Хуршид Дўстмуҳаммад. Кўнгилдаги мунавварлик

Адабий жараённинг ўзига хос қизиқ ва ғалати жиҳатлари кўп. Унинг айримлари кўзга яққол ташланиб турса, айримларини ҳар ким ҳам пайқайвермайди. Пайқаганларнинг эса ҳаммалари ҳам уларнинг қадрига етавермайдилар, эътиборга лойиқ кўрмайдилар.

Ўтган асрнинг 70-йиллари, айниқса, 80-йилларнинг бошларида адабиётшунос Маҳкам Маҳмудов, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир адабий жамоатчиликнинг кўзга кўринган етакчи вакиллари сифатида алоҳида эътибор марказида бўлишган.

Бирон янги асар эълон қилинса, табиий, унга матбуотда муносабат билдирилар эди. Би­роқ, тугал хулоса чиқаришдан бурун Маҳкам ака, Маҳмуд ака, Мурод ака нима дер экан деган савол кўндаланг турар эди. Чунки уч устознинг қарашлари ҳар қандай номдор мутахассиснинг фикридан ўзгача бўлиши аниқ эди. Энди-енди бир-икки ҳикоя қоралашга жазм этган бизга тенгқур бошловчи қаламкашлар кўпроқ кутилмаган ўлчовлар, теша тегмаган адабий мезонлар таъсирида юрар эдик. Муҳими, рад этиш, инкор этиш, жилла қурса, ўзгачароқ нуқтаи назардан мулоҳаза билдириш кўр-кўрона бўлмас, балки мисоллар, қиёслар билан асосланар, таҳлиллар нафақат муайян янги асарга, балки умуман бадиий адабиётга ўзгача муносабатни пайдо қилар, ўзгачароқ нуқтаи назарларни шакллантирар эди.

Ҳар қандай миллий адабиёт анъанавий ва замонавий услублар қоришиғида яшайди, бу борадаги энг илғор янгиликларда ҳам муайян тақлидий уринишлар бўлиши, тақлид аста-секин чинакам бадиий маҳоратга айлана бориши жуда табиий жараён ҳисобланади. Мана шундай ҳолатларда айниқса, Маҳмуд ака адабиётимизда пайдо бўлган янги ҳикоя, қисса ёки романнинг генезиси, яъни вужудга келиш ибтидосини дарҳол англаб етар, асарнинг жаҳон адабиётидаги қайси машҳур асар таъсирида яратилганини, улар орасидаги фарқни ютуқ ва нуқсонлари билан таҳлил қилиб берар эди. Ўзбек бадиий тафаккурида 80-йилларнинг иккинчи ярми ва 90-йилларнинг бошларида кузатилган ранг-баранглик, изланишлар доирасининг кенгайиши рус адабиётидан тортиб, Болтиқбўйи, Кавказ халқлари адабиётлари, қолаверса, Европа, Америка, Япония, айниқса, Лотин Америкаси хал­қлари адабиётининг энг илғор ютуқларининг ижодий таъсирини ўзида қамраб олишга уриниш самараси, маҳсули эди. Маҳмуд аканинг қайси бир ёш Ёзувчи ёки шоирга Шукшин ёки Маяковский, Неруда ёки Думбадзе, Кортасар ёки Купер деб мурожаат қилишида ижодкор инсонни қанчалик ардоқлаш, авайлаш оҳанги бўлса, мутойиба тариқасида нисбат берилган бундай “тахаллус”лар замирида шунчалик асос ва жон ҳам йўқ эмас эди. Шу билан бир вақтда Маҳмуд ака жаҳон адабиётида кузатилаётган ил­ғор принтсиплардан, новаторлик уринишларидан, уларнинг маҳсули ўлароқ яратилаётган фавқулодда асарлардан қанчалик илҳомланмасин, ҳайратларга тушмасин, ўзимизнинг адабиётимизга мансуб асарлар моҳиятида, мазмуни, шакл-шамойили ва ҳатто деталлари миллий бўлиши шарт деган мезонни сира унутмас, гап шундай мавзуларга келиб тақалганида қатъий қарашларидан, талабларидан асло қайтмас, ҳеч ким билан муроса қилмас эди.

Бадиий тафаккурдаги миллийликни, миллий ғурурни сақлаш ва улуғлашга бўлган ташналик Маҳмуд Саъдийдек тажрибали мунаққид ва муҳаррирнинг ҳаётий маслагини, ижодий ҳаётининг ўзагини ташкил этади, десак муболаға бўлмайди.

Маҳмуд Саъдийнинг ўзига хос муҳаррирлик мактаби алоҳида ва махсус таҳлилга, тадқиқ этишга ва ўрганишга лойиқ. Ҳозирги ахборот асри жараёнлари анъанавий оммавий ахборот воситалари тушунчасига, матбуот ва таҳририят тушунчасига ўзгартиришлар киритиб юборди. Ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада ўзгарди. Маълумот тўплаш, уни матбуотда эълон қилишга яроқли “тайёр ашё”га, яъни материалга айлантириш айримларнинг назарида жўн бир юмушга айланиб қолгандек туюлмоқда. Ваҳоланки, долзарб ва муҳим мавзу танлашдан тортиб, уни ҳақиқий муаллифига ёздириш, мақолани таҳрир қилиб, дейлик газета саҳифасига жойлаштиришгача бўлган оралиқда озмунча жараён кечадими?!

Маҳмуд Саъдий бу ишларнинг ҳадисини мукаммал ўзлаштирган устоз мутахассислардан ҳисобланади. Асқад Мухтор раҳбарлик қилган йилларда “Гулистон”журналининг ҳеч бир саҳифаси ўқувчилар эътиборидан четда қолмас, бунинг асосий сабабларидан бири таҳририятда ўша даврнинг етук адиблари, шоирлари, публитсистлари ва, албатта, муҳаррирлари (Маҳмуд Саъдий бўлимга муҳаррирлик қилган) тўпланишганида эди.

“Таҳрир” деган сўзга беписанд­лик билан, ҳатто ғаши келиб қараш кайфиятлари йўқ эмас. Қўйиб берсангиз, таҳрирдан сўз очилса, тсензура деб аюҳаннос соладиганлар ҳам учрайди. Аслида саводли, маҳоратли ва зиёли таҳрирнинг қиммати ҳеч қачон, ҳеч қандай замонда қадрини йўқотмаган, йўқотмайди ҳам! Таҳрир муаллифнинг фикрини қайчилаш эмас, таҳрир – муаллиф айтмоқчи бўлган, лекин ўхшатиб ифодалай олмаган фикрларига йўл очиш демакдир. Сўзга, жумлага сайқал бериш, сўз сеҳри ва жозибасини ҳис қилиш, мулоҳазаларни изчил равишда баён этиш, ортиқча ва ўқувчи эътиборини муҳимдан чалғитадиган номуҳимлардан воз кечиш деганидир. Рақамларни, исм-шарифларни, истилоҳларни тўғри, хатосиз ёзиш демакдир! Қарийб эллик йилдан буёғига республика матбуотида ҳормай-толмай жавлон уриб келаётган Маҳмуд ака қайси муаллифнинг, қайси мутахассиснинг қайси мавзуда ва қай даражада мақола ёки суҳбат тайёрлаб бериши мумкинлигини, уларнинг салоҳияти ва имкониятини беш қўлдай билади. Шунга кўра, уларни долзарб мавзуларда ва зарур йўналишларда мақола ёзишга ундайди, улардан маслаҳатини, ёрдамини аямайди.

Маҳмуд Саъдий муҳаррирлик мактабининг ана шу фазилатлари санаб ўтилар экан, устознинг қаламга садоқати, таҳрирдаги ҳалоллиги матбуотга, матбуот сўзига, матбуот саҳифаларида номлари кўринадиган жуда кўплаб муаллифларга садоқати ва ҳалоллигига айланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Муҳтарам Юртбошимиз имзоси билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвонига муносиб кўрилгани узоқ йиллик ҳалол ва фидокорона меҳнатларининг улкан эътирофидир.

Бундай кўникмага ҳеч бир журналист ёки мухбир тўсатдан эришиб қололмайди. Бунинг учун йиллар керак бўлади, тажриба тўплаш, малака орттириш, энг муҳими, муҳаррирлик касбига ихлос ва меҳр-муҳаббат қўйиш зарур бўлади.

Мана шундай муҳаррирлик мактабини қадрлаган кўплаб ёшлар ҳозир ҳам Маҳмуд Саъдийдан сабоқ олмоқдалар. Ёшларнинг бахтига устоз ниҳоятда камтар, бағри кенг, билганларини бошқалар билан баҳам кўришга ҳамиша шай бўлган дарёдил инсон.

Жамоатчилик орасида Маҳмуд Саъдийнинг ниҳоятда бой кутубхонаси борлиги алоҳида эътироф этилади. Бундай таърифга мен у кишининг шогирдларга бойлигини, журналистлик йўлини танлаган ажойиб фарзандларнинг отаси эканини, миллий адабиётимиз ва журналистикамизнинг бугунги куни учун ҳам ғоятда қимматли ва қадрли зиёли инсон эканини қўшимча қилган бўлур эдим.

… Қўлида қалами бўлган каттаю кичикка рўпара келган устознинг: “Маҳоратингиз ошаяптими?” дея савол қотиш одатлари бор. Ана шу бир оғиз лутф замиридаги ижодга даъват оҳанги ҳам кўнгилга бир мунавварлик, ёруғлик олиб киради. Зеро, ижодга даъват этиш қиёси йўқ савоб амаллардан саналади.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).