Хорхе Каррера Андраде (Jorge Carrera Andrade) – эквадорлик шоир, адабиётшунос, сиёсат арбоби.
У “Гунг ҳовуз”, “Сукунат маржони”, “Сув ва ердан пайғомлар”, “Қушларнинг таржимаи ҳоли”, “Ёруғ деразалар даври”, “Ҳиндистон солномаси”, “Ҳайдалиш китоби” номли шеърий тўпламлар муаллифи.
Хорхе Каррера Андраде ижодида авангардизмнинг муайян бадиий усуллари бўртиб кўринади. У 1928–1933 йилларда Европага саёҳат қилган, Перу, Франция, Япония, АҚШда консул бўлиб ишлаган. Кейинчалик Венесуэла, Буюк Британия, Никарагуа, Франция, Бельгия, Нидерландия давлатларида элчи, Эквадорнинг ташқи ишлар вазири бўлган.
МЕҲМОН
Ёз ҳукмини ўтказди – ўтдек қизиди ҳар ён,
қувғинди экинзорни ўринг, деб бўлди фармон
ва уйимга даладан меҳмонга келди шамол:
қўлида – пальмадан хат, ранг-рўйи афтодаҳол.
Қаҳва билан ананас дамламаси шу онда
ўқ томирларим бўйлаб чопди огоҳ этмоққа –
даштда оқиб ётганмиш илвираган илонлар,
тўтиқушлар мевадек пишиб қолипти шохда.
Тўзғоқ кокилли тўп-тўп кокос ёнғоғи эса
тебратар экан хушбўй ҳидлар бешигин тинмай
ва осмон сузар эмиш момиқ бутоқлар узра
бамисоли тушлар ва пахта ортилган кема.
МАНГУ ГЎЗАЛ КИТО
Арқонбанд куйчилар – қўнғироқларга,
сабзавот сотувчи ҳиндуларга-да,
тараша ортилган от-уловларга –
малҳамдир тоғлардан эсган шабада.
Юз-кўзда итоат, беғамлик ҳатто;
ҳеч ким ташвиш ичра шошилмас ҳеч вақт,
соқчиликда турар минорлар қатор:
ярми кибр, ярми гўзал салобат.
Бунда офтоб иссиқ нон каби азиз,
зарҳал нурларини аямайди, то
ёмғиргача ёки оқшом тушгунча.
Булутлардан қалпоқ кийган шаҳримиз –
орзулар қўйнида сузади Кито,
гўё кўк наҳрида – олтин сандиқча.
НАЗМ САНЪАТИ
Тушун, ҳар бир нарсанинг, албат
кўз илғамас қаноти бор ё
руҳи мавжуд қув, серкаромат.
Ушлаб кўргин қўлларингда, ел –
учқур, парқу, безиён нарса;
лек дунёга қарама енгил.
Бу фан қандай фан бўлсинки, бас –
безарар деб топса ўлатни,
ахир, ҳаёт – кўрганинг эмас.
Ажиб бир дарс берди-да, ошнам,
бизга парвоз мактабида қуш:
ўзгарар, лек тугамас олам.
Барглар эса – бахт ва кулгилар,
кун завққа бой, ари инидек
соат онларига бол тўла.
Нарсаларни тушунмоқ даркор;
кашф этмоққа севги асрорин
гуллар – жуда эм бўлгич тумор.
ДОИМИЙ ДЎСТЛИК
Деразалар, эшиклар ва чордоқ дарчалари –
тўрт девор орасидан қочиб чиқмоғим учун
ҳар куни қўллайдиган дўсту кўмакчиларим
ёруғлик дунёсидан келган нур элчилари.
Денгиз сафари учун таклифнома – дераза;
дераза – нур дарёси; оқар жойи – осмонлар.
Унинг кўз жимирлатар тезоб мавжлари ичра
ғарқ бўлган қанча-қанча гўзал орзу-армонлар!
Эшик – аскар, мен – зобит: ҳарбийчасига қутлаб
йўл очади, пошнадек қарсиллаб кетар қулфлар.
