Ўружов Ҳидоят Худуш ўғли (Hidayət Xuduş oğlu Orucov) 1944 йилда Арманистонда туғилган. Шоир, драматург, публицист, йирик жамоат арбоби. Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетини тугатган. Турли адабий-бадиий ташкилотларда, давлат идораларининг масъул лавозимларида ишлаган. Ўнга яқин китоблари чоп этилган.
Ҳидоятнинг драмалари муваффақият билан саҳналаштирилган. Шеърлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. У Арманистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
БАЪЗАН КУЗ БЎЛУРСАН…
Баъзан куз бўлурсан, баъзида баҳор,
Қишингда сочимга эланади қор…
Гоҳ сиғмас кўксимга туйғулар зинҳор —
Нега мени сокин қўймайсан, юрак?
Ширин хаёллардан тўймайсан, юрак.
Севасан инсонни, табиатни сен,
Қайдан топдинг бундоқ муҳаббатни сен?
Излаб тинмагайсан саодатни сен…
Мен-да ингроғингни туяман, юрак,
Сен билан ёнаман-куяман, юрак.
Аср асаблари елкангда юкдир,
Дард-ғаминг дунёдан юз бор буюкдир.
Сенга айтолмаслар: ишқинг сўниқдир;
Кўкда минг юлдузга ҳайронсан, юрак,
Ерда-чи, бир қизга қурбонсан, юрак.
Сирдирсан, билгисиз коинотинг бор,
Ғамгин фурсатинг бор, хуш соатинг бор…
Сенинг-да, сенинг-да ўз ҳаётинг бор,
Менга суръат берган тўфонсан, юрак!
Сен — само, сен — дарё,
Жаҳонсан, юрак…
* * *
Эсади сарсари кузак еллари
Бургутли тоғларга чанг тушган замон.
Юрагим ловуллар, юрагим ёнар
Хаёл осмонимга сен тушган замон.
Ахир, не қолади менинг изимдан?
Билакдан куч кетса, қувват тизимдан,
Қайтмасман илк ишқим — ёниқ сўзимдан,
Қора сочга оппоқ ранг тушган замон.
Илҳом — гоҳ ҳолсиз сой, гоҳ жўшқин кулак*,
Ҳар мисра юракдан чиқмоғи керак,
Қани не туяркин сендаги юрак,
Унинг эшигига ман тушган замон!
________________
* Кулак — шамол.
ТУҒМАЛИК
Азиз Худушга — отамнинг исми қўйилган жиянимга
Бир кент бағрида дунёга келдим.
Бу элда азалийдир ҳар тош, ҳар бир тоғ.
Кўп сирни кейинроқ англадим, билдим,
Бунда гўзаликка етмагай саноқ.
Қуёш ҳам ўзгача чиқар бу ерда,
Ғуруби ғаройиб эртакка менгзар.
Бунда пой-пиёда, бунда эгарда
Чақмоқ шижоатли йигитлар кезар.
Энг тоза муҳаббат, улфат, садоқат
Бундаги инсонлар орасидадир.
Эътибор, жасорат, мардлик, диёнат
Бу қора кўзларнинг қорасидадир.
Бунда таронадир тоғ ҳам, чаман ҳам…
Гоҳида толиқиб, ишдан безган кун,
Кетаман у ерга топгали икром,
Кетаман у ерга покланмоқ учун.
Гулдаста тизмоққа, наргиз термоққа.
Ҳар касдан миннатсиз ҳурмат кўрмоққа,
Нуроний чоллар-ла кўришмоқ учун,
Қайнар чашмалар-ла ўпишмоқ учун.
Йўлларни сайр этиб, довон ошмоққа,
Ширин туйғулар-ла қучоқлашмоққа,
Ҳикмат дунёсига бўйланмоқ учун,
Маъбадлар олдида таянмоқ учун,
Мингтеран саволни сўргали тағин,
Йўлларни арқокдай ўргали тағин…
боргум у ерга.
Билсайдинг, унда мен нақадар азиз,
Ўзим пок, сўзим пок, руҳим пок, тамиз.
Илҳом-ла, ҳикмат-ла, сўз-ла тўламан,
Янгидан чўққилар ўғли бўламан!..
…Шаҳарга қайтурман, билмайман, нега, —
Дунёдан, ҳаётдан қилгали гина?!
…Бир кент бағрида дунёга келдим,
Бу элда азалийдир ҳар тош, ҳар бир тоғ.
Кўп сирни кейинроқ англадим, билдим,
Бунда гўзалликка етмагай саноқ!…
Усмон Қўчқор таржимаси