Ян Вагнер 1971 йилда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида туғилган. Дастлаб Ҳамбург Университети, кейинчалик Ирландияда Дублин Университетларида таҳсил олган. Айни пайтда оиласи билан Берлин шаҳрида истиқомат қилади. Вагнер кўплаб адабий мукофотлар совриндори. Немис адабиётига қўшган ҳиссаси учун 2017 йилда Георг Бюхнер мукофоти билан тақдирланган.
Ойболдирғон
Зоҳиран ҳокизор бу ойболдирғон
Яралмиш ботинда кабир нафс ила
Тебраниб тургувчи оппоқ гуллари
Золимнинг тушидек пок-покиза
Кўҳна гуноҳ мисол қайтаверар у
Майсалар пойида, зулмат қаърида
Яйдоқ далаларнинг бағрида туйқус
Оппоқ мухолифат ини мисоли
Махфий варақалар битавер у
Ертўла ортида, шиғирлар шағал
Гилос тагларида ул ойболдирғон
Тўлқинлар сингари кўпирар, тошар
Шовқинсиз оҳиста девордан ошар
Бир-бирин турткилаб, оч чангаллари
боғнинг бўғизига чирмашар
Чивинлар устида тажриба
газета узра
ҳавода муаллақ гала
баайни қоғоздан ажралган ҳарфлар
ёмон хабарларнинг бирортасини
бизга келтирмаган
илҳом парилари
озғин пегаслар
шивирлашар гўё
шам ўчганида
ўрлаган тутуннинг
сўнгги толаси
шу қадар енгилки,
мисли шарпалар
буни айтмоқ учун каломлар оғир
ўзга бир оламдан
бизнинг оламга
отилгандек рақс тушарлар
қалам изиданда нафис чизиқлар
митти сфинкслар
розетта битиклари,
тошсиз
Тарих: Онесил
(Геродот V, 114)
Шаҳар дарвозаси узра бош чаноқ
Ғўнғиллаб бошлайди тонгги шуълада
Ҳали ҳануз хайрат акс этиб турар
Бир пайтлар юз бўлган силлиқ юзада
Ичкарида қизғин улкан жараён
Бош чаноқ ичида механик гала
уланиб кетгандир бир-бирларига
Тилларанг болари катакларила
Тўлдирар бу сўқир косачаларни
Геранлар, лолалар ва қизғалдоқлар
Гладиоулусларнинг заррачалари
Боларили кўзлар айлана бошлар
У шоҳ эдими ё шунчаки гадо
Офтобда қизиган ғиштга чирмашиб
Тепага ўрлаган болаларга ҳеч
Бунинг фарқи йўқ
Унинг чаноғидан мисли фикрдек
Оқиб турган болдан қўллари шира
Боларилар рақси, ҳазин ёдгорлик
Ерчун курашганди ҳаётлигида
Энди боши ичра
Улкан қироллик
Чойшаблар
бобомни чойшабига ўраб
олиб кетишгани ёдимда
бир йил ўтиб орадан
чойшабларни алмаштирганда
арига айланиб қолган
қуриган танасин кўрдим
ўтмишга айланган ёз фиръавни
чойшаблар тахлашчун
қулоч ёйилар
акс эта бошлайсан оппоқ юзада
фокстрот рақсига ўхшар
кир тахлаш
ҳар гал навбатдаги тўғри тўртбурчак
сингиб кетаверар кейингисига
бурунлар тўқнашиб кетгунга қадар
чойшабнинг қордай оқ бағирларида
нималар топилмас худо билади
ифорнинг излари қолган атирдон
лаванда ё бошқа дала гуллари
танга, куядори доначалари
Оғир тин олади, сукутга толиб
жавонларда турган оппоқ тахламлар
Ифорга ботириб қўйилган, оҳор
берилган, дазмоллаб, бежиримгина
ақл бовар қилмас юксакликлардан
сакрашга тахланган парашют каби
Қудуқда
Олти, етти метр чуқурда
Дунёдан нақадар олисда эдим
Дала тошларидан ясалган
Фазо кемасидан туриб
Олисдаги қадрдон,
юмалоқ, мовий парчага
тикилардим
Қудуққа тушиб кетган бола эдим
Деворларда мох
Ўзидан чилвир ясаб
Юқорига ўрмалар эди
Печаклар тутарди
Печакка елка
Озодликка эришмоқ
учун
Бир-бир чақмоқ каби
Учар эди қуш
Оппоқ чақмоқ қуш,
ётардим
Секин ўтганларин
Паққос тушириб
микроскоп узра қилт этмаган
тадқиқотчи кўзи сингари
қудуқ узра мўраларди ой
эшак қурти, тош сўзларининг
мағзин чақиб ётардим
шу он
ғала-ғовур, шовқин, қийқириқ
кўзолдимда бошланди арқон
Мен қайтдим,
Қўнғироқлар саси, нон ҳиди
Автобус жадвали
Дарахт сояси
Об-ҳаво ҳақидаги гурунглар
Маросимлар, фожеалар
Сарлавҳаларга
Уларнинг бирига айланган эдим
Мих
деворга қоқилган онидан бошлаб
борлиқнинг маркази болиб қолганди
боғлар, далалар, шолғом жўяклар
товуқ катаклари, редискаларни
дунёнида теграсига олганди.
қалпоқларимизни, қўлда тўқилган
свитерларимиз, расмларимиз
пальтолармиз ва ёмғирпўшларни
унут бўлгунича унга осардик
кун келиб гар кўчиб кетсак, қолмагай
бу шаҳар, бу кўча, бу уйдан нишон
унинг чўнг нигоҳи бирдек бардавом
йиллар хуружудан қолажак омон
ғарбу шарқ узра у милтиллаб турар
йўлчи юлдуз каби сочиб нур
кекса денгизчилар учун у
таскиндир
Ҳалинчак
оғирроқ бўл дейдилар менга
кўзларимни юмганча
қоп-қора бетон, темир
устахоналар, филлар, лойга
ботган лангар узра сирғалаётган
наҳанглар, сандоннинг ўқсимон
бошини қилгум тасаввур
бир он тин оламан, тўхтар нафасим
қилт этмас қирғовул қийқирган,
ҳазонлар тўкилган маҳал
измимга бўйсинмас калта оёқлар
булутларга тегай деганда бошим
Совун устида тажриба
Ҳар он шай турарди битта бўлаги
Турли босқичлардан ўтиб бирма-бир
Ҳамма нарса каби секин кичрайиб
Бир кун яна ойдек тўлиб қоларди
вазни бир тошчалик келиб кафтларда
момиқ кўпигида покланиб обдон
қобилдан хобилга айланар эдик
унутганимизда қовжираб қолди
дағал астероид парчаларидек
мана яна денгиз тубидан бир зум
юзага қалқиган ҳилқат сингари
тин олди юзаси намдан нурланиб
дастурхон, ҳамма жам.
ойсиздир оқшом
қўллардан таралар ёқимли ифор
Беҳилар
кузнинг томирлари бўртган қўллари
лўппи чироқларни осиб шохларга
ажиб фасл эди: беҳи терардик
бўяб ошхонани
офтоб рангига
беҳилар устидан жилдирарди сув
олма, нок пишарди номига монанд
қандайдир бокира ширага тўлиб
мисрамда, боғимнинг сирли тилида
мисли кўрилмаган қатъият ила
унганин таъми ҳам ўзгача эди
иккита катта ва икки жажжи қўл
беҳининг этини майдалар эди
Сиқилган шарбати буғланиб аста
Шакар, иссиқ, меҳнат бўлиб пайваста
Хомлай хуш татимай сира оғизда
Беҳи моҳиятин англаш истаган
Кимсага борлиғи намоён эди
Мураббо солинган шиша идишлар
Қора кунлар учун қўйилган териб
Турарлар ертўла жавонларида
Чарақлаб, дарахтда осилиб турган
Кунлардан хотира каби нурланиб
Чойхалта
эҳромга ўраниб, гўё ғорида
зикрга чоғланган
жиккак бир зоҳид
аршга боғлаб турар
биргина ришта
лаҳзалик умрига
бўламиз шоҳид
Боларилар билан автопортрет
юзим, лабларимда қора чизиқлар
йўғонлаб, соқолга айлана бошлар
ўхшаб бормоқдаман магдаленага
ўсиб, ғужғон ўйнар танимда сочлар
боларилар ҳар ён, мўр-малахдек
борлиқ оғирлашар мисқолма мисқол
каттайиб, кенгайиб борар вужудим
қўшиқнинг жонсарак юраги мисол…
қўлларим ёйилган, жангчи сингари
аслаҳаларимни бир-бир узатар
аввал бош, қўл, оёқ, сўнг елкаларим
зирҳ ила тўсади қуролбардорлар
Жилолмай қоламан охир жойимдан
Ялтираб, бу савлат ортида асли
Шунчаки шамоллар, эски ҳаволар
Чиндан кўринажак, ўтганда фасли
Коалалар
Биргина дарахтда шунча кўп уйқу
Юм-юмалоқ, пахмоқ жундор коптоклар
Мудроқлик саҳнаси барча шохларда
Тебранар чирмашиб олган бутоқлар
Тирноқлари бир жуфт темирдек ботар
Биринчи бўлсада, донғи чиқмаслар
Тропик ўрмонлар қирғоқларида
Тепага интилар, ҳеч енгилмаслар
Битлиқи буддалар, баргларда унган
Заҳардан қуюқроқ ҳамда ўткирроқ
Фисқу фасодларга қулоқлари берк
Дунё ғамларидан нақадар йироқ
Ватерло жангию, Каносс юриши
Ёт кўзларига боқ, вақтни бой берма
ғалаба кутётган велосипедчи
сингари мулойим, буришган чеҳра
дунёдек эскирган заҳил ранглари
ердан узилган, лек қўл чўзса яқин
эснаб, керишади яна биттаси
ялпизли тушига шўнғишдан олдин
Кутубхоналар
Александрия хотирамда жонланади
Хира парвоналар галаси, тутун
Аланга тилининг ёруғлигидан
Олис-олисларда ўқиса бўлур
Минглаб ёнаётган ўрамлар тафти
Тун ярмидан оқсада куйдирар таним
Париж, Ню Ёрк, битта жавонда
Шивирлаётганлар, даҳолар, ғарлар
Британиядаги юмалоқ залда
Бутун тарих мужассам, марҳум
Адмирал ва леди Ҳамилтон
Сўнгги нафасида битган мактублар
Ҳамон титраб турар. Ватикан қатларида
Соялар, чиққилаб турган чанг зарралари
Емирган, сира ўқилмаган,
илвираган сирли битиклар
Хаёлимдан кетмас кечаги кундек
Шаҳардаги ўша кутубхонада
Китобларни бир-бир сипқораётган,
қандайдир шарпалар ила курашиб,
Имо-ишоралар, бир-икки ғалат
Товушла сўзлашган қари матео
Гапирмас, эҳтимол буни истамас
Балки аллақачон аланга ичра
Немисчадан Гулноз Набиева таржимаси