Эсмира Серова (Esmira Serova) 1983 йилда туғилган. Озарбайжон Тиллар дорилфунунининг таржима факультети магистранти. Рус тилига инглиз (У.Х.Оден, Д.Уолкот, Ш.Хини, Ж.С.Бака) ва испан (Р.Хуаррос, Г.А.Беккер, Э.Буэтавентура, Э.Бейли) тилларида ижод қилувчи шоирлар шеърларини таржима қилган.
* * *
Қонун қилиб ол мусиқани,
Бошқа шиорларни олма тан.
Фақат мундштук ўпсин лабингни,
Бўшамасин қўлинг торлардан.
Гар толиқса қўлинг тор чертиб,
Жоним, қалбинг музга айланар —
Сўнгра сени бўлмас иситиб.
Тоғдай йиғи турар бўғзимда,
Сени ҳаёт бормоқда бошлаб.
Заҳира йўл борми ўзингда —
Мен томонга ўзингни ташла.
* * *
Очганингда китоб варақларини
Хотиралар жонланар қайта.
Кўз ўнгингда гулхан, от туёқлари —
Бир зумгина тушар рақсга.
Кимдир Сенга ўта бошлар дарс,
Қоғоз, ҳарфларни англайсан.
Худди тушда каби борар баҳс,
Товушингдан орқага қайтсам.
Фақат сенинг ҳорғин қарашинг,
Тиклар унинг қиёфасини.
ЙЎЛСИЗЛИКДА
Юриш мумкин ўнгга, сўлга ҳам,
Фақат бўлмас орқага қайтиб.
Юрак қўрқар олдга юрмоқдан —
Ҳамма томон йўлсизлик пайти.
Ҳатто кўкдан сўрама мадад
Сени мазах қилмасин дўст, ёр!
Хўрсингин-у, май ич. Тоабад —
Йўлсизликдан юрагингга бор.
Русчадан Хосият Рустамова таржимаси.