Вольф Бирманн (Wolf Biermann) 1936 йил 15 ноябрда Гамбург шаҳрида таваллуд топган. Шоирнинг отаси 1943 йилда Освенцим концентрацион лагерида ҳалок бўлган. 1953 йили Ғарбий Германияни тарк этиб Германия Демократик Республикасига кўчиб ўтган. Театр соҳаси билан ҳам шуғулланган. У ташкил этган театр жиддий ижтимоий мавзуларда ёзилган асарларни саҳналаштиради. Шу сабабдан у 1976 йили ГДР фуқаролигидан маҳрум этилади. Унинг «Ердаги жаннат», «Ватан», «Ватан соғинчи» номли кўплаб шеърий тўпламлари эълон қилинган. У ўз шеърларини қўшиқ қилиб ижро этади.
ВАТАН
Мен ором излаб бош оғриқларга дуч келаётган одамман,
Қизғин ҳаётга ташна инсон сингари
Умрим қисқа бўлиб туюлаётир.
Ҳамма нарсага эга бўларак,
Ҳамма нарсани тарқатишни истамоқдаман.
Мен пировардида ўз ватанимда ўлмоқчиман.
Ўлсам бас,
Ортга қайтмасман ҳеч.
Туш кўриб бақирмоқчи эмасман,
Уйғонсанг, жиндеккина мизғисанг яна.
Аслида бир қултум чой ва бир бурда бутербурод
Инсоният муаммосини ечиши мумкин.
Абадий навқирон,
Озодлик жанггида
Чида чидаб бўлмас вокеликка.
Чунки ғалабада акс этар мағлубият,
Парво қилма. Сев. Севмоққа журъат эт.
Шу оқшом учун бир қадаҳ шароб ичаман,
Гўзал аёл, сен шу шароб сингари жимирлайсан,
Қўш ҳўкизга айланайлик, кел,
Кел, биргаликда учиб кетайлик!
Агарда саламандрамнинг
Тишланган думи
Қайта ўсиб чиқса, сенга шеър бағишлайман!
Мен ором излаб бош оғриқларга дуч келаётган одамман,
Қизғин ҳаётга ташна инсон сингари
Умрим қисқа бўлиб туюлаётир.
Ҳамма нарсага эга бўларак,
Ҳамма нарсани тарқатишни истамоқдаман.
Мен пировардида ўз ватанимда ўлмоқчиман.
Ўлсам бас,
Ортга қайтмайман ҳеч.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров ва Баҳром Рўзимуҳаммад таржимаси