Ўртада шартлашилган махфий сўз – исмларни
билгайдир фақат саҳар ҳамда тонг насимлари.
Сўнг дарича орқали ёғду арқонин ушлаб
осмоннинг тубигача бемалол мумкин тушмоқ.
Бу қудуққа кўз ташлаб ўтгайдир булут – қушлар,
хонаки кабутарлар айниқса келар кўпроқ.
ОБ-ҲАВО
Қиш. Ҳаводан бериб дараклар
қордек патлар ёғади, чунки
совуқда туллайди малаклар.
Баҳор – ҳофиз. Ҳар ён тантана,
кўклам қушлар бўсасин санар
барглар – ҳисоб варақлари-ла.
Ёзда тегиб шафақ қаноти
даштлар қонга ботса қип-қизил,
бошоқлардан найзалар отиб,
тореродек яйрайди июль.
Октябрь. Экинзор ғариб –
на дон қолган, на-да сомон бор.
Мажнунтолнинг ортидан юриб,
тиланчилик қилади шудгор.
МУҲАББАТИНГ
Сенинг муҳаббатинг – боланинг
юзимдан ҳадик-ла ўпган оними.
Ёки хушбўй пўсти олманинг,
Ҳайитнинг ясоғлиқ дастурхоними.
Ёхуд она жон берар ўша –
уй олдида журъатсиз қадам.
Ё ёбонда кимсасиз гўша.
Йўқ, у мангу бўзлатар бир ғам.
ТОНГГИ ХАБАРЛАР
Ёз ёмғири тинди тонг саҳар,
шолғом баргин тупроққа тўшаб,
ял-ял товланади карамлар
қат-қат либос қизларга ўхшаб.
Деразамни чертди-ю эрта,
қушча хабар берди шу ҳақда.
Доимгидек бу гал ҳам ҳақдир
қўш қанотли чипор газета.
ПИЛЛАПОЯ
Зиналар тарашадек қотиб уйқуни урар,
Пиллапоя сарвқомат суянчиқни туш кўрар.
Тун бўйи тахталарин ғичирлатиб чиқар пол,
китобни эрмак учун варақлашгани мисол.
Келар чақирилмаган икки хуфия меҳмон:
қимор ўйини учун қарта билан устухон.
Ғира-шира ёруғда арвоҳлар кезиб юрар.
Зина тиргакларида азроил пойлаб турар.
Соққа ташланар шу чоқ. Ўйин бошланар, бироқ
ёғ босган кўзлари-ла ўғринча боқар чироқ.
Ногаҳон пиллапоя ғичирлайди фаромуш –
гўёки бемаҳалда тобутдан чиққан товуш.
Зиналар оҳ-воҳ қилар борлиққа қайғу солиб,
тун аталмиш ваҳшийнинг зулми остида қолиб.
ЁЗ ВА САРВИНОЗ
Шиғил мевалари бор шажарми қадду бўйинг.
Шафтоли хуш бўйини таратгайсан тун бўйи.
Худди шаффоф булоқдан тўйиб сув ичган каби,
юрагим ҳузур қилар лабингга тегса лабим.
Шамол эркалашидан маст майсадек далада,
борлиғим яйрагай сен нигоҳ солган паллада.
Сен – мевага лиммо-лим бежирим тилла лаган,
қўлларим етса экан, лабларим тегса экан.
МОМАҚАЛДИРОҚ
Самовий темирчи – нур
тепалик сағрисига
чақиндан тамға босур.
Ундан ҳам баландроқда
сувга тўла идишни
биров думалатмоқда.
Жала ҳам тугаб қолар, –
осмон етти рангдаги
камарин боғлаб олар.
НЬЮ-ЙОРК ТУНИ
Осмонўпар бинолар сафи
Ойга қадар боргайдир чиқиб,
худдики тор зиналар каби.
Ойналарнинг пўлат ромига
инсон умидларин қалар тун
бамисоли гулхан домига.
ОКТЯБРЬ
Октябрь — йилнинг олмаси. Боғлар
улов тобутига жойланган.
