Мирта Агирре (1912-1980)

Мирта Агирре (Mirta Aguirre Carreras) – Куба шоираси, журналист ва сиёсий арбоб.

КЎНГИЛДАГИ ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ШЕЪР

Тушунмайсан, ахир, буни дўстгинам,
Кел, англатай, лекин сўз билан эмас.
Сўзда ифодалаш қийин жуда ҳам,
Фақат тушунишга майл берсанг бас.
Тушунтириб берай билганим қадар
Ҳамда мен тасаввур қилганим қадар.
Ҳис-туйғу жўшганда кўнгил жонсарак,
Эҳтимол гулларга ўхшашдир юрак.
Жануб гўзал жуда, лекин эмас кам,
Чексиз гўзалликка тўла Шимол ҳам.
Ҳар кўрган кимсани айлайди мафтун.
Деразам устига ойни илар тун
Мен бўлсам-чи кўпдан оч қолган ерни,
Тўйдирган бўлардим ҳаётим бериб.
Яшашни ўрганиб, ризқимни териб,
Булут қанотида, еллар отида,
Япроқлар юзидан шудринг шимириб
Завқ олар эдим мен ҳаёт тотидан.
Альдебаран каби ҳамиша буюк —
Бўлиш шарт эмасдир юксак ва суюк.
Ажралган чоғда ҳам бўлиш шарт бирга,
Ўткир шароблардан жирканмоқ нечун,
На ҳожат қадаҳни урмоқлик ерга —
Жиловлашдан ожиз жаҳолат кучин.
Баъзида шаҳар ҳам ўрмон мисоли
Яшнамоғи мумкин яшил тус олиб.
Шундайми, бошқача, бу муҳим эмас.
Ҳеч ким бош қотириб: — Нимага? — демас.
Қуёш нурин эмиб, мириқиб, тўйиб,
Уйдами, тўқайда омадга йўйиб,
Бўламан ҳар жойда, ҳамиша, ҳар зум,
Борлиқ ҳам ўзимман, нажот ҳам ўзим.

БУ ЙЎЛ

Тетапоя юриб мен гўдак мисол,
Ўзни ҳарён уриб, тентираб беҳол.
Майли, етакчисиз, тутмай қўллардан,
Ҳайиқмасдан дадил юрсам йўллардан.
Қоқилсам-чи, ёрдам берманг ишимга,
Халақит қилманглар йиқилишимга.

Қийин бўлса бўлар илк қадамларда,
Менинг учун оғир бўлган дамларда,
Ахир ёрдам қила оларди ким ҳам,
Ўз-ўзимга мадад бера олмасам!

Бу йўлни бир ўзим ўтмоғим даркор,
Майли, ўзим бўлай ўзимга таянч.
Майли, юриб кўрай, йиқилай такрор,
Майлига, аҳволим бўлса ҳам аянч.

Туриб яна юриб кетмоғим тайин,
Ахир ўз қувватим менга мададкор.
Ҳеч ким кўтаролмас мени мендайин
Кичикманми, йўқми, бу йўлда зинҳор.

Менга кузатувчи керакмас асло,
Менга мушакларим, асабларимни
Ҳамда иродамни синамоқ лозим.
Ўзим бўла олиш ё бўлолмаслик
Менга жуда зарур — нияти азим.
Майли, чанг-тупроқда, ҳаттоки лойда,
Ўша мен қоқилиб йиқилган жойда,
Панжаларим изи тушиб қолса ҳам,
Фақат бир нарсани сўрайман сиздан —
Мени қайтармангиз илк босган издан.

Халақит берманглар қоқилишимга,
Уриниб, суриниб йиқилишимга.
Майли, тупроқаро кўрсам ўзимни
Қўйинглар, топайин ўзим ўзимни.

АЧЧИҚ СЕВГИ ҚЎШИҒИ

Мен нечун севаман, билмайман ўзим,
Қачон севиб қолдим — менга қоронғу.
Нетайки муҳаббат кўр қилди кўзим,
Эҳтирос қалбимга солмоқда оғу.
Мен ҳарчанд ўзимни тиймоқ бўламан,
Лек юрак қурғурга ўтмайди сўзим.
Бу дарддан бир куни тайин ўламан —
Мен нечун севаман, билмайман ўзим.

* * *

Эҳтирос-ла қалбга сайқал бераман,
Олмос шаффофлигин олгунга қадар.
Муҳаббат боғидан гуллар тераман,
Бу дард қилса ҳамки мени дарбадар.
Қуршаб олса ҳамки бахтсизлик, кадар,
Севги қувончидан кўкрак кераман.
Олмос шаффофлигин олгунга қадар
Эҳтирос-ла қалбга сайқал бераман.

* * *

Гар атиргул менинг хаста кўксима
Тиконини санчиб олса аёвсиз,
Беҳудага, дейман, кўнглим, ўксима
Уни жон деб қабул қиламан ғовсиз.
Унинг хуш бўйлари қалбда ёқса ҳис,
Умид учқунларин уйғотса — нима
Бўпти тикон санчиб олса аёвсиз
Гар атиргул менинг хаста кўксима?!

* * *

Ҳаёт бўлар эди заҳардан аччиқ,
Бўлмасайди агар сенга қайғу ёт.
Эркалади тақдир, бахт кулди очиқ.
Муҳаббатим бўлди менга мукофот.
Мен даво истамам севгига, ҳайҳот,
Ўлимдан ҳам қўрқиб, юрмайман қочиб.
Бўлмасайди агар сенга қайғу ёт,
Ҳаёт бўлар эди заҳардан аччиқ.

* * *

Оғриқ бас келолмас қалбингга асло,
Оғриғинг қўшиққа айланса агар.
Денгизнинг шўр суви бўлади даво,
Қайғу-ғамдан эса қўшиқ даволар.
Билки юрак сенга ҳаёт бағишлар,
Фақат куйлагани қўйиб бер унга!
Оғриғинг қўшиққа айланса агар,
У бас келолмайди асло қалбингга.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.