Бхупи Шерчан (1937-1990)

Бхупи Шерчан (भूपि शेरचन) – непал шоири. “Янги халқ қўшиқлари”, “Шалола”, “Айланма стулдаги сўқир” тўпламларининг муаллифи.

МЕНИНГ КЎЧАМ

Бу энг танг, тор кўча – менинг кўчамдир.
Бу ерда нималар учрамас, ахир!
Дўстларим, ҳамма нарса бунда жам!
Адоқсиз оғриқлар солар ларзага,
Эзар адоқсиз ғам,
Адоқсиз очлик.
Биргина шодлик йўқ – умри мукаррам,
Солиқлар эса бор ҳамма нарсага!

Бу энг танг тор кўча – менинг кўчамдир.
Бу ерда нималар учрамас, ахир!
Дўстларим, ҳамма нарса бунда жам!
Бизлар, Яратганнинг яратиқлари,
Ўзимиз қўллаган худочалар ҳам,
Бу тор кўчаларни кезар сарсари,
Ҳайҳот, тарқоқликка берамиз барҳам.
Қийин авом тугул худоларга ҳам.
Кечаси бургалар қонимиз ичар.
Нарх-наво чақади кундузи бесар.
Худочаларнинг ҳам беадад дарди –
Кам ҳурмат қилишар бунда уларни.
Худочалар авом аҳлидан хафа,
Авом – худочалар жаҳлидан хафа.
Таҳ-батаҳ жой танлаб ўз еримиздан
Интиқом оламиз бир-биримиздан.

Бу энг танг, тор кўча – менинг кўчамдир.
Бу ерда нималар учрамас, ахир!
Дўстларим, ҳамма нарса бунда жам.

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси