Мануэль Гутьеррес Нахера (Manuel Gutiérrez Nájera) – мексикалик шоир, ёзувчи ва журналист. Унинг шеърий асарлари биттагина мўъжаз жилддан иборат. Аммо унинг Мексика шеърияти ривожига таъсири жуда катта бўлган. У ёшлигида эски испан афсоналарини йиғиш билан қизиққан. Нахера Теофил Готье, Верлен ва Бодлер шеърлари билан танишгач, янги шеърий мактабнинг содиқ мухлисига айланди.
ЎЛИК ТЎЛҚИНЛАР
Денгизнинг зулматли муз қаъридан
зимистон ва ўлим салтанатидан,
товушсиз оқимлар билан муттасил
сокин ўрмалайди ўлик сувлар…
Баъзан уларнинг пўлат тили
қоялар зирҳини ялаб-юлқилар.
Ва беқиёс важоҳат билан
жилоланиб сапчир кўк сари;
баъзан худди қора илон каби
ер қаърида буралиб-буралиб
чарчоқ билмай мангу ва бетин
беҳуда талпинар эрк сари…
Тинмай ёпирилар совуқ наҳрлар
кумушдек жилоли баҳрни истаб,
олмос юлдуз ва тонг ёғдулари
сир-ла акс этади сатҳида, ажаб.
Соҳилларин гуллар қоплаган,
гирдобида бўлмиш парилар,
у ерларда мавжлар куйлайди,
далалар ва водийга сиғмай.
Фавворанинг оқ косасида
сув ўйнайди ўз ҳолича,
гўё бунда сарой базмида
маликанинг бехос сочилган
дурларидек бир-бир тўкилар:
гоҳ ўқ-ёйдек учар самога,
гоҳ шариллар елпиғич бўлиб,
баъзан эса олмос чангидек,
мудроқ босиб уйқуга чўмар.
Уммондаги тўлқинлар мағрур
соҳилларга урилар тошиб,
қояларни солар ларзага,
қайнаб-тошиб булутга дўнар.
Сув у ерда – борлиқ маликаси,
зўр ёввойи шиддатли кучдир
осмон ва ер ила баҳслашиб,
ўзи чорлар фалокатларни.
Ер тубида яшовчи бу сувлар
шиддат эгасига илло ўхшамас,
улар жисмсиз дунё қаъридаги
мангу зулматга содиқ!
Қуёшни ҳам кўрмаслар асло,
куйлай олмас, йиғлай олмайди,
қул ва соқов бўлиб туғилган.
Кўрлигича қолгайдир мудом,
уни биров танимас, билмас,
қоронғилик унинг маскани
ботинимиз аро сизаётган
қон томирлар оқими каби.
Ким берган бу инжиқ феълни?
Ким ўлчаган бу қора ўзанни.
Сувингизда яшириниб ётган,
чуқурлар ва гирдоблар кўпми?
Эрк йўлингиз ланг очилса гар,
Сиз юксалиб, дарахтлар каби
офтобларда ярқираб, жўшиб,
оқармисиз кўпириб-тошиб!
Бироқ, эсиз, энди ҳеч қачон
кўролмайсиз кундуз нурини…
Ҳамон бунда адаштирар хўб
Зулматларга саркаш руҳимиз.
Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси