Қашам Насафзода (1959)

Қашам Насафзода (Qəşəm Nəcəfzadə) 1959 йилда Озарбайжоннинг Имишли минтақасида туғилган. Таълим факультетини тамомлаган. Тафаккур университетида катта муаллим вазифасида ишлаган. “Озарбайжон” журналининг шеърият бўлимини бошқарган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг Бошқарув ҳайъати аъзоси, Болалар адабиёти секциясининг раҳбари бўлган.
“Севгининг сўнгини сўйламанг менга”, “Ухлаётган денгиз расми”, “Бир келин долга билан ёнма-ён”, “Севишни истайман янгидан”, “Кулимсаган дарахт”, “Шеъримнинг дастаси”, “Сени эслаганимда”, “Алвидо, дунёга келгунга қадар” каби ва бошқа китоблари нашр этилган. Шеърлари рус, инглиз, француз, голланд, турк ва бошқа йигирмадан ортиқтилларга таржима қилинган.
2004 йилда Мадридда “Халқаро Қизил Приз” мукофотига, 2006 йилда Тавфиқ Маҳмуд мукофотига, 2008 йилда Расул Ризо Халқаро шеърият мукофотига лойиқ кўрилган.

ЎҒЛИМ, ЭШИКНИ ОЧ, ЭШИКДА БИР ШАМОЛ ЎЛДИ

Балки кеча бутоқни сен синдиргандирсан…
Ўғлим, эшикни оч, эшикда бир шамол ўлди.

Балки кеча сен бир дарахт экмагандирсан,
Бас нега ўлмасин эшигимизда шамол?

Балки бир дарахтнинг камайгандир япроғи
Оёғини қаерга тирасин шамол?
Шамолнинг суврати эди — қизларнинг сочлари…
Қани сочлар?
Учиб кетмиш шамолнинг тиргаги.

Шамол керак отга тегсин учун, от қани?
Шамол керак сочга тегсин учун, соч қани?
Севишганлар орасидан ўтиш учун шамол керак,
Ўтиб бўлди дейсан ўғлим, оҳ, эшикда бир шамол ўлган.
Шамол одамга тегар, ўса бошлар
Чақалоқ бир куртак каби
Устки бутоқлари чиқар.
Шамол керак қўлдан тутиб турғазишга,
Ўтдан юксалар,
Дунёга бир яшил япроқдан эсар.
Керак дераза ойнасига шамол,
Чўққига интилган бир бола пайпоғига тегар.

Эсди, эсди таянишга қўл топмади.
Бироз кўринишга бир қил топмади,
Атрин ташимоққа бир гул топмади,
Бир пайпоқ кўрмади чўққида сийпалашга,
Қани, қани болалар?

Бир йўл топмади тўзини тўзғитишга
Йўлни босибди ўтлар.
Ўтларнинг устида суришди шамол
Тура олмади оёққа.
Ўғлим, эшикни оч, эшикда бир шамол ўлди …
У шамолни йиғлатган энг кўп сенинг
Шамол каби юксалган торинг бўлажак.

ИККИ САҲИФА

Қишлоқ ёнидаги эски тегирмон
Кўз ўнгимда ҳамон,
Ёдимда қолган ёмон
Омон, омон, воҳ омон.
Отам-ла келтиргандик буғдой торттиришга,
Эндигина ўтгандим еттинчи синфга,
Қўлимда адабиёт китоби,
Бир варағини қат-қат қилиб буклагандим
Янги дарснинг жойини.
Тирик бир соат чирилларди
Қат-қат буклаганим варақдан.
Бир келин ҳам бор эди қишлоқлик, эрсиз.
Қўллари буғдой тойлари-ла банд
Бир оз ҳадикли
Юзлари оқ, кўйлаги читдан.
Тегирмончи
Дон қабул қилувчи бобо,
Ориқ, мўйловли
Қора чигиртка каби киши
Чиқар юқори, сакрар қуйига.
Мўйлови, қошини қоплаган ун
кун шуъласида йилтиллайди,
Кўзлари каламуш кўзларидай милтиллайди.
Тегирмончи
Дон қабул қилувчи бобо,
У ёққа чопди,
Бу ёққа чопди,
Бирдан пастликка ётди,
Атрофни кузатди,
Кутилмаганда пастдан тепага
Келинга тикилди.
Бир кўзининг ажинлари
оқ варақ каби қат-қатланди.
Бас, не эди у кўзларни қат-қатлаган?
Келин ерга кириб кетгудек эди.
Юрагим балиқ каби типирларди.
Уйга қайтдим
Қулоғимда тегирмон овози
Ёдимда эса икки саҳифа:
Бири адабиёт китобимда қат-қат букланган варақ.
Иккинчиси тегирмончининг варақ каби
қат-қатланган кўзлари.

КАТТАЛАР СAHAMACИ

Яхшиямки, мен сенга телефон қилдим
Яхшиямки, телефонни ўчириб қўйдинг
Яхшиямки, сабабини суриштирмадим
Яхшиямки, энди мени севмаслигингни
Айтақолдинг…
Яхшиямки, мен сени ўлдирмадим
Яхшиямки, яқинимга келмадинг сен ҳам
Яхшиямки, мен ҳам сени қувиб солмадим
Яхшиямки, сен ҳам қочмадинг
Яхшиямки, мен чиқиб бу тарафга кетдим
Яхшиямки, сен ҳам чиқиб у тарафга кетдинг.

Миразиз Аъзам таржимаси

ОЗАРБАЙЖОН

Мен сени севаман, ўлмайсан ҳеч вақт,
Кет, оқ болишингга сочларингни тўк,
Ҳеч қўрқиб йиғлама, кўзларингни юм.
Сен Аллоҳ, сийнангдан қўлингни оч, тўк,
Бу ўлиш фикрини бир тарафга от.
Кўзингни юммоққа қўрқарсан қизим,
Мен сени севаман, ўлмассан ҳеч вақт.

Кўрдинг, мен деганди дунёнинг иши,
Кўнгил истаганни милён қўлни тут.
Қора кўзларингга ўлим илашса
Қўрқма,
Мен сени севаман, ўлмассан ҳеч вақт.

Қўрқма, сен томонда кўзим ҳамиша,
Ўлим бир тукингга тегина олмас.
Қўрқсанг гар, кел тушиб тупроқ устида,
Бўлиб ялангоёқ юрайлик қизим.
Тушиб поездлардан, тайёралардан,
Тушиб туфлилардан, мартабалардан,
Тушсак тупроқ боссин оёқларимиз,
Эниб чечакларга, гулларга нолар,
Агар оёқ яланг юришни билсак,
Изимиздан тушиб келар одамлар.

Ҳали қатордамиз, таёрадамиз,
Ҳали гул устида, бомба истадик.
Не бўлсин,
Мен сени севаман, кет орқангга ёт,
Юрагинг оғриса, қатор йиқилса,
Тайёра силтаса само юзида,
Қўрқма,
Мен сени севаман ўлмайсан ҳеч вақт,
Ўлмайсан ҳеч вақт.

БИЛДИНГМИ?

Ёмғир тўла қўлинг, панжаларингни севдим,
Билдингми- билмадингми?
Кўзингдан сархуш каби,
йиқилдим юрагингга.
Кулдингми- билмадим?
Ўзимиздан анча,
ёпиқда оёғимизнинг қўша таянмоғини севдим.
Сан ҳам севдингми, билмадим?
Сан ётган юрагимга, бошимга суял.
Қўлларимнинг нидо қилганини
Биласанми-билмайман?
Қўлларинг булут каби кўлга
солур,
Сочларимнинг учганига,
Дейсан оқшомда ёмғир ёғар,
Хабаринг борми, билмайман?

ҲАЁТ

Тушуниб-тошиниб,
Ташиниб-тушундим бир оз,
Ҳаёт бир тош каби олдимга тушди.
Одам ақлданмиш, севги дейилган,
Қизларин кўк чойга отиб кетганмиш.
Севилиб-севилиб отилган ўғлон,
айрилган гўзал,
Айрилдим, буларнинг ҳаммаси недан?
Севиш қоидаси ўлмоқлик дема,
Кетмоқнинг, келмоқнинг йўли бор эмиш.
Оловдир, денгиздир севги дегани,
Оловга, денгизга қиз келмас ахир,
Оловдан одамга уй бўлмас ахир.

Севги қоидаси бўлади дема,
Бу йўлни билганга қиз боқар қиё.
Гўёки, муҳаббат дарс каби дема,
Уни ардоқламоқ, ўрганмоқми ё!
Тушуниб- тошиниб,
Тошиниб-тушундим бир оз,
Ҳаёт бир тош каби олдимда эди.

САҲАРЛАРНИНГ САҲАРИ

Саҳаррарнинг бир саҳари
Оллоҳ кўкдан узатиб қўлини,
Бир ишлар солади ернинг бошига.
Сарҳадлар учади,
Қушлар энади,
Узун даҳшатли ракетлар
Бир он тупроққа дўнади.

Аллаҳ чекади қўлини,
Байроқлар япроқ бўлади.
Аллоҳнинг ердан топгани,
Бир гўдак ушоқ бўлади.

Улуғ Тангрим буюк элини,
Тупроққа тенг айлайди.
Айби борин боғлаб қўлини,
Жаллод кундага жойлайди.

Улуғ тангрининг қўлига,
Ракет тўлади, тўлади.
Кўкка қалққан иморатлар,
Гўдак ҳолича ўлади.

Тангрим гўдакни олиб қўлига,
Ҳар нени сасида қуради.
Соатлар гўдакнинг йўлига,
Юраклар унингдек уради.

Саҳарларнинг бир саҳари,
Бизларга дарс бўлади.
Миллат инсонга айланар,
Бутун диллар сас бўлади.

* * *

Сени ҳам чиқардим, шеърларимдан,
Отингни бир бошқа дафтарга ёздим.
Энг гўзал шеъримни қизларга эмас,
Энг гўзал шеъримни итларга ёздим.

Гоҳ боғ қилдим, гоҳ боғ расмини чиздим,
Оғоч юзларига оҳ шаклин чиздим,
Умримда бир бора тоғ шаклин чиздим,
Нодонлик олдидан ёт дорга ёздим.

Юзимни ол қонга бўяганда ёр,
Лолайди, кўзингдан қайнар эди ёр.
Ман билан шоҳ ва мот ўйнар эди ёр,
Хонанинг бирига “кет” дея ёздим.

Савдом тамом, оқшом-оқшом йиғладим,
Оғриқ бошга қора шамлар боғладим,
Бир кечада қирқ кун ёсин сақладим,
Бу шеърни кун юзи саҳарга ёздим.

Дилбар Ҳайдарова таржимаси