Низомий Ганжавий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд – Nizami Gəncəvi) (1141 — Ганжа шаҳри, Озарбайжон — 1209.12.3) — озарбайжон шоири ва маърифатпарвари. Ота-боболари Эроннинг Қум шаҳридан бўлиб, онаси (Ганжа атрофидаги қишлоқлардаги) курд саркардаларидан бирининг қизи бўлган.
Қуръонни ёд олган. Фиқҳ, тарих, география, фалсафа, мантиқ ва адабдан таълим олиб, уларнинг ҳар бирида устод даражасига етишган. Табиий фанлар, хусусан, табобат ва илми нужум (астрономия)ни ҳам яхши билган. Замонавий илмлардан ташқари, юнон фалсафаси ва адабиёти, эроний халқларнинг исломдан олдинги сўз санъати, халифалик даври илмий-адабий асарлари, яҳудий ва насроний халқлари тарихи, Кавказ халқларининг ўтмишидан етарли маълумотга эга бўлган. У етук математик сифатида ҳам эътироф этилган.
12-асрда Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарлари, жумладан, Ганжада ҳам жавонмардлик ёки ахийлик билан машҳур ҳаракат кенг ёйилган. Ҳаракат аъзолари, асосан, косиб ва ҳунармандлардан иборат бўлиб, улар золим ҳукмдор ва амалдорларга қарши курашган, кенг халқ оммасининг манфаатларини ҳимоя қилган. Эзгулик, адолат, инсоф, мурувват, лутфу карамни шиор қилиб олган бу тоифа илму маърифатга катта аҳамият берган. Низомий Ганжавий бу ҳаракат кридаларини ҳурмат қилган ва уларга мойил бўлган. Низомий Ганжавий шахсияти, дунёқараши ва ижтимоий ақидалари шу ташкилот ғоялари, косиб ва ҳунармандлар таъсирида камол топган. Низомий Ганжавий ўз асарларини ўша замондаги шоҳ ва шаҳзодаларга бағишлаган, лекин сарой шоири бўлишни истамаган, бу ҳакдаги таклифни рад этган.
Низомий Ганжавийнинг 20 минг байтдан иборат шеърий девони бўлган. Шоирнинг лирик шеърлари турли баёз ва тўпламлардан таркиб топиб, жамланган. Лекин ундан айрим парчалар: 16 қасида, 192 ғазал, 5 қитъа, 68 рубоий ва 17 байт сақланиб қолган, холос.
Асосий асари «Хамса»: 1. «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси», 1173 ёки 1180)да муқаддима ва хотимадан ташқари 20 мақола бўлиб, ҳар мақолага оид 20 ҳикоя мавжуд. Асарда шоир яшаган даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалалари акс этган. Кейинчалик бу асарга жавобан форсий ва туркий адабиётларда 40 дан ортиқ достонлар (Навоий, «Ҳайрат ул-аброр») яратилган. 2. «Хусрав ва Ширин» (1181) севги ва садоқат мавзуида; 3. «Лайли ва Мажнун» достони (1188) араб ривоятлари асосида яратилган; 4. «Ҳафт пайкар» достони (1196) Баҳром Гўр ва унинг номи билан боғлиқ воқеаларга асосланган. Асар ҳикоя ичида ҳикоя тарзида ёзилган бўлиб, уларда инсон тарбияси, хулқ-атвори билан боғлиқ ғоялар илгари сурилган. Ҳикояларида халқ эртаклари таъсири сезилиб туради; 5. «Искандарнома» достони (1190—1200) да Низомий Ганжавий ўзининг одил ва маърифатли шоҳ, комил инсон, идеал жамият ҳақидаги орзуларини Искандар образи ва хаёлий тасвирлар орқали ифодалаган. «Хамса» Шарқ халқлари адабиётлари ривожига катта таъсир этган. 13-асрдан бошлаб бир қанча шоирлар (Амир Хусрав Дехдавий, Навоий, Жомий ва б.) «Хамса» ёзганлар.
Навоийдан тортиб барча ўзбек шоирлари Низомий Ганжавийни ўзларига устоз деб билишган. Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да уни шайхлар қаторида зикр этган. 14-аср ўрталарида Қутб Хоразмий «Хусрав ва Ширин» достонини туркий тилга таржима қилган. Ҳайдар Хоразмий шоирнинг «Махзан ул-асрор» асарига жавобан «Гулшан ул-асрор» достонини битган. Огаҳий «Ҳафт пайкар»ни насрий таржима қилган.
«Низомий шеъриятидан» тўплами Шоислом Шомуҳамедов таржимасида чоп этилган (1983). Унда шоир касидалари, ғазаллари, қитъалари, рубоийлари ва ҳикматларидан намуналар, шунингдек, «Махзан ул-асрор» ва «Ҳафт пайкар» достонларидан парчалар мавжуд. Тошкент педагогика институтига Низомий номи берилган (1947). Асарлари асосида кинофильм ва балетлар, тасвирий полотнолар яратилган.