Дарахтлар яшнаган энг олтин чоғлар
буғдой бошоғидек бойланган.
Октябрь — мовий самодаги қуш,
четан девор унинг қопқони.
Ўттиз бир кун биз учун емиш
энди шу қуш эт-устухони.
Ҳашам-маишатга нуқта қўйилур,
тенглашур барчанинг ҳуқуқи:
бу чил-чил хазонлар – дарз кетган биллур,
мурдаларнинг хоки – ун юқи.
Мевалар ва барглар гулхани пайҳон,
оёқлар остида ер инграр.
Баъзан тишлар билан баҳс айлашибон
бодомлардан сачрар учқунлар.
Сипо октябрнинг тонги оҳорли,
зулмат ридосида тунлари.
У омборга жойлар йилнинг шарорли,
мезонда тобланган кунларин.
Октябрь ётди роса тўққиз ой
қурсоғида самонинг тутқун, –
бу тушкун дунёга бағишлаб чирой,
ўз бўй-бастин кўз-кўзлаш учун.
ЁЛҒИЗЛИК ВА ЧАЙКА
Уммоннинг оқ дафтари –
чайка, қуш ёки хабар,
силкитар қанотларин
мисли қўш саҳифалар.
Денгиз қушига сингил –
ёлғизлик, сувдек тамкин.
Неларгадир муштоқ дил
қушларга боқар ғамгин.
Қумурсқа ва гиёҳлар
ёриб чиқибди қумни:
ер остидаги оҳлар
дарак бергани шуми.
Бу жойга арзандаман,
яшайман қушлар ичра,
мен ўзимга бандиман,
дўст менга хароб ҳужра.
Кўриб қоламан туйқус,
қулоқ тутаман бирдан,
ёлғизлигим тинимсиз
калтак ейди ёмғирдан.
БЕНУҚСОН ҲАЁТ
Қуёнбой, сергак оғам, файласуфу устозим:
сокинликдан сабоқдир ҳаёт йўлинг ҳар нафас.
Танҳоликда топгайсан олтин конларини жим,
фалакнинг тўфонлари тўпиғингга ҳам чиқмас.
Сен дониш дунёсида изланувчисан мўъжаз,
оз ҳамда соз карамни китоб каби титгайсан
ва қалдирғоч парвозин хотиржам кузатгайсан,
муборак зотлар янглиғ хилват гўшада бир пас.
Худойим марҳаматли, сўра жаннат боғини –
карамга тўла бўлсин биллур бахт идишлари,
сўнг сакраб юз ювишга тилан бол булоғини,
бош устингда чарх урса соз-ку ризвон қушлари.
Табаррук нафаслардан яшайсан баҳра олиб,
авлиё Франциск ҳам белбоғин берган, гўё.
Вафот этсанг, руҳингнинг икки узун қулоғи
кўкдаги болаларга эрмак бўлар безиён.
ШАМОЛНИНГ ЖАБРИ ВА ЖАЗОСИ
Бир марсия ёзмасам бўлмас,
бугун бунинг бор сабабчиси:
ўзим кўрдим, шамол ўлди, бас –
катта йўлнинг бош қароқчиси.
У кирганда ухларди қишлоқ;
пойлаб бориб манзилга етди –
дарахтлардан қучоқ ва қучоқ
япроқларни ўғирлаб кетди.
Аммо уни ҳибс этди чақмоқ,
тушди ёмғир панжарасига.
Озодликка чиқди ел, бироқ
қутурди-ку басма-басига.
Қароқчилик қилди кўчада,
бу ҳақдаги миш-мишлар озми:
шўрлик бир саводсиз бўлса-да,
уйлардан ўмарди қоғозни.
Курсиларни ағдарди пусиб,
Курсидагиларни – кўз қисиб.
Маҳалла-кўй болаларини
алдаб, юлди лолаларини.
Бахайр бўлмади охири,
ўзим кўрдим айни тонготар:
кирлар билан дорга осилиб,
шамол бесас-бенафас ётар.
Рус тилидан Ғулом Мирзо таржимаси