Алфонсо Рейес (1889-1959)

Алфонсо Рейес (Alfonso Reyes Ochoa) – мексикалик ҳарбий ва сиёсий арбоб, 1913 йилда мамлакат президентига қарши қўзғолонларда ҳалок бўлган Бернард Рейес оиласида туғилган. Ҳуқуқшунослик соҳасида ўқиган. Миллий университетда дарс берган. Кейинчалик Куба ва Испанияда яшаган ва турли матбуот нашрларида ишлаган. 1939 йилда Мексикага қайтиб, Миллий коллежга раҳбарлик қилган. Шоир Мексика Тил академияси, Испания Қироллик академиясининг аъзоси бўлган. Унинг Мексикада 26 жилдли асарлар тўплами чоп этилган.

ҚЎРҚУВ

Алвон ёнган лолажон, лола,
нозу ишванг бунча аламли.
Ол яноғинг оловдай ёнар,
кўзларингга сурдинг қаламни.
ёқимлидир ўткир исларинг,
тиллашасан оф(и)тоб билан.

Лолажон, ҳой, табиат қизи,
Бир малакни ҳамон қўмсайман:
ўзингга нақадар ўхшаш,
киприклари тимқора, узун,
гуллардан ҳам нозик гулбадан..
Алвон ёнган лола, лолажон,

бир малакни эслайман ҳамон,
(мен қўрқаман тегишга сенга,
ва ботаман сўнгсиз хаёлга.
Ғунчаларинг аччиғи чиқса,
айланар деб ўшал аёлга).

НОХУШ БЕЛГИ

I

Кексайганим эшитсанг қачон,
толиқсам гар китоб ва шеърдан
доно сўзлар бўйсунмай тилга
ҳеч кераксиз туюлса бирдан;
таъна гаплар сўйлаб орқамдан
мени асло қилмагин эрмак.

Ризқим олиб ўз томорқамдан
шукур қилиб яшагум, бешак.
Биласанки, баҳор ташрифи
боғ-роғларни гулга чулғар бот.
Ўтган йилги данакни кўмиб
ундан қайта ундирар ҳаёт…

II

Боғбон каби мўмин,тоқатли
ҳар кун ҳосилин кутарман.
Вақтимни тақсимлаб меҳнатга
Ҳар лаҳза заҳматла ўтарман.
Зарардан қўрқмайман,
бойлик кутмайман,
ишим йўқдир уларда асло.

Тўхтамасдан ва шошилмасдан,
шудгоримга уруғ сепаман.
Ер билан ҳамиша банддирман.
Кўтариш-чун кузакда хирмон,
Ерни суғораман, ўтоқ қиламан,
қачон қўлдан тушганда сўқа,
бу оламдан кетган бўламан.

Рус тилидан Абдумажид Азим таржимаси