Эргаш Очилов.
«ХУСРАВ ВА ШИРИН»ДАН
ХУСРАВ ФАРҲОД БИРЛА МУНОЗАРА ҚИЛИБ,
ФАРҲОД ТОҒ ҚАЗМОҚЛИКИ СЎЗИ
Бурун сўрди: не ерликсан тию сан?
Айиттиким, ошиқлар шаҳридин ман.
Айитти: анда не сан(о)ат қилурлар?
Айитти: жон сотиб, қазғу олурлар.
Айитти: жонни сотмоқлиқ хато ул,
Айитти: ишқ йўлинда ҳам раво ул.
Айитти: кертиму ошиқ эрурсан?
Айитти: бор кўзунг охир кўрурсан.
Айитти: не қадар севдунг сан они?
Айитти: сўзга сиғмаз ҳеч баёни.
Айитти: кўрдунгми (ул) кунтек жамолин?
Айиттиким: бали, кўрдум хаёлин.
Айитти: миҳридин бўлғаймусан пок?
Айиттиким: магар бўлсам ўлуб хок.
Айитти: гар йўлуқсанг кўрса сени?
Айитти: кўзга сургим тупроқини.
Айитти: гар кўзунгни хаста қилса?
Айитти: розиман тек кўзга илса.
Айитти: гар азин эр сунса илкин?
Айитти: тилгаман тош бирла бошин.
Айитти: топтунг ул йўл ул ҳумойқа?
Айиттиким: йироқдин боқғу ойқа.
Айитти: гар тиласанкин яройин,
Айитти: ҳақдин изларман тилойин.
Айитти: гар ўқиса, қилса хушнуд?
Айитти: бўлғай эрдим барча мақсуд.
Айитти: кес кўнгул, ул дўстни қўйғил!
Айитти: дўстлик келмаз бу (иш), билгил.
Айитти: бу тамаъни тутма, хом ул,
Айитти: онсизин тинчлиқ ҳаром ул.
Айитти: кел бу ишдин юв алингни,
Айитти: сўзлама кўп, тиз тилингни.
Айитти: қилмағил қўй, қури ғавғо,
Айитти: не (так) бўлур (чун) ўт тутти қавғо.
Айитти: сабр қил, тиз кўнглунг ондин.
Айиттиким: нетак сабр этку жондин.
Айитти: сабрсузлуқ жаҳл эрур, бил!
Айитти: сабр қилмоққа керак дил.
Айитти: иймонурмусан кишидин?
Айиттиким: магар ҳажри кишидин.
Айитти: ҳеч керакму ёр, ҳамдам?
Айиттиким: бўлур ман бўлмасам ҳам.
Жавоблар эш(и)ту Хусрав бўлди ожиз.
Айитти: осғи йўқ не сўзласабиз.
Айитти: Хусрав ушбу тонг эмазму,
Сўз ук(и)мадин жавобин айтур ошну?
Эшитдингиз не сўзлар аймишини,
Мунунгтек кўрмадим тиллик кишини.
Иш олтун бирла билмаз, не қилайин?
Муни тош бирла олтундек синайин.
Тию тил очти сўзга, қилди бунёд,
Ким э устод чин фарзона Фарҳод.
Бир улуғ тош бор кесмакка душвор,
Яна кечмакка айр от асру эмгор.
Керакким бизга бир йўл қазсанг андин,
Ким ул бўлса бориб келгуга осон.
Ким эрсанинг бу ишка илки эрмаз,
Бу иш сендин азиннинг иши эрмаз.
Баҳаққи ҳурмати Ширини хуш ху,
Ким онт билмазман уш ҳеч мундин эзгу.
Ҳожатлиғман, раво қил ушбу ҳожат,
Яна бу ҳожатимға айма ҳужжат.
Жавоб айди: кесайинман теб ул тош,
Бу ишда қилнойим, боринча бу бош.
Ушул шарт узраким ман иш битурсам,
Малик фармонин ўрнинға кетурсам.
Керакким эмгакимни шоҳ билгай,
Шириннинг шаккарини тарк қилғай.
Уқуб Хусрав анингтек ўфкаланди,
Тилади чопса бўйнинг, қайра ёнди.
Айитти (ким) ушбу шартимдин на қазғу?
Қатиғ тош ул охир, тупроқ эмаз бу.
Нетак қилгай ҳалок тупроқ тут они,
Қазиб тупроқ тошига чиққай жони.
Айитти: шарт қилдим, қаз они сан,
Бу шартимдин қайтсам айр эмасман.
Белинг боғла, силоҳингни ол элга,
Бу ишда ардамунгни кўргуз элга.
Севунди, сўрди ул Фарҳод бе дил,
Ким ул тоғ қанда теб, э шоҳ одил?
Солиб ул тоғни Хусрав айдиким бор,
Ким эмди Бестун теб отаюрлор.
Бу ҳукм узраким ул тош эрди хоро,
Қатиғлики юзиндин ошкоро.
Туруб Хусрав қатиндин чиқди тарк ул,
Равон бўлди тушуб ул тоғтоба йўл.
Елиб елтек равон ул тоғқа етти,
Белин боғлади истеъдодин этти.
Уш андин тешасин илка олиб тез,
Суратлар йўнди шакли шоҳу Шабдиз.
Яна бир курси йўнди қайра тошдин,
Ўшал курси уза Ширин шаклин.
Қилиб кўргазди ул тош узра санъат,
Таълим эмганди, қилди кўркли сурат.
Ахир эштурсан ул суратни қилғон,
Ошиққа не жафолар қилди даврон.
Анинг ҳаққинға ул бир шум азрат,
Нелар қилди, қамуғ эрмазму ибрат?
Қари хотунтек ул бу дунёйи маккор,
Сучуклук бирла аввал сени алдор.
Ул андин сўнгра аччиғ заҳрин ичрур,
Тириклик тотиғиндин сени кечрур.
Жафоси кўп, йўқ ул бир зарра миҳри,
Тегарму лутфинга охир бу қаҳри.
Бўғоз тутмаздин ошнуроқ қўй охир,
Бўри изинга борма, э қўй, охир.
Қутб таржимаси
«МАҲЗАН-УЛ-АСРОР»ДАН ПАРЧАЛАР
СЎЗ ТАЪРИФИДА
Оқил агар сўз била сўзни топар,
Ориф ўшал сўзда ўзуни топар.
Улки билур сўз гуҳари қийматин,
Сўзда топар сўзлагувчининг отин.
Аҳли назар шевасини сўз билур,
Нури басар мевасини кўз билур.
Сўз кўзидур улки кўрар ҳолни,
Ўз сўзидур улки сўрар қолни.
Сўзда кўз-у, сўзлагувчида назар,
Йўқ эса сўз кезлагувчида хабар.
Зоҳиру ботин хабари сўздадур,
Ҳар наки бор ўзгада йўқ, ўзгадур.
Ул кишиким, топмади сўз ганжини,
Қилди ҳабоу хадар ўз ранжини.
Кимки назар манзаридин юмди кўз,
Қўймади мерос ўзидин ғайри сўз.
Умри гаронмоя чу бўлғай талаф,
Сўздур-у сўз дайнида қолғай халаф.
Ҳайдар Хоразмий таржимаси
«ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН»ДАН ПАРЧАЛАР
ЛАЙЛИ БИЛАН МАЖНУН ИШҚИНИНГ
ХАЛҚ ОРАСИДА ШУҲРАТ ТОПГАНИ
Ҳар кеча ўтубки, тонг отарди,
Шарқ Юсуфи чеҳрасин очарди.
Айларки фалак турунжпайкар,
Райҳонлигининг турунжи чун зар.
Лайли қилибои турунжбозлик,
Айларди юзин турунжсозлик.
Кўрганларида қўлида лимун,
Ишқдан ёрилардилар анор чун.
Ул тоза турунжни ким кўрарди,
Лимун дея қўлларин кесарди.
Қайс жилвалариға ташласа кўз,
Ғамдан бўлар эрди афлисун юз.
Элтарди ёрон думоғидан ранж,
Хушбўйлиги ул турунжу норанж.
Утгач шу йўсинда кўп замонлар,
Тортди икки нозанин фиғонлар.
Ишқ келди қилиб ул уйни холи,
Илгида чу тийғи лоуболи.
Дил олди-ю, ғам аларга солди,
Тоқат била тоб улардан олди.
Дил берганидан бири-бирига,
Тушди элу халқ оғизларига.
Йиртилди бу парда ҳар томондан,
Ул сир эшитилди ҳар қаёндан.
Бу қиссаки, маҳкам оя эрди,
Эл оғзида зўр ҳикоя эрди.
Айлар эдилар баси мадоро,
Бўлмаслик учун сир ошкоро.
Нофа боши боғли гарчи хушкдур,
Хушбўйи анинг гувоҳи мушкдур.
Ишқдан бир асар шамолда берди,
Ишқнинг юзидан ниқоб кўтарди.
Сабр айладилар қилишга пинҳон —
Ул ишқки, яланғоч эрди чандон.
Сабр ишқ ичида қилурми фойда?
Кунни бекитиб бўлурми лойда?
Минг ғамза билан кўз ўлса ғаммоз,
Қандай қоладур бу пардада роз.
Минг ҳалқа билан сочики занжир,
Дил телба бўлур, йўқ ўзга тадбир.
Уйлаб келажакни ақл бирлон,
Бир-бирларига боқарди пинҳон.
Н. Охундий ва Хислат таржимаси