Ҳамид Херисчи (1961)

Ҳамид Херисчи (Həmid Herisçi) 1961 йилда туғилган. Боку Давлат дорилфунунининг филология факультетини тамомлаган. “Некролог” постмодерн романи ва туркум шеърлари билан танилган. SPACE TV муҳаррири бўлиб ишлайди. Янги адабий оқим етакчиларидан бири.

1995 ЙИЛ. ЗИНДОН. ТУН.
ТЕРГОВЧИ МЕНИ СЎРОҚ ҚИЛАДИ.
УМИДИМ ЗАНЖИРБАНД.

Ҳарфларда жозиба ниҳон…
эҳтимол, улар фақат ғазал учундир,
эҳтимолки, имлога тушган
шеърдан бўлак барча имлолар —
алифбога ҳақоратдир.
Тўзғиган чориқни ямаган каби,
аёндир бари.
Истасанг тўйгача ёки сал кечроқ
ноғора қоқ.
Ўртоқ терговчи,
менинг афсус-надоматимни
ҳижжалаб туширманг дафтарингизга.
Яхшиси, ҳаёт қозонидан менинг умримни
тарқатинг, тарқатинг зор-муҳтожларга,
қисматим уйига кирар бўлсангиз,
ботинкангиз ечинг марҳамат қилиб…
Қичқирманг!
Қичқирманг…
Тушунинг,
дарахтлар —
кексайган чечаклар асли,
тўхтанг…

Энди бу оламда йўллар қолмади,
кўчалар бор холос, кўчалар…
қайга оборарди айбловларингиз
тутоқиб, ютоқиб ўшқиришингиз.
Мабодо қўрғошин кўйлак бўлмоғи
қисматда бор бўлса, қўрқиш йўқ.
Ҳар ким эртами-кеч тушар зиндонга.
Ҳамма ҳам (Момо Ҳаво ва Одам),
Ҳар бир месье, ҳар бир мадам
қаришга қурби келмаса дунёдан кўз юмади.
Эҳтимол, кексаликни ўлдирар ўлим,
эҳтимолки, ҳеч ким ўлмайди,
шунчаки ўлимланади…
Айтишларича, раҳбарингиз пора олмасмиш,
шаҳарга тирғалган қишлоқчаларда изғийди
ўзининг сояси каби…
Мени саккиз йилга кесишди.

Русчадан Иқбол Мирзо таржимаси.