Аҳмад Жавод (1892-1937)

Аҳмад Жавод (Əhməd Cavad) Озарбойжоннинг атоқли шоирларидан. Ганжа яқинидаги Сайфали қишлоғида, зиёли оилада туғилган. Араб, форс, рус тилларини ўрганган. Мадрасани битиргач, Истанбулга кетади. 1912 йилда Болқон урушида, Қафқаз кўнгиллилари қўшини сафида Тракйа жабҳасида жангларда қатнашади. Кейин Ганжага қайтади, Ботумида ўқитувчилик қилади.
У жасур, курашчан ижодкордир. У Озарбойжон истиқлолига фақат шеърлари билангина эмас, балки шахсан фидокорлиги билан ҳам хизмат кўрсатган. У турк ўрдуси сафида 1918 йилда Бокуга келади, Ганжада миллий Озарбойжон Жумҳурияти қурилишида қатнашади. 1920 йил Озарбойжон шўролар томонидан истило этилгач, унинг оғир кунлари бошланади. Қамалиб чиқади. Педагогика институтини битиради, Адабиётчилар жамиятига раислик, “Инқилоб ва маданият” журналида масъул мудирлик қилади. Олий ўқув юртларида ишлади. 1936 йилда Туркия матбуотида шеърлари босилгани сабабли ишдан қувилади, 1937 йилда “аксил инқилобчи ва пантуркист” сифатида айбланиб, сталинизм жаллодлари тарафидан отиб ўлокдирилган. 1955 йилда айбларнинг сохта эканлиги исботланган ва оқланган.
Шоирнинг қуйидаги китоблари босилган: “Қўшма” (1916), “Долға” (1919, Боку), “Шеърлар” (1958, Боку), “Ўкирардинг”, “Қораденгиз” (1991, Измир), “Салом Туркнинг байроғига” (1992, Измир).

ТОНАР БЎЛСАМ

Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бари хор ўлсин,
Мозорим ўт олиб ёнсин, бу ишим ошкор ўлсин.

Қўй-эй булбул, тиней довул, ки хоҳиш истироҳатдур,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдур.
Ўлим, эвоҳ, бир неъматдир, у бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам рақибим бахтиёр ўлсин.

Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тор-мор ўлсин.

ЖАЙРОН

Ердан оёқларинг қуш каби узиб,
Ёй каби солланиб, ўқ каби сузиб,
Яна ўз сурувинг бир сафга тизиб
Бош олиб кетурсан қаёна, жайрон?

Азалдан боғланиб сўнгсиз чўлларга
Измингни топширдинг бизнинг қўлларга.
Бу қора кўзларинг тушди тилларга,
Тишларинг ўхшайди маржона, жайрон.

Бир масал қолгандир ота-бободан,
Учарда турож, — дер, — қочарда жайрон!
Ёлғиз мен эмасман ҳуснингга ҳайрон,
Шуҳратинг ёйилмиш жаҳона, жайрон.

Ҳайратга ғарқ бўлган юрагим билан
Оҳ, яна ўтаман Муғон чўлидан.
Ёнида боласи, кўлмак сувидан
Ичадир эгилиб бир она жайрон.

Қараки, дашт ели минг ҳунар қурар,
Ўт-у ўланларни юлқиб учирар.
Бир жойга тўпланиб ҳамжиҳат турар
Учраса қуюн-у бўрона жайрон.

Ўн қадам нарида кўп ҳушёр така
Турадир, юраги хўп така-пука,
Кўринган шарпами ё бир таҳлика?
Тинчини олдирмиш гумона жайрон.

Овчи, инсофга кел, тушма изидан,
Айирма бизни чўллар қизидан.
Бир парча узмагил юрагимиздан —
Яна бўялмасин, қўйхона жайрон,
Жуда ярашибди Муғона жайрон.

ОЗАРБОЙЖОН

Кўп ошганман бу тоғлардан,
Турна кўзли булоқлардан,
Тинглаганман узоқлардан
Сокир Ораз ишвакорни,
Синаганман дўст-у ёрни.

Эл билади: сан манимсан,
Юртим, уйим, масканимсан,
Яъни Она Ватанимсан.
Айриларми кўнгилдан жон,
Озарбойжон.

Мен бир гўдак, сенсан она,
Сенга боғлиқ борим яна.
Қайси диёр, қай томона
Учсам ҳамки, ўйим сенсан,
Юртим, куним, уйим сенсан.

Агар кетсам сендан йироқ,
Бошга тушар аччиқ фироқ,
Ҳасратингда соч бўлур оқ.
Бўғар ойлар, йиллар мани,
Койимасин эллар мани.

Тоғларингнинг боши қордир,
Оқ булутлар кўрк, виқордир,
Буюк бир ўтмишинг бордир.
Саноқ етмас ёшинг сенинг,
Нелар кўрмиш бошинг сенинг.

Тушдинг бадбахт асрларга,
Оғир-оғир фаслларга.
Насллардан наслларга
Ўтган бир шуҳратинг бордир,
Ўғил қизинг бахтиёрдир.

Тикилганда қир-бўзларга,
Нурли, серзавқ кундузларга,
Қора холли оқ юзларга
Кўнгил шеърга тўлар тоза,
Ёшараман ёза-ёза.

Бир ёнингда баҳри Хазар,
Яшилбош суқсурлар сузар,
Хаёл қурғур зумда кезар
Гоҳ Элдорни, гоҳ Муҳонни,
Умр қисқа, манзил узоқ.

