайди, унинг-чун
Берар эдим биттасини беҳазил.

Эл дардин чек, якка дардинг дард эмас,
Эл ғамидан йироқ кимса мард эмас.

ҚАЛАМГА

Сен ҳамроҳим, сен қувватим, сен бахтим,
Мангуликка ҳамкорликка унатдим.
Сени севиб қаллиғимдан ҳам бурун,
Юрагимнинг ярмисидан яратдим.

Эгизакмиз, тобутгача тотувмиз,
Машъалимсан, зулматда ҳам раҳнамо.
Вашингтоннинг долларига алишмам,
Хазинамсан, қайнарбулоқ, бебаҳо.

Зиммангдадир эл номуси, ишончи,
Йўлдан тоймай, одимлагин ҳақ сари.
Ўрт оралаб бораётган, зувиллаб,
Сен давримнинг танка минган аскари.

Замон девкор, беллашолмас барча ҳам,
Замон дарё, қиёси йўқ, сели бор.
Қанча қийин йўллар босдик, бақамти,
Яна мушкул довон сероб, бели бор.

Агар ватан керак деса, биз шаймиз,
Эр эрки-чун жон беришга ҳам тайёр.
Қалби дарё ботирлармиз, толели,
Ер шарининг озод кунжи бизга ёр.

Шундай шонли йўлда тугаб сафарим,
Тун ямласа, кундузни ўз комида.
Куним битиб, мангуликка бош қўйиб,
Қазо етиб, қолсам ажал домида.

Шу заҳоти ҳаялламай қаламим,
Ортмоқла-ю, кенг водийга дарҳол ет.
Кўп йиғламай, тўлқинларга яқинроқ,
Иссиқкўлнинг соҳилига дафн эт.

Кўл мавжлари қилиб турсин зиёрат,
Сўнгги ётган манзилимга бериб зеб.
Тўлқинлари шивирлашсин: “Шоирнинг
Юр, кўрайлик, ухлаб ётган ерин деб”…

Бизнинг турмуш, бизнинг давр ғаройиб,
Манглайларга ажин солган ўқ-чизиқ.
Қонлар тўкиб эришилган бу ҳаёт,
Ҳаққи рости, ғоят ширин, энг қизиқ..

Сен ҳамроҳим, сен қувватим, сен бахтим,
Мангуликка ҳамкорликка унатдим.
Сени севиб қаллиғимдан ҳам бурун,
Юрагимнинг яримидан яратдим.

УМРИНГДА ДАРЗ БЎЛСА, ШЕЪРДИР ЧЕГАЧИ

Кашшоф эдик, янги замон фарзанди,
Буйнимизда алвон бўйинбоғ эди.
Давримизнинг сонияси – мўъжиза,
Эркалатиб, димоғимиз чоғ эди.

Бир бор келган бу беш кунли дунёга,
Бир кун берсак ўзимизга ҳисобот,
Эсиз, умр елга кетган экан деб,
Армон билан чекмасак бас, хижолат…

Умрингда дарз бўлса шеърдир чегачи,
Шундай бўлгач, қиста илҳом тулпорин.
Ярайлик биз замоннинг бир корига,
Ҳеч ким билмас умр чекин, миқдорин.

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев, Қурбон Саттор таржималари