Радован Павловски (1937)

Таниқли шоир ва эссечи Радован Павловски 1937 йилда Сербиянинг Ниш шаҳарчасида туғилган. «Қурғоқчилик, тўй ва кўчманчилик» «Кема»,«Чошгоҳ», «Шаффоф қилич нурида», «Илон ўйлаб ҳам кўрмаган қуёш ҳақида», «Базм», «Уруғ», «Чақмоқ», «Қоровуллар» ва бошқа шеърий тўпламлари чоп этилган.

ТУШ ПАЙТИДА УХЛАБ ҚОЛГАН ЙИГИТ

Ўлим садолари
ухлатар сени,
навжувон йигит.
Кўзларингни оч!
Кўкатлар, чопқилар сасига тўлган
поёнсиз бир дала сенга интизор.
Эрталабки офтоб — таомли баркаш
устида нонларин синдирар
ер ҳайдовчилар.

Туш пайти кечанинг қора ипларин
яшириб қўйган.
Тагингда кўмгансан ою тошларни.
Хилват жойдан ўнлаб чавандоз
даҳшат тўлқинидай бостириб келар,
Заифгина ўсимлик
ерга боғлаб қўйган бармоқларингни,
Тушги хумор лабларингдан ўптирмагунингча
қўйвормайди энди у сени..

Майсалардан кўтарилар марҳум
ошиқларнинг қўшиғи.
Кўзларингни очақол, йигит!
Ток новдаларидан тўқилган қайиғим
денгиз сари чорлайди мени
хирқираган овози билан.
Гоҳо уйқудаги мавжудотда
жондан асар бўлмас.
Гоҳо жиннимасманми, деб
сўрайман ўзимдан ўзим.

Мана, оқшом тушди.
Сени уйғотмоқчи бўлишар,
Сен эса юлдузлар харитасин чизаркан
чуқур-чуқур нафас оласан,
кўзларингни очақол, йигит!
Сўйлаб бергин қандай тушлар кўрганингни.

Кейин салқинламоқ учун тегирмон шамолидан
Темир Дарё бўйига борамиз учқур отда.
Шамолдан тикилган кўйлагимни
эзилган чечак-ла қадагач,
уйга кираман, о, севги!
О, навжувон йигит, айтгил,
агар кўзларингни очолмаётган бўлсанг,
лоақал тушингда не ичаётганинг айт?

УЧ БОШЛИ АРАБ ҲАҚИДА УЧ БОШЛИ ҚЎШИҚ

1

Биринчи бошидан мовий шамол отилар,
шундан боғлар кўринмокқа журъат қилолмас.
Чодирларни, оҳларни чўзиб ёяди.
Қишлоқларда капалакгулларнинг
кўзларини суздириб ўтар.
Унинг ипак каби овози
ёш қизларнинг тушига кириб,
алғов-далғов қилар, қилич ишораси-ла
унларини ўчирар.

Очликнинг икки тунжи
бир-бирига тегар ҳавода,
гирядан дарак бериб,
хиралашар сўнг.
Қорлар,
қишлоқларни ёритган қорлар
эриб кетар даҳшатдан.
Заргар эса
қизларнинг кўз ёшларидан
марварид ясайди
Қора Арабнинг мовий шамолига.

2

Иккинчи бошидан қизил шамол отилар.
Ёнаётган ипларда ўралашган юлдузлар
унга тўшак ҳозирлар.
О, муҳаббат алангаси.
Олов юрагидан кул олиб
ёпиштирди кўринарли жойга луллиқурт
қоралиги кўриниб турмоғи учун.
Унинг дарди қўзир ҳавода
ва ойдинда кўринар фақат.
Яшил зонтлар устидан
заҳар тизиллатаркан,
қурбонларни чўктирар денгиз.
Сўйилган, қип-қизил сувлар оқади
уч юзта даҳшатли дод-фарёд билан
кўприкларни бузароқ.
Қизил шамол култепалар билан
қайтиб келар Қора Араб бошига.

3

Учинчи бошидан
қора шамол отилар
сенга.
Кема ясаб бўпсан дарахтдан.
О, босқинчи Қора Араб,
Қиличинг қинидан
атиргул олдинг,
Изтироб чек!
Сенинг руҳинг капалакка айланди.

БОСҚИНЧИ ҚОРА АРАБ

1

Гиря,
Қўнғироқлар,
Уф,
қандай ғамгин қўнғироқлар!
Қора Араб учқур отда,
қиличиин яланғочлаб,
ўтди оппоқ йўллардан.
Атиргуллар эриб кетди
бош устнда айланиб,
гиря сингари
Уҳ, ҳавони бузган
бу қора қилич.

2

Қора Араб ухлагани қора минор сари кетди.
Бироқ унинг тушини кўрсичқонлар кемирар.
Ой дарахтлар орқасига яширинар боғда.

Ноғоралар, сурнайлар,
Бу кимнинг ниш ураётган данагидир.
Қора Араб айланар
қора йўлларда,
Қиличига какку қўниб
«Кук-ку»лай бошлар.
Бирга ухламайди юрак ва қилич,
«Кук-ку»лай бошлар.
Уйқудан қўрқаман,
ақлдан озган ҳолда
уйғонишдан қўрқаман.

3

Сувлар қуриб қолди.
Мен учун бир оҳни чечакдай узгин.
Қийиндир юракни ўлдирмак.

О,босқинчи Қора Араб!
Сўйлашаман ҳалок этилган
руҳлар билан ярим кечаси.
Гоҳо тошқин бўлар
фақатгина бир одам учун.

СУВ БОСҚИНИ

1

Сув Босқинининг мовий ноғораси
даранглар адирларда.
Соҳилдаги уйда саросималик.
Бошимизни оғир сувга
тўлдирар осмон,
о чиройли дунёмиз!
Наслимизни ерга кўммоқ зарур.
Учма, бас қил парвозни, қушча,
оғирликни кўтарма.
Бизни ўриб кетдилар оёғимиздан.
Кўрқиб кетдим қоп-қоронғи омборлардаги
тез унаётган уруғларнинг товушларидан.
Етти кун деганда
пайдо бўлди осмон тубидан
ваҳимали Босқин сояси.

2

Оғир ўтган ёзнинг гулдираган қалдироғи.
Отим чопиб ўтар
қоронғи далалардан ёп-ёруғ далаларга.
Уҳ, тагимдаги қорақашқа учқур отим,
учқунлар сачратгин туёқларингдан,
ёндиргил мени.

Ҳайвонлар тўшагида ухлайман бу тун.
Майсалар шивирлар бошим устида.
Уникидир мовий сувлар,
меники — юлдуз,
сувга чўкиб ўлган одам фикридай
очилмоқчи фикрингизни очгувчи юлдуз.

3

Тўққизинчи осмонда отим.
Неки эксам, экканимдан гиря унди.
Нон устида хоч ва совуқ чоғирлар.

Осмонда кўринар ваҳимали Босқин шарпаси.
Ётай десам, тўшак мени қабул қилмас,
Мени чўккан одамдай севади сув.

УРУҒ СОЧУВЧИЛАР

Уруғ сочувчилар
ёмғирни қўмсаган уруғлик дон-ла
занглаб кетган плугларни ерга кўмибоқ
дам олишга ўтирдилар худолар каби.

Оғир сувлар ҳансирару
қайтадан ясар
оқимлар бузворган доираларин.
Бекатда бир жувон
чиқаётган ойни кузатар,
дунё бўйлаб сузар бўсаси.

Ўрмонларни чирмадим чилвирлар билан,
булоқлардан дарёларни қўйиб юбордим,
сўнгра ўпиб қўйдим,
яшайверсин ҳомиладор аёл сингари.

Тепамда турибди уруғ Сочувчи.
Уруғлари аччиқ бир мева етилар,
уларни ҳам экаман.
Ўсиш гўзалдир.
Эгатда ётаман
сим тор узра ётгандай,
унаётган уруғларнинг куйини тинглаб.

Мени изланг —
қалин ўрмон тоқи тагида
қувват бериб яшнатаман,
етилмаган ҳар бир гиёҳ, ҳар бир чечакни.
Бир зум тўхта қаршимда
бир-биримизга узоқ-узоқ тикилмоқ учун,
биздан туғиладиганни
ҳимоя қилмоқ учун.
Бу —
тўфонлардан кейинги биринчи баҳор.

ЖАВДАР

Тоғларимда экиладиган жавдарнинг
ёпишқоқ ҳам узундир гули. Жавдар ҳидини
гулдураклар ёяр ва бу ҳар йил июнда
Буғдой етилганда содир бўлади. Яшил-сарғиш
жавдарга қараб туриб вақтнинг бир текисда
тўлқинланиб ўтаётганин илғамоқ мумкин.

Пишган жавдарни, боғ-боғ бойланган,
ғарам-ғарам жавдарни
кун бўйи қиздирган қуёшнинг тафти
пасайиши биланоқ
болалар, хотинлар елкаларида,
отларда, эшакларда элтишар
ой чиққан чоғида
тошлоқ йўллардан
бутун-бутун оилалар, бутун-бутун маҳаллалар
жазирада икки гулдурак аро
жавдар боғларини элтишар, бундан ташқари
улар саҳармардонлардан қоқ тунларгача
ўлим ва балолар чангалидан,
она кўкрагидан эрта юлинган бувак каби
йўқлик қаъридан умрим
қандай юлиб олинган бўлса,
худди шундай тош устида ундирилган
ҳосил учун жонларини жабборга берар.

Энди жавдар қишлоқ ўртасидаги
хирмонларда уюлиб,
гўё олтин уюмидай ўса бошлайди.
Ногоҳ булутлар келар адир ортидан
ёпирилган лашкар сингари.
Бутун қишлоқ деразалардан инларидан
қараган асаларилардай
булутларнинг металларни, тунукаларни,
товоқларни,столларни, ўроқларни
тарақлатиб ураётганин кузатиб турар.
Йирик-йирик томчилар шишиб кетган томирларга
урила бошлайди тобора тезроқ,
олов ва сув айлантирар тегирмон новларини.
Мана, жавдар тортилар, юлиб олинди
табиатдан машаққатли йил.

ТАЪҚИБ

Бор донни еб бўлдилар. Бор ғаллазорлар
хароб бўлди. Тоғларни буздилар. Жавдарни
симтўрлардан, элаклардан ўтказдилар,
аммо топмадилар Дон юрагини.

Ўтказдилар тўйларин шошиб. Қонун олдида
боғладилар эр-хотинлик иттифоқини.
Қурғоқчилик ва Тўфонни никоҳладилар,
аммо топмадилар Дон севгисини.

КУЛОЛЛАР

Ойнабад тошлардаги сув ўтлоқлари
тасаввурим билан бирга айланар.
Мени энди ўз юртимда ҳеч ким танимас.
Билмайман, не гуноҳ қилгандим ерга,
Қандай оқлаш мумкин болакайларнинг
йиғисига лим тўлганча оққан,
ўсимликларга
ҳақиқат элтмаган сув жиноятини.

Руҳимни тебратмас бу сув,
тебратмайди сувни ҳам руҳим —
Бу нариги дунёдаги умримизнинг
ўсимлиги ўсадирган сониясидир.
Бошимда йиғлайди, нега йиғлар ер?
Унга бир шакл беришимни истайди,
шунинг учун ҳам ерга қапишган,
кўзга тўлган очлик бўшатган кўзаларимни —
кўпайган фикрларимни қўлларингизда
ушлай кўрманг асти.
Майли жафокаш қироллигим ва девоналигим
мени ҳам ишқимни
ернинг маст бўлаги каби кашф этсин.
Қайси бир мозийни тирилтирайин
жанг қилмоқ учун?
Қайси ғорга яширайин ўз гуноҳимни?
Қайси бир келажакни танлайин
қочмоқлик учун?
Арфам билан қайси ернинг остида куйлай?
О, кулоллар!
Узумнинг кўк шингиллари
ернинг маст бўлагига
дўнмагунимизга қадар
айланади юзимда базмлар аро.

ТУШ ПАЙТИДА УЙҒОНГАН ЙИГИТ

Қор ёға бошлабди,
вужуд-вужудимдан совуқ тер оқар,
деразанинг тагида ҳам
ҳеч ким қолмабди,
факатгина қора отлиқлар йўртар.

Кўзларинг
шунчалар яқинки,
ҳамдардлик излайди қалбимдан,
аммо бунда бир ўзим,
боғланганман кузнинг сариқ сумбасига,
руҳим эса титрайди
қорақайин япроғи каби.

Шимол ёққа алангалатар
ёнаётган оҳларни севги.
Бир чақмоқтош топиб ўзингдан
учқун сачратгин.
Қуёш сени севади фақат уйғоқлигингда,
ў, йигит,
фикран қарағайдай
қад ростлаётган йигит,
олгин ушбу замин мевасин —
бир эгилгин:
пастлаб эсган шамол вайрон қилар бор нарсани
қудратли сув бор нарсани оқизиб кетар.
Майсалар қоплаган сўқмоқлар
туш пайти бирлашар магнит доирасида.

Қайси қудуқ бошига отимни боғлай
қайси бир юлдузда кутайин тонгни?
Қайсли уйда, о муҳаббат, сен билан ётай.

Юлдузлар жадвалида сайрайди қушлар,
замин эса тор.

Шавкат Раҳмон таржималари