Мирза Ҳасан Қорабоғий (Mirzə Həsən Yüzbaşov-Qarabaği) XIX асрнинг иккинчи ярмида Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятига қарашли Шуша шаҳрида яшаб, ижод этган. Бу дилбар шоир Фузулий ва Навоийни бирдек ўзига устоз деб билган. Унинг ижодий меросида Навоий ва Бобур шеъриятининг оҳангларини илғаш у қадар мушкул эмас.
Қорабоғий озарбайжон, форс ва ҳатто ўзбек тилларида ҳам ғазаллар ёзган. Унинг форс ва озарбайжон тилларида битилган ғазал, маснавий, рубоий, қитъа, таркибанд, тахмис ва тамсилларидан таркиб топган умумий олти минг байтдан ошиқроқ келадиган девони мавжуд.
Шоирнинг ўғли Халил Юзбошев ҳам Халил тахаллуси билан дилбар ғазаллар мерос қолдирган, шунингдек, Навоий асарларини озарбайжон тилига ўгирган моҳир таржимонлардан саналади.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Шавқи – меҳри оразинг, жисмим аро жондан лазиз,
Шавқи – шаҳди лаълинг, эй, моҳ, оби ҳайвондан лазиз.
Моҳи рухсоринг зиёси, меҳри анвардан мунир,
Инжа оғзинг ғунчаси гулбарги хандондан лазиз.
Ёди гулзори руҳинг фирдавси аълодан гўзал,
Гулшани рўйинг сафоси боғи ризвондан лазиз.
Эй нигорим, бир дафъа гулзори рўйингни кўриш,
Ҳақ биларким, мен учун сайри гулистондан лазиз.
Жилваи рухсори олинг барча гулдан дилпазир,
Ифори зулфинг гулистон ичра райҳондан лазиз.
Ноладан бўлма халос, ҳажрида ёрнинг, эй, кўнгул,
Йўқдурур, дармон ғами ҳижронга афғондан лазиз.
Гар Ҳасан жонин бериб васлин тилар, бир важҳи бор,
Ёди васлинг эй, нозанин унгадур жондан лазиз.
* * *
Афсуски оламда бир имдодга етган йўқ,
Фарёд қилган кўпдур, вале додга етган йўқ.
Танҳо эмассанки, кам де муяссар, эй, дил,
Мақсуду муродина бу дунёда етган йўқ.
Ҳар раҳгузори умрда минг хавфу хатар бор,
Сарманзили матлубига озода етган йўқ.
Ҳар бир кимсага ҳоли дилинг айлама изҳор,
Кўп чекма абас, нолаки, фарёда етган йўқ.
Халқ ичра, кўнгул, кўр на ямон жангу жадал бор,
Бир матлабга бу шўришу ғавғода етган йўқ.
Ўз нафъини ўйлар экан ҳар матлаби ижод,
Бул муаммонинг тубига дунёда етган йўқ.
Кўп доду фиғон этма, Ҳасан, айлама фарёд,
Фарёди фиғони дили ношодга етган йўқ.
* * *
Фалак қилмиш мени ҳар бир балога мубтало, эй, дил,
Вале, ағёр мақсудин этар доим раво, эй дил.
Балои ҳажра сабр эт, гар муродинг васли жонондур,
Бул машҳури жаҳондур: “ал-балою-лил-вало” эй дил.
Фалакдан таъма қилма, истама меҳру вафо ундан,
Хилофи расмдурким, чархдин кутмак вафо, эй дил.
Кетиб ишқида бир раъно нигорнинг сабру оромим,
Билдим, турмас муқобил шоҳ ила ҳар бир гадо, эй дил.
Жаҳон аҳлидек кўп дунёга қилма ружу зинҳор сен,
Магар, оқил киши ҳар дам қадрин айлар бебаҳо, эй дил.
Хаёл этмас биҳиштни ҳеч, агарки топса ишқ аҳли,
Фароғат кунжи узра бир аниси бериё, эй дил.
Агар бахтли бўлай, дерсан, ўзингни қатъий улфат қил,
Жаҳон дардин Ҳасандек тарк этиб бўл подишо, эй дил.
* * *
Сари кўйида ёрнинг, эй кўнгул, бир нола бунёд эт,
Бу пинҳон дардими ул маҳлиқоға шарҳ қил, ёд эт.
Кўнгил кошонаси вайронадир бедоди ҳажридан,
Бу мулк ахир, сенингдур, севгилим, раҳм айла, обод эт.
Эшитдим, ул санам нолам севар ашким равон истар,
Бу йўлда жаҳд қил, эй кўз ёшим, эй нолам, имдод эт.
Қаро зулфинг ҳавасидан кўнгил асири меҳнатдур,
Анга раҳм айла, эй моҳ, бенаводур, ғамдин озод эт.
Агар васли нигор истарсан, эй дил, тарки лаззат қил,
Сари кўйинда доим ул нигорнинг доду фарёд эт.
Жафову дарди ҳижрон ила кўпдандурки, ношодмен,
Мани васлингга бир дам, маҳвашим ёд айла, дилшод эт.
Рақиблар туҳматин, бегона зулмин, дўст таънасин,
Ҳасан, сол ёдга, бир-бир, нола қил, фарёд чек, дод эт.
* * *
То сабо зулфин у ёрнинг юзда афшон айлади,
Озурда кўнглум ҳолин ўшал паришон айлади.
Қайси бир гул ғунчаси боғ ичра бўлди жилваранг,
Оқибат боди хазон бағрин анинг қон айлади.
Қайси наргис ким, чаманда ичди ишрат жомини,
Сарсари даврон уни охирда гирён айлади.
Кўп шаҳаншоҳи фалак тахт узра бўлди сарбаланд,
Хор қилди оқибат, хок ила яксон айлади.
Кимники қасрини қилди меъмори гардун феруз,
Ул қасрни чархи дун зулм ила вайрон айлади.
Даҳр кўйига алданма, ул беҳад маккорадур,
Ким унинг илкин тутар, охир пушаймон айлади.
Ишқда ҳам янглишма, эй дил, ишқ йўли осон дебон,
Демаки Фарҳоду Мажнун ани осон айлади.
Бири Мажнун ғамгиндур, бўлди расвои жаҳон,
Бири Фарҳоди хазиндур, қон ичра пинҳон айлади.
Ишқ саҳросинда бисёр, эй Ҳасан, саргашталар,
Ким сенингдек жонини жононга қурбон айлади.
* * *
Бир малакрифъат, моҳи тобонни кўзлар кўзларим,
Бир дураҳшон гавҳари яктони кўзлар кўзларим.
Подишоҳи тахти исмат, мажлисни базм айлаган,
Шаҳбози гулшани эҳсони кўзлар кўзларим.
Айларам пайваста хуршиди жамолини оризу,
Бир қамарталъат, малаксиймони кўзлар кўзларим.
Хийла муддатким, ул моҳдан келмади ҳеч бир хабар,
Бир малакменгзар, моҳи давронни кўзлар кўзларим.
Фурқатидин жисму зорим нотавон ўлмиш маним,
Сендан, эй кони сиҳат, дармонни кўзлар кўзларим.
Масканим бир байтулхазон ўлмиш манга Яқуб каби,
Кўп замондур, ул моҳи Канъонни кўзлар кўзларим.
Ҳар қайси хунхорга мутлоқ илтижо этмас Ҳасан,
Бир шаҳаншоҳи, малак барнони кўзлар кўзларим.
* * *
Кўзим гар сендан ўзга ёрга боқса, ашкбор ўлсун,
Агар бир ўзга кўз ҳам кўрса, рухсоринг фигор ўлсун.
Агар кўнглим сенинг-ла бўлмаса, жисм анга тор ўлсун,
Ва гар бир ўзга дил ишқинг истарки, қайғудор ўлсун.
Жамолинг меҳрини тарк этсам, бахтим қаро бўлсин
Ва гар бир ғайри кас меҳринг истарки, дил фигор ўлсун.
Санинг хобгоҳингдан ўзга манзил этсам, масканим ёнсин,
Мендин ўзга бошин қўйса, бунда доим низор ўлсун.
Тилим лол ўлсун, гар васфингдан ўзга зикр этса ҳаргиз,
Агар бир ўзга тил ҳам васфинг айлар, шармисор ўлсун.
Агар сенсиз кезай гулзор, гулзорим хазон бўлсун,
Агар бир ғайри ҳамдам ҳам сенга ёр ўлса, хор ўлсун.
Залил ўлсун Ҳасан сендан ўзга ёра мойил ўлса
Ҳам андин ўзга кас гар сенга ёр ўлса, зор ўлсун.
* * *
Ханжари – мужгони чашминг тўкмаган қон қолдиму?
Ғамзаи – шўхинг пайкони олмаган жон қолдиму?
Ўз сафосиндан дамодам дам урарди ойина,
Меҳри рухсоринг кўриб, ҳуснингга ҳайрон қолдиму?
Мендан, эй зоҳид, абасдур, дину иймон истамоқ,
Оразин кўргач ул ёрнинг, менда иймон қолдиму?
Чарх ясай деб саъй этарки, қошларингдек бир ҳилол,
Бул хаёли тунда синмуш, охир пушаймон қолдиму?
Оҳки дерсан: “Меҳнати ҳижронга сабр эт, эй кўнгул!”
Сабр этарга кўрким, менда зарра имкон қолдиму?
Бермишам жону дилим-ла дину иймон зулфига,
Қуллуғимда, севгилим, айт-чи, нуқсон қолдиму?
Ишқ саҳросинда Мажнун, гарчи саргардон, вале,
Эй Ҳасан, сен каби ҳеч зору паришон қолдиму?
* * *
Ҳар замон ноз илаким, ёрим чиқар кошонадан,
Хаста жоним чиқмоқ истар бу тани вайронадан.
Риштаи жонимдурур билмамки, бўлмиш печу хам,
Ё, сори зулфи – нигоримдур, кечибдур шонадан.
Тарки жон эт, эй кўнгул, гар ишқни айларсан ҳавас,
Роҳи расми – ишқни ўрган шеваи парвонадан.
Зоҳидлар афсонасиндан беҳуд ўлсам, не ажаб,
Уйқу касб айлар кўзум, шаксиз ёлғон афсонадан.
Сенда зоҳид, кўрмадим ҳаргиз олмоқни дарди дил,
Чораи дардим топилди муршиди майхонадан.
Мен каби Мажнун вафо расминда машҳур ўлмади,
Ишқ асрорин, азизим, сўрма ҳар девонадан.
Ҳоли ўлмас зор кўнглум дарду ғамдан бир замон,
Йўқдур бир ғамким, канор ўлсун бу меҳнатхонадан.
Ёр агар заҳри ҳалолин берса, нўш айлар кўнгул,
Ошиқ улдир кечмаса, албатта шул паймонадан.
Ошинолар туҳмати оламда хор этмуш сани,
Эй Ҳасан, қайғурмагил ҳеч таънаи бегонадан.
* * *
Кўнгул, кўп қилма нола, этма фарёд,
Фалакнинг гардишидан айлама дод.
Ғуссадур – шодлиги, айши – марорат,
Бўлубдур зулм ила бу даҳр бунёд.
Севар ғам кўнгилни, кўнглим балони,
Балою ғамдан бўлмадим бир дам озод.
Бўйла, бир лаҳза Ширин этмади ком,
Қулатса-да, тоғларни зори Фарҳод.
Азал машшотаси чизмиш жамолинг,
Аёндир суратингдан мақоми устод.
На мушкулдир кўзингдан жон асрамоқ,
Туркона қароқлар ғамзаси жаллод.
Этмасун дод неча мужгон ўқиндан,
Кўнгул бир парча қон, пайконинг пўлод.
Фанодир охири, йўқдур бақоси,
Бу дунёдан, Ҳасан, ким бўлди дилшод?!
Муҳиддин Омон таржимаcи