Туташ тоғлар, зап даралар,
Кўнгил ёзар манзаралар —
Жайрон қочар, улоқ нелар.
Кўпдир яйлов, боғинг сенинг,
Бийдай қир, ўтлоғинг сенинг.

Ўтиб тоғдан, боғ-бўстондан,
Астрадан, Ланкарондан,
Африкадан, Ҳиндистондан
Бизга меҳмон бўлар қушлар,
Ғамдан озод тунар қушлар.

Бу ерларда пишса лимон
Майишади шохи ҳар ён.
Тоғинда қор боқма қачон…
Хабарчидир гўё қишдан,
Метин қўрғон яралишдан.

Ланкароннинг гули хол-хол
Юртимнинг қизлари мисол.
Чойдан қуйгил, соҳибжамол…
Ётларга очмас дилини,
Онамнинг суқсур келини.

Бошоқ тугар — эртанги нон,
Пахтамиздир хирмон-хирмон,
Узум шира йиғиб чандон
Интиқ инсон йўлларига,
Куч бўлай, деб қўлларига.

Қозохда мин бедов отга,
У етказмас ҳатто ботга.
Чопсин қора терга бота…
Довонларнинг белига қалқ,
Кавказ тоғдан Кўккўлга боқ.

Эй, озод кун, озод инсон,
Баҳорни қуч, баҳорга қон.
Палосларни ёзгил чаққон
Кекса чинор кўлкасига,
Олқиш қуёш ўлкасига!

Кўнгил кезар Қорабоғда,
Гоҳ бу тоғда, гоҳ у тоғда.
Оқшом палла, эҳ, узокдан
Ҳаволанар Хоннинг саси,
Қорабоғнинг шикастаси.

Азиз Ватан, маънинг теран,
Гўзалларнинг бешигисан.
Бахши куйлар фахр билан:
Сен қуёшнинг куюғисан,
Шеър-у санъат ўчоғисан.

Ўлмас кўнгил, ўлмас асар
Низомийлар, Фузулийлар.
Қўлинг қалам, кўксинг дафтар,
Айтгил дилда нимангки бор,
Айтилган сўз бўлар ёдгор.

Энди бизнинг Бокуга боқ,
Соҳилида минг бир чироқ.
Бурғулари ҳайқироқ
Шовқин солиб бўз, чўлларга.
Нур улашар тоғ, қирларга.

Сарин шамол эсар бирдак,
Соҳилларда керар кўкрак
Бизнинг Боку — бизнинг юрак!
Hyp, ёғдуда қудрат, сўзи,
Саҳарларнинг ҳулкар кўзи!

Бир замонлар, азиз ватан,
Ол байроқли бир саҳардан
Илҳом олдинг, туғилдим ман.
Яшнар тупроқ, яйрар инсон,
Кекса шарқнинг қопқасисан!

Сенсан, Ватан ёруғ юзим,
Тингла маним юрак сўзим.
Қардошликда бахт юлдузинг.
Гуллай бергил дориламон
Озарбойжон, Озарбойжон.

Раззоқ Абдурашид таржимаси

ОЗАРБАЙЖОН БАЙРОҒИ

Туркистон еллари ўпиб ол юзинг,
Сўйлайдир дардини санга, байроғим.
Уч рангли аксингни қузғун денгизи
Армуғон этсин ҳар тонгга, байроғим.

Бораркан Туронга, чиқдинг қаршимга,
Кўлканг – давлат қуши, қўнди бошимга,
Изн бер, кўздаги қайноқ ёшимга,
Дардин айтсин қона-қона байроғим.

Рангларинг – Қайихон, қиёт туғидан,
Қадим элхонлардан, муслим бегидан;
Элхонлар авлоди, дин тирагидан
Келтирдинг куч, севинч яна, байроғим.

Кўнглимда тўфонлар, босай илгари,
Ўнгимда – муқаддас оталар ери,–
Тангрининг юлдузи, у гўзал пари
Сиғинмиш қўйнингда ойга, байроғим.

ШЕЪРИМ

Шеърим – синиқ турк чолғуси, янгратиб соз тилларини
Яйраб-сайраб кезмоқ истар кўнгил Турон элларини.
Мен бир Турон йўлчисиман, қўлимдадир нурли маёқ,
Шеърим, маёқ бўлиб порла! Бургут руҳим, қалқ, қанот қоқ!

Ҳар не аввал худодандир, ҳар бир туркнинг ёзуғи бор,
Юртсевар ва миллатсевар кўнгилларни босмас ғубор.
Турон шундай бир муқаддас Каъбадирки, ҳар бир тоши
Қаршисида эгилгайдир ҳар бир туркнинг мағрур боши.

КЕЛМА

Бу тоғлар – меники, янги кун кун кўрди,
Ёқар сени оҳим, эй туман, келма!
Инонма фалакка, бурмишдир юзин,
Энди у юз бурмас ҳар замон, келма!

Ёмғирсиз булут, ҳей! Ҳей, қора кўлка!
Алиштирмам гулни у совуқ дўлга,
Суюклик шу юртим, шу чарчоқ ўлка,
Боқар ёт кўзларга кўп ёмон, келма!

Кўнгиллар бир денгиз, жўшдирма уни,
Жўшқин кўнгилларнинг тўфондир сўнги,
Сен, эй, шимол ели, англагил шуни,–
Амрингга бўйсунмас бу тўфон, келма!

 Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси