Алисамид Кур (Əlisəmid Kür) 1954 йилда туғилган. Ҳозирги замон Озарбайжон адабиётининг истеъдодли намояндаларидан бири. “Рангин кўлкалар”, “Қирқ таниш чеҳра” (1991), “Кентавр” (1997), “Тер ва қон ичида” (2000) китобларининг муаллифи.
* * *
Кулчанинг бир юзи бор –
Орти турар тандирда.
Тупроқнинг бир юзи бор –
Уни қанча кавлама,
Ич-ичини кўрмассан.
Тупроқнинг бир юзи бор
Елкасини кўрмассан!
Ёлғоннинг нонини емассан,
Ёлғоннинг минг юзи бор.
Мен бир тўғри сўз айтдим
Сўзимнинг бор бир юзи –
Бир юзи бор Алисамиднинг.
ШУ САБАБ…
Ҳар миллатнинг қора куни бор, –
Қора байроғи бор шу сабаб.
Қўримоққа гар тупроғи бор, –
Қурол-яроғи бор шу сабаб.
Қора кунинг бўлса оқ уни,
Қора байроқда бор қора ел, –
Гумонинг ҳам қора шу сабаб.
Зулм пайти дард билинар
Мард қолса номард қўлида,
Юрт қолса душман қўлида, –
Қолганинг ҳам шу эрур,
Ўлганинг ҳам шу эрур.
МАРСИЯ
Саркаш сойларнинг оқиши
Сувларнинг боғлиқ сасига.
Мен кечдим.
Сен кечолмадинг
Тупроғим-ей!
Сир бордир қудуқ тубинда,
Ич-ичига чўкар дарди.
Жинниси оқил каби,
Ақллиси жинни каби
Миллатим-ей!
Оташ чўғи қолган ўчоқ,
Кулга боғлиқ.
Қочиб қолар бари қўрқоқ
Мардларин ўлимига боғлиқ –
Мамлакатим-ей!
Юрти талон бўлган юрт,
Ғам, ҳасратга қўяр чек.
Увлаяпман бўридек –
Миллатим-ей,
Мамлакатим-ей!
Озарбайжончадан Хосият Рустамова таржимаси.