Хорхе Луис Борхес (Jorge Luis Borges) – аргентиналик машҳур ёзувчи, шоир, ажабий танқидчи. Ўзининг руҳий ва фалсафий новеллараи билан машҳур. Лотин Америкасининг энг машҳур ёзувчиларидан бири.
Хорхе Луис Борхес Буэнос-Айресда туғилган, ўсмирлиги Европада ўтган, шу ерда таълим олган. 1920-йилларда ўз юртига қайтган адиб дастлаб шоир сифатида машҳур бўлади. 1955 йилдан миллий кутубхона директори бўлиб ишлайди. Кўзи кўрмай қолгач, 1973 йили ишдан бўшайди.
Бир қанча миллий адабий мукофотлар соҳиби; Италия, Франция, Буюк Британия, Испаниянинг олий мукофотлари совриндори; Сорбоннa, Оксфорд, Колумбия (Нью-Йорк) университетларининг фахрий доктори.
Китоблари: «Буэнос-Айрес жазирамаси» (Fervor de Buenos Aires, 1923), «Қарши томондаги ой» (Luna de enfrente, 1925), «Текширув» (Inquisiciones, 1925), «Менинг умидимдаги ҳажмлар» (El tamaño de mi esperanza, 1926), «Аргентиналиклар тили» (El idioma de los argentines, 1928), «Сан-Мартин майдони дафтари» (Cuaderno San Martín, 1929), «Эваристо Каррьего» (Evaristo Carriego (1930), «Муҳокама» (Discusión, 1932), «Шармандаликнинг умумий тарихи» (Historia universal de la infamia, 1935), «Мангулик тарихи» (Historia de la eternidad, 1936), «Тўқималар» (Ficciones, 1944), «Кашфиёт» (Artificios, 1944), «Алеф» (El Aleph, 1949), «Янги текширувлар» (Otras inquisiciones, 1952), «Бажарувчи» (El Hacedor, 1960), «Бошқа, худди ўзи» (El otro, el mismo, 1964), «Соя мақтови» (Elogio de la sombra, 1969), «Броудининг хабари» (El informe de Brodie, 1970), «Йўлбарслар олтини» (El oro de los tigres, 1972), «Қум китоби» (El libro de arena, 1975), «Кўнгилдаги атиргул» (La rosa profunda, 1975), «Темир танга» (La moneda de hierro, 1976), «Тун эртаги» (Historia de la noche, 1977), «Етти кеча» (Siete noches, 1980), «Сирли хат» (La cifra, 1981), «Данте ҳақида тўққиз эссе» (Nueve ensayos dantescos, 1982), «Шекспир хотираси» (La memoria de Shakespeare, 1983), «Атлас» (Atlas, 1984), «Фитначилар» (Los conjurados, 1985).
ЁМҒИР
Боғ узра майдалаб ёғмоқда ёмғир,
Ҳовли саҳни сокин тозарган, ойдин.
Балки тиниб қолди? Оқшом нам, дилгир,
Азизларинг узра ёғгандир бетин.
Мавсум бузуқ ҳаво билан қайтмоқда,
Хазина аталур безовта нигоҳ.
Атиргул кўринар унга боққанда,
Атроф байрам мисол ранг-барангдир, боқ.
Тобора қоронғу дераза ортида
Ёмғир эркалаган мўйқалам, ана,
Қорайиб турадир зинапояда.
Чиринди исига тўйинган атроф.
Тирик кишим сасин туяман яна,
Қайтиб келаётган отамники, ҳа.
“ЎН ЕТТИ ҲАЙКУ”ДАН
1
Оқшом ва тоғлар.
Нималарни менга қилдилар ҳикоя?
Унутилди аттанг, барибир.
7
Шу кундан мен
шахмат тахтасидаги доналарга
қўл теккизмадим сира.
14
Сўнаётган ёруғлик,
сўниб бораётган салтанатми
ёки ёнарқурт?
ҲОВЛИЧА
Оқшомда
рангларин ўчирар толиққан ҳовли.
Осмони фалакдан тўлин ой
кутадир беҳуда илк эҳтиросларин.
Кичик ҳовли, тошлоқ ирмоқдай
нилий ранглар
деразага сингишиб кетар.
Сокин ва ёруғ юлдузлар оралаб
қотиб қолди Абадият ҳам.
шийпонча билан устунчалар оралиғида
Сир тутилган дўстлик лаҳзаси ураверар жом.
ШАНБАЛАР
(парча)
Унутилган соялари дала ҳовлининг
тақа-тақ беркитилган деразалари.
Менинг нотинч кўнглим кимсасиз уй бўйлаб
сенинг тинчимас қалбингни
излайди кўр-кўрона.
Овунмас соғинч узра қўяр узиб
истак ила тортинчоқлик.
Тун зимистони узра
сенинг нурафшон яланғочлигинг чиқиб келар.
Қалбга ўхшаб тобора оғриқдан қисилиб кетган
жимлик қаърига сингийди икки тан, вужуд.
XIII АСР ШОИРИ
Кўз ташлар, қораламалар бошбошдоқ,
Сонетнинг чўнг биринчи намунаси у.
Гуноҳкор тўртлик, учликларга қарар,
Ўз-ўзича қалам ёза олган-ку?
О, нечанчи сайқал бермоқда сатрга,
Осудаланади… Ё салом товушин илғар,
Нотаниш даҳшат аро шоир булбулнинг
Асрлар оша сайрашини тинглар.
Ошно бўлган идрок ила ҳис этар
Аполлон етказган хаёл далдасида
Унга табаррук юзин очгай Архетип:
Қирра-қирра биллур нигоҳини ҳам
Умр бўйи қондириб бўлмайди, ёҳу,
Лабиринтинг, Дедал, ё Сфинксинг, Эдип?
БУЭНОС-АЙРЕС КЎЧАЛАРИ
Буэнос-Айрес кўчалари,
Сиз – юрагим қоқ марказий нуқтаси.
Пиёдалар шошилинч одимларидан азият чеккан
мудроқ хиёбонлар эмас,
ай сиз, чекка ҳудудлар сокин жин кўчалари,
сизга нотаниш дарахтлар пакана пояси,
шаҳар чеккалари,
бунда қоп-қоронғу юпун кулбачалар
елкасидан эзиб босар Абадий макон,
текисликлар ва осмон
олис-олис кенгликларига ғарқ бўлиб кетишдан
тургандек чўчиб.
Тирик инсон қалбин соғинган барчага
Бахт-саодат этарсиз ваъда:
Чорраҳаларингизда тутинади дўст
уйлар зиндонидан озодликка чиққан тақдирлар.
Ҳеч бўлмаса,
Қайроқтош тўшалган кўксингиз узра
адашган умид дадил илдамлаб боргани учун
эгилиб таъзим қиламан сизга.
Эгри-бугри қайрилишларингиз
Осмон турфа шамолларида ҳилпираётган
байроқларнинг ҳаприқишидек.
Майли, менинг шеърларим дастасида
рақсга тушаверсин ўша байроқлар.
1964
1
Гўё сеҳрланган барчаси. Яна бир бора
Бундайин чароғон бўлмас ой шундоғам,
Боғни босган мудроқ. Ой эндиликда
Кўзгу бор-йўғи, ўтмиш кўланкаси қора,
Сўниш ҳовури. Ёнма-ён ёнаётган икки чеккам,
Чалкашиб турган қўлларимдек… –
Алвидо! Барчасига алвидо!
Содиқ қолур хотира, соғинч!
Исталган ҳар қандай кимса (доим этарсан таъкид)
Соҳиби бўлмаган бир лаҳзани йўқотадир, о,
Бироқ унут бўлган аъмолин ўрганиш машқи
Этгай насиб кучи етганларга муқаррар!
Сени ўлдурарлар биргина атиргул ила, ай,
Титраб турган биргина торларда кадар.
2
Барча шодликлар ўтмишда. Нима ҳам дердик,
Замона беҳисоб бойликлар ила тўла.
Денгиздан-да теран ҳар дақиқа, бешак,
Ҳам тушунарсиздир. Кун узун бироқ.
Офтоб ботишидан бўлмайди қочиб!
Қолдиқ эса янада қисқароқ —
Ўшал яширин ҳадя яқинроқ янада.
Денгиз ва камон ўқлари ўзгача.
Қайсики, бир куни бизни даволар
Тундан ва муҳаббатдан, шубҳасиз.
Белгилаб қўйилгай ҳар бир йўқотиш,
Барча нарса бўлган, энди ҳар нарса жумбоқ.
Фақатгина энди қалбингда қайғули қувонч,
Бурчакларга бошловчи яна ўша эшик, боқ.
ИМКОНИЯТДАН ТАШҚАРИДА
Верленнинг ҳеч мен эслолмайдиган сатри бор битта.
Қайдадир, яқин орада
энди мен ўтмайдиган бир кўча ҳам бор.
Ҳатто ўз уйимда мени кўрмайдиган,
катта кўзгу борлиги эҳтимол.
Қай бир эшикни умрбодга ёпдим ортимдан.
Кутубхонам китоблари орасида
ўзгачаси бор битта.
Уни ўқиш насиб этмайди менга ҳеч.
Элликка кираман шу ёзда.
Демак, ажал ҳам айтарли олисда эмас.
Рус тилидан Турсун Али таржимаси