Болош Озарўғли (1921-2011)

Абизода Болош Аллоҳ Баҳиш ўғли (Balaş Azəroğlu) Озарбойжон халқ шоири. 1938 йилда оиласи билан Жанубий Озарбойжон(Эрон)нинг Ардабил шаҳрига кўчиб кетади. У ерда форс бошланғич мактабида таҳсил олади.
Миллий озодлик ҳаракатига (1941) қўшилади. Эрон халқ партиясига (1942) кирди. “Озарбойжон антифашист жамияти” Ардабил вилояти бўлимига раис (1943) бўлди. “Шоирлар мажлиси”нинг Ардабил бўлимини (1943—1945) бошқарди.
Илк шеърий китоблари Табризда (1943—1945) нашр этилди. Бир қанча газета ва журналларда фаолият кўрсатди, турли адабий ва илмий лавозимларда ишлади. Хилма хил унвонлар ва мукофотлар соҳиби Болош Озарўғлининг асарлари турли тилларга таржима қилинган.

ИНҚИЛОБ ШОИРИМАН

Мен на шоҳман, на султон, на безакман, на зийнат,
На афсона, на малак, на сарой, на салтанат,
На ўтган асрларни ёдга олиб йиғлайман,
На умримни ғазалга, маснавийга боғлайман.
На даврим ҳокимини пул учун мадҳ этаман,
На жаллодлар қошида жонни деб паст кетаман.
На паймона, на соқи, на сароб шоириман,
Озодликнинг жарчиси — инқилоб шоириман.

Мен эгилиб ҳокимнинг қўлларини ўпмадим,
Шеъримни гуллар каби оёқларга сепмадим.
На ожиз бир бандаман, на сотилган бир қулман,
На сарой маддоҳиман даргоҳлардан қувилган.
Мен элларнинг ўғлиман, эллар ўстирган мени,
Шеърим халқдан олгандир бу илҳом, фалсафани.
Мен на шам, на парвона, на рубоб шоириман,
Озодликнинг жарчиси — инқилоб шоириман.

Менинг кўнгил дафтарим ўхшайди гулистонга,
Унда жой берилмаган қорли қишга, тўфонга.
Баҳорий ифор бордир ҳар шеъримда, сўзимда,
Баҳор ҳасрати билан яшаяпман ўзимда!
Қўл очиб самолардан тиламадим озодлик,
Менинг суянганларим улардан анча ортиқ.
Ўлкалар орзу қилган офитоб шоириман,
Озодликнинг жарчиси — инқилоб шоириман.

ОРЗУ

Баъзан ўз-ўзимча ўйлар эканман,
Хаёллар қалбимни олар қалбимдан,
Шунда дейман: Мен ҳам аскар бўлсайдим.

Қанийди умримнинг шу ёш чоғида,
Оташ ўлкасининг кенг қучоғида
Чексиз саҳроларга раҳбар бўлсайдим.

Турсайдим сарҳадда қўлимда милтиқ,
Зулматни ёритган бир маёқ каби,
Асрлар-ла кўришган қорли тоғ каби.

Ўпсайди сийнамни еллар ҳар саҳар,
Тушсайди устимга гулгун шафақлар,
Қуёшнинг рангидан олсайдим минг ранг.

Қоронғи кечанинг қора қалбига
Лочин боқишлари оқиб ўтсайди,
Қуёшнинг рангидан олсайдим минг ранг.

Бургутли тоғларнинг чўққисида ман
Бир посбон сингари турганда баъзан,
Бўрон шиддатига кўкрак керсайдим.

Менга тақдирини топширса гар эл,
Уни кўзим каби қўриқлайман бил.
Керакмас на нишон, на шон, на жалол.

Агар ишонмасанг ўқувчим бунга —
Бўз шинел кийгувчи Озарўғлига
Менга орзу бўлсин, сенга бир хаёл.

МЕН ҲАМ БИР АСКАР КАБИ

Шоирга қоғозу қалам беринглар,
Шеърларим сафлансин бир лашкар каби.
Яна мисраларим тизилсин сафга,
Жанглар майдонида сафарбар каби.

Қуёш, ой қизийди ўчоғимиздан,
Шарққа ёруғ тушар яроғимиздан.
Кеча тулки мисол қабоғимиздан
Қочганлар қайтади яна шар каби.

Хаёли бошқадир ноши ёғийнинг,
Кўринса сарҳаддан боши ёғийнинг,
Қолмас тош устида тоши ёғийнинг,
Элим қуролланган бир нафар каби.

Эгилмоқ ярашмас бизнинг миллатга,
Юрак ҳам кўнмайди ҳар “муҳаббат”га,
Бу тез — деганлари “ҳусну ният”га,
Ҳамма нафратланар шум хабар каби.

Кўзингни тикканинг олов юртидир,
Кўрганинг бу тоғлар, қирлар ўрдудир,
Кечаси, кундузи посбонликдадир,
Ҳар эл қаҳрамони бир аскар каби.

Арслон ялинарми қўрқоқ тулкига?
Қуёш сиғинарми қора кўлкага?
Саодат маскани бизнинг ўлкага.
Келсангиз ўласиз ўлганлар каби.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси