Ҳэнрик Ибсен (1828-1906)

Ҳэнрик Ибсен (Henrik Johan Ibsen; 1828.20.3, Шиен — 1906.23.5, Кристиания) — норвег драматурги. Бергендаги биринчи миллий норвег театрига (1852—57), Кристианиядаги норвег театрига (1857—62) раҳбарлик қилган.
Илк шеърлари ва «Катлина» (1850) драмаси Европадаги 1848 йил инқилоби таъсирида яратилган. Рим, Дрезден, Мюнхенда яшаган (1864—91). «Эстротлик Ингер хоним» (1855), «Гельгеландаги урушлар» (1858), «Тахт учун кураш» (1863) тарихий драмаларида Европа романтизмининг таъсири сезилади. «Бранд» (1866) ва «Пер Гюнт» (1867) фалсафий-рамзий поэтик драмаларида норвег киборлари ҳаёти тасвир этилган.
Ибсеннинг «Жамият пешволари» (1877), «Уя» (1879), «Шарпалар» (1881), «Халқ душмани» (1882) пьесалари машҳур. «Ёввойи ўрдак» (1884), «Росмерсхольм» (1886), «Денгиздан келаётган аёл» (1888), «Гедда Габлер» (1890) каби драмаларида сўнгги даврга хос рамзий унсурлар акс этган. «Қурувчи Сольнес» (1892), «Кичкина Эй-ольф» (1894) ва бошқа асарлари Европа реалистик драматургиясининг ютукларидан ҳисобланади. Ибсен жаҳон драматургияси ва театрига катта таъсир ўтказди.
«Шарпалар» пьесасидан парчалар ўзбек тилига таржима қилинган (1974).

БЎРОНҚУШ

Тик қояда ўтар бўронқуш куни,
Кекса денгизчидан эшитдим буни.

Кўпикка тўш уриб, у нолон учар,
Тўлқинда сирғалар, денгизни қучар.

Қалққан мовийликда чайқалар текис,
Сас берар, бўронни қилганида ҳис.

Учар булут ости, чўққи узра ё
Гўё орзумиз кўк жаҳаннам аро.

Ҳавога оғир у, денгизга енгил,
Бу – қуш-шоир шодлик, ғами не дегил.

Энг ёмони шуки, олим хавфсираб,
Бу чўпчакдир, дейди, оёғин тираб.

АВЛОДЛАРГА*

Мақтов тожин кийдирмоқдасиз
Сийлаб ўлган қаҳрамонни сиз.

Сиз уни у машъал тутган кез,
Ўшал ўт-ла тамғалаган тез.

Ўзи этса қиличга эга
Сиз санчдингиз ўзин кўксига.

Енгилмади ёвга, дов туриб,
Йиқитган, сиз, тош билан уриб.

Порлар, кўкдан юлдузи кетмас,
Ўчиришга қурбингиз етмас:

Гулчамбари узра ёнсин у
Қирмизи нур таратиб мангу.
_______________
* Бу шеър дат ёзувчиси ва танқидчиси Ю.Л.Хейберг (1791–1860) ўлими муносабати билан ёзилган.

ИШОНЧ АСОСИ

Шеър ила бонг уриб юртни уйғотдим*
Ўлкамда пинагин бузмади ҳеч ким.

Бурчимни ўтадим – бу кема мени
Олиб жўнамоқда узоққа энди.

Каттегатда тўсди бизларни туман,
Йўловчилар қуриб ҳарбий анжуман,

Оламжаҳон ишни қилган бўлдик ҳал,
Бу тунни кўз юммай кузатдик тугал:

Тор-мор бўлган Дюббёль*, нелар кутамиз,
Ёш аскарлар – барин эслаб ўтамиз.

“Шу, жияним қочди! Ўн саккиз ёшда!
Хизматчи ҳам қочди! Минг савдо бошда!”

Шикоятлар аро бор маъқул гап ҳам:
Худди бизлар жангга кирардик шаҳдам.

Орамизда эди севган ўз зотин
Истараси иссиқ сипо бир хотин;

Ҳамма унинг кўнглин кўтарсам, дерди,
Ҳамма гўё унинг ғамини ерди.

Хонимлар боодоб, сўйлар серқайғу:
“Ўғлин аскарликка жўнатибди у!”

Табассум қилиб у бош силкиб қўяр:
“Омон қайтар – кўриб кўзларим тўяр!”

Нуроний кўринар менга бу кампир,
Равшан, маҳкам ишонч берибди тақдир!

Мени хотиржамлик измига солди,
Ожиз руҳим худди шер бўлиб қолди!

Бу онада шундай ишонч бор экан,
Халқим ҳали тирик, омад ёр экан!

У китобий сўзни такрорлаган йўқ,
У тоза ҳаётий ҳикматга тўлиқ.

Бу ишончни ўзи қаердан олган?
Буни илҳом, ғурур кўнглига солган,

Билар ёлғиз, азиз ўғли кўнгилли
Норвег қўшинида аскар соф дилли!
_______________
* Ибсен 1864 йил февралда, дат-австр-прусс уруши бошланиши муносабати билан, Швеция ва Норвегия ҳукмдорларини ўз ваъдаларини бажаришга чақирган. Бу ҳукуматларнинг мужмал сиёсати, уларнинг ўз ваъдаларига хилоф равишда, Пруссия ва Австрияга қарши курашда Данияни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорларидан қайтишлари Ибсенни ғоят ғазаблантирган, унинг норвег миллий озодлик ва скандинавчилик ҳаракатига бўлган ишончини барбод қилган. Ўша вазиятда кучли руҳий зарбага дучор бўлгач, ўз норозилиги ифодаси сифатида, Ибсен 1864 йил 5 апрелда Норвегияни тарк этиб, ихтиёрий сургунга жўнаган. У шундан кейин 26 йил муҳожирликда (асосан, Римда, Дрезденда ва Мюнхенда) яшаган, шу давр мобайнида икки марта (1874 ва 1885 йилларда) ватанига келиб кетган.
* 1864 йил 18 апрелдаги дат-австр-прусс урушида, беш ҳафталик жанглардан кейин, жанубий Ютландиядаги Дюббёль қишлоғи датларга нисбатан уч марта кўп бўлган прусс қўшинлари томонидан эгалланган.

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси