Ҳайдарбек Бобобеков. Зиннат — Қурбонжон додхоҳнинг тахаллуси (1989)

Ўтган аср Фарғона вилоятида кўплаб олимлар, шоиру фозиллар яшагани тарихдан маълум. Номи бизнинг замондошларга маълуму машҳур шоирлардан ташқари Боқихонтўра, Ёрий Ҳўқандай, Зорий, Муҳсиний, Насимий, Нозил, Писандий, Рожий, Садоий, Умидий, Шукурий сингари яна ўнлаб назм соҳиблари бўлганки, улардан қолган бадиий меросни атрофлича ўрганиш лозим. Шахсий кутубхонамда сақланаётган кўҳна қўлёзма баёзда 100 га яқин шоир ижодидан намуналар йиғилган. Ғазаллар, ҳикоялар, латифа ва хотиралар ўзбек ва форс тилида битилган ушбу тўпламда аввали — 1775, охири —1864 йил саналари кўрсатилган. Баёздаги Зиннат тахаллуси билан ёзилган бир ғазал беихтиёр диққатимни тортди. Хўш, Зиннат ким?

В. П. Наливкин ва М. С. Наливкинанинг 1886 йили Қозонда босилган «Фарғона туб жой аҳолиси аёлларининг турмушидан очерклар» китобида шундай сўзлар бор: «Қўқонда бири Зиннат, иккинчиси Маҳзуна тахаллуси билан ижод қиладиган икки шоира бор. Айтишларича, улардан бири хон саройига эркаклар либосида очиқ юз билан кириб келган ва унинг генераллик — додхоҳ унвони бўлган. Ҳар иккала шоиранинг шеърлари Умархон ва унинг сарой шоирлари томонидан тартибга солинган Мажмуаи шуаро шеърлар тўпламига киритилган».

175 йил ҳукм сурган Қўқон хонлигида бирдан-бир аёл — Қурбонжон додхоҳ, яъни генерал унвонига сазовор бўлганидан келиб чиқсак, демак Зиннат тахаллуси ҳам Қурбонжон додхоҳга тааллуқли экани аёнлашади.

Қурбонжон ва у қандай қилиб генераллик унвонига эришгани хусусида икки оғиз.

У 1811 йили Ўш шаҳрига қўшни Мади қишлоғида туғилган. Ўғил туғилишини кутган отаси қизига Қурбонжон деб исм қўяди. Қисматни қарангки, Қурбонжон унча-мунча эркакларга насиб этмаган баҳодирлик фазилатлари билан довруғ таратади. Ёшлигидан моҳир чавандоз бўлади, улоқларда эркаклар билан тенгма-тенг олишади, 18 ёшида турмушга беришганда, эридан кўнгли тўлмай ажрашади. Ажрашиш ҳақида биринчи бўлиб хотин киши оғиз солишининг ўзиёқ ўша давр учун бамисоли бир исён эди.

Қурбонжоннинг гўзаллигидан хабар топган Андижон ҳокими Олимбек совчи қўяди ва 1832 йили унга уйланади. Қурбонжон оилапарвар рафиқа, она бўлибгина қолмай турли уруш-жанжал, юқори доирадаги фитнаю-иғволардан эрининг энг яқин ва уддабурон маслаҳатчисига айланади. Маллахон даврида Олимбек вазирлик мартабасига етишишида Қурбонжоннинг хизматлари ҳам бўлган десак янглишмасмиз.

1861 йили Олимбек фитна қурбони бўлади. Қурбонжон 50 ёшида тул қолади. У Олой халқлари орасида анча обрў қозонгани, истаса қўзғолон кўтариб юборишга қодирлигидан чўчиб унга Олимбек ўз ажали билан ўлди деган хабар етказишади. Қурбонжон тўрт ўғли билан она юртига қайтади. Чамаси эрининг вафот этмагани, балки ҳалок этилганини кейин эшитади. Худоёрхонни қайта тахтга кўтариш ҳаракатларига фаол иштирок этишининг бош сабаби ҳам шунда.

1862 йили Худоёрхонни тахтга кўтариш мақсадида қўшин тортиб келган Бухоро амири Музаффарни Ўшда Қурбонжон қарши олади. Аёл кишининг жасурлигидан, ақл-заковатидан, улус орасида орттирган обрўсидан лол қолган Амир Қурбонжонга додхоҳ унвонини беради ва шу ернинг ўзида расмийлаштиради. Ўша-ўша Қурбонжоннинг нуфузи ортгандан-ортади, у Олой ва Гулчин қирғизларининг расмий вакилига айланади. Унинг ваколатини тасдиқлаш маъносида Худоёрхон ҳам додхоҳ унвонини беради, ёрлиқ тақдим этади. Шундай қилиб, Қурбонжон икки марта генераллик унвонига сазовор бўлган.

Қурбонжон Олой-Ўш ҳокими бўлиб турган бир пайтда Ўш ноиби бўлмиш ўгай ўғли Жорқинбой Черняев отряди томонидан ўлдирилади. Ўш ҳокимлигини додхоҳнинг тўнғичи Абдуллабек ўз қўлига олади.

Қўқон хонлиги барҳам топиш арафасидаги таҳликали кунларни бошдан кечираётган эди. 1873—1876 йиллар мобайнида давом этган Пўлатхон қўзғолонида Қурбонжон додхоҳ ўзининг ўғлонлари — Абдуллабек, Маҳмудбек, Ҳасанбек ва Ботирбек билан бирга иштирок этди. Қўқон хонлиги йўқотилгач ҳам Қурбонжон таслим бўлишни хаёлига келтирмади, унинг кўрсатмаси билан тўрт ўғли асосий тоғ йўлларини эгаллаб олиб капитан Куропаткин солдатларига қаршилик кўрсатди. Туркистон генерал-губернатори шахсан генерал М. Скоболевни Олойга — Қурбонжон ҳузурига жўнатди.

Қаттиқ ва тенгсиз тўқнашувлар додхоҳ ўғилларининг мағлубияти билан тугади. Қурбонжон дастлаб Қошғарга, сўнг Афғонистонга ўтиб кетди. Скоболев шунда ҳам хотиржам бўлолмади, у майор Ионовни сулҳ учун додхоҳ ҳузурига йўллади.

Қурбонжон Ионовни ҳурматини жойига қўйиб қарши олди, унинг мақсадини тинглайди ва ундан ҳарбий унвонини сўрайди.

— Мен — майорман, — дейди Ионов.

— Мен эса генералман, — дейди босиқлик билан Қурбонжон.

Бу, тенг-тенги билан суҳбатлашиш керак, деган маънони англатар эди.

М. Скоболев додхоҳ билан бевосита ўзи музокара олиб боришга мажбур бўлади. Суҳбат асносида Қурбонжон бундан кейин қон тўкишдан наф йўқлигини тушуниб етади. У халқни, шунингдек уч ўғлини қўзғолондан қайтаради. (Тўнғичи Абдуллабек кураш йўлини танлайди.) Рус вақтли матбуоти додхоҳни Олой маликаси деб улуғлайди.

Қурбонжон генерал-губернатор Духовский билан учрашиш учун Ўшга от миниб келганида 87 ёшда эди!.. Суҳбат тугагач, Духовскийнинг адъютанти — унинг имоси билан — отга минаётган додхоҳ ёнига югуриб бориб кампирни отга миндириш учун ёрдамлашмоқчи бўлади. Қурбонжон бош чайқаб кўмакнинг зарурати йўқлигини билдиради ва «ҳали кучдан қолганим йўқ» деб отга минади ва уни елдириб кетади.

Қурбонжон 1907 йили 1 февралда 96 ёшида Мади қишлоғида вафот этди. У Ўшда дафн этилган…

Баёзнинг ушбу саҳифаси ҳошиясидаги шеър Қурбонжон додхоҳ — Зиннат қаламига мансуб.

Додхоҳнинг адабий фаолиятига келсак, у олий мартабадаги шахслар даврасида бўлиб, айтиш мумкинки, Нодира билан, шунингдек Увайсий, Анбар Отин, Дилшод, Моҳзода Бегим, Муштарий, Зебунисо, қолаверса Махмур, Муқимий, Фурқат билан мулоқотда бўлгани табиий эди. Унинг мавқеи, фаолияти, мақсад-маслакларидан келиб чиқсак бадиий ижодида озодлик, эрк, мардлик туйғулари куйлангани эҳтимолга яқин. Дарвоқе, юқорида тилга олинган Зиннатнинг форсийда ёзган шеъри Турган-битгани малоҳатдан иборат бўлган адаб уммони Гар соя солса (ўша жой) чаман (настарин) бўлгай мазмунидаги мисрадан бошланади. Иккинчи мисрада шоира Ғоят хушбўй қора зулфингни магар зоҳид кўрса жуҳуд бўлади, муғ (ҳинду) бўлади, тарсо бўлади, насорий бўлади, ҳатто брахман бўлади деб адаб уммонининг зулфи таърифида фавқулодда муболағалар топади, учинчи — Мен шундай бахти қароманки, бирор кишига ҳумо бўлиб соя солсам ҳаво (бўрон) бўлади, шамол бўлади, гирдоб бўлади, охир палахмонга айланади деб олдинги мисрадаги муболағани энди табиий кучлар мисолида яна кучайтиради. Навбатдаги мисрада эса шоир бамисоли қилқаламда зариф бир манзара чизади: Отнинг, қўлнинг ва ёй (камалак)нинг суврати солинган водийда чаман бор, лола бор, гулсайри бор, райҳон ва сафсарлар жилваси бор…

Тўғри, бир шеър таҳлили билан Қурбонжон додхоҳни шеърият осмонига кўтариш ниятимиз йўқ, балки у Зиннат тахаллусида назмий сатрлар битгани ҳақида ахборот бериш, холос. Агар нодир қўлёзмалар, баёзлар орасида Зиннатнинг бошқа шеърлари учраса, уларни тўплаб адабиётшуносларимиз тадқиқ этишса, сўнг кенг китобхонларимизга маълум қилишса нур устига нур бўлур эди. Муддаоимиз ҳам шу.

Ҳайдарбек Бобобеков, тарих фанлари кандидати.

“Ёш куч” журнали, 1989 йил, 3-сон