Эдвард Стахурани (Edward Stachura) замондошлари “Йўл одами” деб аташган. Шоир бутун Польшани ва дунёнинг ярмини кезиб чиққан. Шеърий матн устида, ифода услубида, феълларнинг замон категориясида кашфиётлар яратган.
* * *
Бизни
тўртбурчак қафасга қамашди,
қанотларимизни қирқишди,
буюришди:
муҳаббат ҳақида куйланг.
Орамиздан биров
мумдан қанот ясаб учди,
муҳаббат ҳақида куйлаш учун
қафасдан қочди,
уни ақлдан озган, дея
мазах қилишди,
“қаҳ-қаҳ” кулишиб
қанотларига ойна тутишди,
шунда… мум эриб кетди.
Қулоқсиз бола қафасга қайтганида эса
унга ёқимли жилмайишиб
Дедал билан Икарни
ватани
Афинага қайтишга қўймаган
золим қирол ҳақида чўпчак айтишди.
Бироқ
зулматда яшовчи маймунтумшуқ махлуқлар,
билиб қўйинг,
ойна нурида
эримас ҳамма.
ИНСОННИНГ ҲАЁТИ – ЙЎЛ
Инсоннинг ҳаёти – йўл:
Ҳамма келаётир,
Ҳамма кетаётир…
Қаёққа кетмоқдасиз? Қаёқдан келмоқдасиз?
Қаёққа? Қаёқдан?
Инсоннинг ҳаёти – фақат туш, холос:
Йилт этар-да ўтар-кетар,
Етармисан –
Етолмайсан?
Етолмайсан!
Бекор! Бекор! Бекор!
Токи тирик экансан,
Юрмоқ керак! Юрмоқ керак!
Юражакман!
Бекор! Бекор! Бекор!
Токи тирик эканман,
Юражакман! Чопажакман!
Бўйсунмайман!
Инсоннинг ҳаёти – йўл:
Гоҳ унда у,
Гоҳ бунда у…
Йўл азоби – гўр азоби?
Йўл азоби – гўр азоби!
Инсоннинг ҳаёти – булутдек юзар:
Бир оз баланд,
Бир оз паст…
Ўлим кўз юммасми-я?
Ўлим кўз юммайми-я!
Бекор! Бекор! Бекор!
Токи тирик экансан,
Юрмоқ керак! Юрмоқ керак!
Юражакман!
Бекор! Бекор! Бекор!
Токи тирик эканман,
Юражакман! Чопажакман!
Бўйсунмайман!
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси