Сиёвуш Сархонли (1942-2005)

Шоир ва публицист Сархонли Сиёвуш Али ўғли (Səyavuş Sərxanlı) 1942 йил Озарбайжоннинг Шамкир райони Сархон қишлоғида туғилган. Университетни битириб, “Юлдуз” журналида, Озарбайжон Ёзувчилар бирлигида ишлаган. Москвадаги Максим Горький номли жаҳон адабиёти институтининг икки йиллик олий мактабида ўқиб 1981 йилда тугатган.
Бокуда ўнлаб шеърий китоблари чоп этилган. 1971 йилдан Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги, Озарбайжон журналистлар уюшмалари аъзоси.
У Абдулла Ориповнинг “Бир жуфт қора кўз” номли поэма ва шеърлар тўпламини таржима қилиб, Бокуда чоп эттирган. Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни” романи унинг таржимасида босилган. Озарбайжон “Қизил қалам” мукофоти лаурети Халқаро мукофотлар соҳиби бўлган.

ГЎЗАЛЛИК ҚОНУНИ

                                   Малика Аҳмедовага

Бир ари ғунчага парвона эди,
Оп-ойдин, мусаффо май саҳарида.
Уни азизлаган ғунча устида,
Қуёшнинг қайғули шафақларийди.

Ғунчанинг кўзидан ёш тўкиларди,
Ари ботиб борар ўз кафанига.
Гуллар қувнар эди, гуллар куларди,
Арилар келарди унинг дафнига.

Ҳар кун бир афсона яратар ҳаёт,
Саҳари бошқадир, бошқадир оқшом.
Гўзаллик дейишдан тўймаган қанот,
Томоша яратди ғамли томоша.

Тупроққа ғарқ бўлар гулларнинг боши,
Кўрдим чечакларнинг гул рангги сўлар.
Тушган барг эдими ёки кўз ёши,
Йиғлаган ким эди, не эди мубҳам?..

Бари юрагимни босиб боради,
Яшаб ўлмоқликнинг бирдир қонуни.
Ғунчанинг устида ари ёнади,
Гўзаллик деб берар экан жонини!..

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси