Улав Хауге (1908-1994)

Норвегиянинг ҳозирги замон етакчи шоирларидан бири Улав Хауге Улвик деган қасабада 1908 йилда туғилган. Касби боғбонлик бўлиб, бутун умрини отаси бунёдга келтирган боғни парвариш қилиш билан ўтказган. Боғбонлик, миришкорликни қўймаган ҳолда шеър санъатини ҳам эгаллаган.
Улав Хауге “Кул ичидаги учқунлар” (1945), “Қулаш хавфи остида” (1951), “Кечикиб олтинланган куз” (1956), “Бургут тоғида” (1961), “Шарқий шамол нуқралари” (1966), “Шамолдан сўра” (1971), “Ўлғиз қолган ўт поялари” (1980) каби шеърий китоблар муаллифи.
Улав Хауге инглизчадан, олмончадан ва французчадан кўп шоирлар асарларини норвег тилига таржима қилган. Унинг шеърлари ҳам кўплаб Оврўпа халқлари тилларига таржима қилинган.

ОҒОЧ СИВИЗҒА

Баҳорда оғочдан
сивизға ясаб,
яшил ҳуштакчасин
зар билан безаб,
бир тошга ўтириб
куй чалдим узун.
Ҳали ҳам ёдимдан
чиқмайди у кун.

Ҳаётни, ўлимни,
меҳр, орзуни,
ўсмир нени севса
куйловдим шуни.
Куйимда умид ҳам,
дард ҳам бор эди –
нораста юрагим
ярадор эди.

Сивизғам йиғларди,
ўрмон – менга уй.
Яшар ўлгунимча
мен билан у куй.
У сивизғам тинди,
менга келди сўз,
аммо ер дардларин
айтар қайси сўз?

ДУО

Тоғ учлари, бутун ўрмонлар
қор рўмолга ўраниб олган.
О, бу тунги осмон жавони
ялтир-юлтир дурларга тўлган.
Изғириқда қайинлар букик,
дон сепилган шудгорлар – бу ёқ –
тезда ниҳол қад кўтарар тик,
тугажакдир албатта бошоқ.

О, худойим, кўзларимни оч,
жонли мўъжизангни кўрайин,
ўлик тошга эмасман муҳтож,
ялтир-юлтирларни нетайин?
Қўшиқларим, туйғуларимдан
нур таралсин ўлгунимча то:
жоним қутлуғ шеърият билан
бирга ёниб ўтсин мутлақо.

* * *

Мана турибман,
ҳорғинман, шалоқ.
Умид ўлкаси
ортимда ухлоқ.
Йўлим нотекис,
дўстларим кетди,
кўзларим хира,
кўр бўлиб кетди.
Чўғ сўраб бордим
нечаларига,
ўтим ўчганда
кечаларимда.
Ўзгадан мадад
сўрама, қийнар, –
ажал шамшири
бошингда ўйнар.
Юрагинг қўри
йилт этса ҳам сал,
балки, сен бойсан
келганда ажал.

ТЎКИЛМА, КЎЗЁШ…

Битта жилмайиш,
битта қўл сиқув,
тўғри, сен учун арзимаган иш,
аммо мен учун бахтиёрлик бу…

Тўкилма, ёшим,
тўкилма кўздан,
биламан, шўрсан.

СИНГАН ЎТЧАЛАР

Шамоллар синдирган ўтларни тингла,
тарқалсин алами, оғриғи андак –
сен синиқ қанотли қушларни англа,
тўғри, бут қанотлар учади юксак.
Лекин йиқилганга боқма бешафқат –
ҳаётининг ёруғ кунига ногоҳ
соя солган бўлса биринчи офат,
шунда синган бўлса, унда не гуноҳ?

ШУКУР ҚИЛ

Сени уриб кетмадилар,
сен пўлат ўқ эмас,
ерда қолган парқу эмассан,
шундай бўлганига,
бошга тушганига шукур қил.

Тоққа чиқолмадинг,
Кўлдан ўтолмадинг,
ўлдира олмадинг аждарҳони,
бир она бир марта чақирди,
умрида бир марта – келмадинг.

Ҳолбуки, пўртана бўлса ҳам,
тизза бўйи бўлса ҳамки сув,
саваса ҳам сени жалалар,
келишинг керак эди.
Мана, Велунд –
пайин қирқдилар,
лекин қанот ясаб олди у –
болаларга қанча қўлбола
ўйинчоқлар қилиб берди-ку!

Ҳар нарсага етишмоқ тугал
орзуларда юз берар фақат:
тоғларга ҳам чиқа оласан,
кўллардан ҳам ўта оласан,
ўлдирасан аждарҳони ҳам,
етишасан севган ёрингга.
Фақат балки, сенинг ҳаётинг
шундай йўлда етар муродга.

СЕН ЁШСАН

Гапирсам,
гапимда кўп бўлса алам,
тушунгинг келмайди, чунки сен ёшсан,
сенинг кунинг ёруғ,
ироданг маҳкам.

Биз-чи, биз,
шиквадан воз кечолмаймиз,
ўйинга ўрганиб қолган одамлар
ўйиндан воз кечиб кетолмагандай –
умримиз маънисин безаймиз шундай.

Сенинг ҳам бошингга тушса бир бало,
ишониб қоларсан орзуларингга,
бир гўдак бир кўрни бошлаб юргандай
хаёл сени бошлар узоқ йўлларга.

ҚАРДОШЛИК

Сен қайинни қардош билдингми – демак,
кучлисан – енгарсан сойлар тошқинин,
қўрқмассан ёмғирлар ва шамоллардан,
қайтара оларсан танклар босқинин,
бироқ
бир умрга силлиқ, оқ бўлмоқ
осонмас, бор экан селлар, кўчкилар –
улар қайинларни узар, майиблар,
белларини синиқ этар кўчкилар,
танини қорайтиб кетар кўчкилар.

Сен қардош бўлолсанг қарағай билан,
демак, яшашга ҳам қобил бўларсан:
қанча кўп яшасанг шунча тик, узун,
танингни-ку қоплар ажинлар бутун,
аммо бўрон бўлса эгилавермас,
қорлар оғир эмас қарағай учун.

Агар сенга оқмўйлов нард бўлса қардош,
унда сен тортмассан ҳеч балодан бош:
нард ўти ўтлоқни ботқоқ қилади,
ҳосилдор тупроқни қумлоқ қилади,
сен ҳам оқ ва лекин соқоли яшил
шайтондай бўларсан ўжар, баджаҳл,
ҳар нарса сен учун бўлар ҳеч нарса,
ҳаммага бўларсан сен ҳам ҳеч кимса.

ЭНДИ БЕҲУДА

Уйғонсанг-у бирдан,
оғир, қора тош
остида қолгандай сезсанг ўзингни,
қаҳрли, бағри тош бўлиб кетарсан…

Денгиз долғаланса энди беҳуда,
куз ҳам олтинланса энди беҳуда,
дўзах ёрилса ҳам энди беҳуда,
ҳақиқат кечикиб очилган бўлар.

ЮРАК ДЕЙДИКИ…

Туну кун чақирдим ошиб хунобим,
ялиндим – қайтмадинг аммо изингга.
Сўнг қопқани ёпдим. Менинг азобим
кириб қолди шунда сенинг кўксингга.

Сўнгра келдинг гадой сингари, аммо
совиб қолган эди олдинги дунё,
энди ўз қопқангни қоқавер урён –
токи бармоқларинг бўлгунича қон.

* * *

Шеър туғилар хотирамнинг теранларида,
тун бағридан бир саринлик келтирар шамол,
ўлик-зангор чўққиларнинг кўланкалари
акс этади кўллар юзида.

Эҳ, нима у менинг сўзларим?
Шимол бўронлари йўлидаги
ўрмон,
ҳаёт оловининг
хароб этувчи йўлида
тикка-тик турган
тоғ тизмаси.

ОҚШОМ БУЛУТЛАРИ

Олис қирғоқлардан
оппоқ булутлар –
мангу хабарчилар
сузиб келмоқда.
Кўпдан улар менга
келтирмас хабар.
Қўрғошин уфқда
шом осмонида
кимгадир бир дарак
келтирди улар.
Агар шундай бўлса
демак, дунёда
ҳали умид бор.

ОЛОВ БИЛАН МУЗ

Умрим нима менинг?
Олов билан муз:
қотиб турган музтоғ
ва ёниқ юлдуз.

Иккови баҳслашар:
қани, ким кучли?
Олов ақлсиздир,
музтоғ қўрқинчли.

Муз – ҳаёт.
Ўт эса ёндирар мени –
ажал қолдиради
менга кулини.

ОРЗУ

Биз борамиз,
дунёда чунки орзу бор,
орзуда мўъжиза бўлади содир,
мўъжиза албатта бўлади содир,
вақт бизга очилар оқибат-охир,
юраклар очилади бизга,
эшиклар очилади бизга,
очилади биз учун тоғлар,
қайнаб чиқар инжу булоқлар,
орзулар очилади бизга:
бир кун тонгда ҳеч ким билмаган
тўлқинларда сузиб юрамиз.

АХИЙРИ КЕСДИМ-А ОЛМАНИ…

Ахийри кесдим-а қари олмани…
Чунки тўсиб қўйди деразамни у,
соя қилиб қўйди меҳмонхонани,
яна харидорлар: аччиқ экан, деб
бундай олмаларни олмай қўйишди.

Аммо мен баъзида ўйлаб қоламан:
Нима дерди отам?
Севарди уни…
Мен эса тагидан кесиб ташладим.
Атроф ёришгандай бўлди гўё,
кўрфаз кўринади деразамдан,
очилгандай бутун теварак,
уй қаддин кўрсатди,
кўринар ҳар ёқ.

Аммо соғинаман олмани, бир сўз демай,
усиз алланимам етишмагандай!
У бизни асрарди шамолдан, кундан,
шох оралаб нурлар тушарди уйга,
турарди чўзилиб меҳмонхонада,
тунда барглар сасин тинглаб ётардим.
“Аччиқлиги” эса, ҳа, нима бўпти?
Қишки олма шундай бўлади ўзи –
тахирроқ бўлса ҳам таъми салгина
яхши сақланарди то баҳоргача.

Ҳар куни қарайман чўлтоқ тўнкага,
уялиб кетаман ўзимдан ўзим:
аста-секин чириб бораётир у –
ковлаб, ўтин қилиб юбориш керак.

ШУНДАЙ ВАҚТ КЕЛДИ

Ракеталар кўтарилар
хартумлари тепага қараган,
қўнадилар Ойга ва ё Миррихга.
Шундай вақт ҳам келди,
шундай вақт келди
юлдузларга экайлик заҳаримизни.

Русчадан Миразиз Аъзам таржималари.