Расим Гаража (1960)

Расим Гаража (Rasim Qaraca) 1960 йили туғилган. Боку Давлат дорилфунунининг журналистика факультетини тамомлаган. Янги адабий ҳаракат намояндаси. Унинг “Ўлимга бахшида қуёш” номли шеърий тўплами эълон қилинган.

БУЮМЛАР

Бош чаноқ

Юк машинасин чироқлари нурида
Кўзга ташланади қабр тошлари.
Гулхандан кўтарилувчи тутунга
Чулғанади маҳзун саси бойқушнинг
Тез орада
У ерга ҳам тушади шуъла.

Кўлмак

Қарагин-а,
Энг кир кўлмаклар ҳам
Акс эттиради қуёшни.

Сўқмоқ

Катта йўллар
Қишлоқлар, шаҳарлар
Сўқмоқлар сўнгги
Чексизлик.

Гилам

Учар гиламни дорга осиб
Ҳовли ўртасида қоқади уй бекаси.
Калтак билан урар аямай уни
Ортиқ ҳаволанма, ҳаприқма дея.

Балиқ

Тун ўтар
Уйқу билмайди
Аквариумдаги балиқ.

Тўзғитиб юбормаслик учун
Фикрини
Шуъла қошида
Тек қотган.

Денгизга етаман дер,
Ишонар шунга
Тентак борми ундан ортиқроқ.

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси.