Георге Чокой (1942)

Георге Чокой ‒ молдаван шоири, публицист, сценарист, таржимон. 1942 йил 4 августда Окницкий туманида туғилган. Молдова давлат университети филология факультетини тамомлаган (1965). Илк шеъриё китоби «Севги юлдузи» номи билан 1970 йили чоп этилган.

ЁМҒИР

Теракларнинг учида юлдуз
Қалқинади, титраб-яшнайди.
Лаҳза-лаҳза
Ёмғир — шўх ҳофиз,
Япроқларни черта бошлайди.
Сен тинглайсан…
Бир оҳанг — ёғду,
Қуйилади юлдузли наво.
Аммо, афсус, кетиб борар у.
Қайга кетар!
Қаерларга! Оҳ…
Узоқдаги водийлар узра
Елиб борар
Бир парча булут.—
У ёмғирлар тилида сўзлар,
Яшил боғлар турсин деб кулиб.
Жоним,
Менинг бедор тунларим,
Сенинг майин қўлларингдир.
Ёмғирли тун учрашади жим
Қўлларимиз — иккита тақдир.
Хазон бўлмас
Севги боғлари!
Расмин, ана, ойнага битдим.
Боғлар
Бирдан куртак боғлади,
Гуллади, ёр, кўнглинг ва кўнглим,
Қадамингнинг товушими ё
Ёнғоқ ерга тушдими нохос,
Сукунатнинг бағридан
Ногоҳ
Мени чорлар Олмами, гилос.
Нафис бўйлар
Уфурган ердан,
Сенинг учун тераман мева.
Қўлларини ёйганча бир дам,
Пешвоз чиқар
Дарахтлар сенга.
Аста-аста берар экан жон,
Ёмғир ташлаб кетди дунёсин —
Хуш бўйлардан
Боғлар фаравон;
Барглар аро
Юлдуз шуъласи…
Хазон фасли етган қайдадир
Боқиб кузги шаън адирларга,
Ўзга ошиқ дуо айтадир,
Оқ йўл тилаб оқ ёмғирларга.

Усмон Азим таржимаси