Юлюс Янонис (1896-1917)

Литва адабиёти тарихида ўзига хос из қолдирган шоирлардан Юлюс Янонис (Julius Janonis) жуда қисқа – 1896 йилдан 1917 йилгача, – атиги йигирма бир йил умр кўрган эди. Машаккатли, юпун, нотинч кечган шу умрининг етти йилини у шеър ёзишга бағишлади. Шоирнинг шеърлари халқоналиги, жўшқин оҳангдорлиги билан ажралиб туради.

ЮЛДУЗ

Кечалар олтиндек сочилган, юлдуз,
Бунчалар ёрқинсан ва бунча йироқ!
Сенинг Ерга тушмас нуринг ярқироқ!
Кечалар олтиндек сочилган, юлдуз,
Қўлга қўнсанг эди! Гўё шамчироқ.

Шусиз ҳам нурга бой чексиз бу фалак,
Сенинг ёғдуларинг не керак унга?
Мен доим яшадим зулматда ҳалак.
Шусиз ҳам нурга бой чексиз бу фалак.
Биргина юлдуз ҳам тегмаган менга.

Қанча ўтинмайин, ёришмас тонгим,
Тақдир бошдан буни кўрмаган раво.
Мана, мендан кетди юлдузим ҳатто,
Қанча ўтинмайин, янграган бонгим –
Бориб етмагандек осмонга асло.

КЎНГИЛГА

Марҳаматга зор кўнгил,
Ғуссадан абгор кўнгил,
Биров қарамас сенга.
Қўй, ҳар кимга берма тил –
Парвоси йўқ, бекўнгил
Тушунмайди дардингга.

Капалакдек ҳавойи,
Учиб юрма савдойи –
Ер қолиб, коинотда.
Қулайсан, инон. Зинҳор –
Хаёлмас, шиддат даркор
Зил бу маҳзун ҳаётда.

Кўнгил, сен ҳам бир шоир,
Билмайсан, менга оғир,
Бирга чексанг-да қайғу.
Кел, ўрнингдан қўзғал, шош,
Идрок сенга бўлсин бош –
Етакласин йўлга у.

КИМ ДУНЁДА МЕНГА МЕҲРИБОН?

Ким дунёда мен учун онамдан-да меҳрибон,
Менга энг яқин киши, куюнчак ва қадрдон?
Ундай йўқдир! Аввалдан эркалаб-ардоқлаган,
Бешигингни тебратиб, ғурбатдан йироқлаган.
Болам одам бўлсин, деб қимирлаган уззу-кун,
Ўзи очми ёки тўқ, онам бечора, юпун.
Қандай бўлмасин, мени қушдек асраган, боққан,
Пана-панада гоҳо кўздан ёшлари оққан.
Шундай ҳолатда юриб, билмаганман мен содда,
Шунча оғир бу ҳаёт, шунча ғам бор дунёда!
Юртдан кетгандан кейин, билдим мен буни илк бор, –
Шафқатсиз кимсаларга бўлганимда хизматкор.
Улар мени хўрлашди. Зулм бир дам тинмади.
Оддий қуёш нуридек, ҳеч шафқат кўринмади.
Бир оғиз ширин сўзни эшитмадим ғурбатда,
Энди онам йўқ эди! Отам ҳам йўқ, албатта.
Бошингни силаш қайда, қийнашни қўйишмади,
Бу ҳам одам, деб мени бирон пайт суйишмади!

ЮМУШСИЗ

Корхона девори яхлаб-оқарган.
Биров остонада кутар саҳардан.
Унинг усти хароб. У яланг оёқ.

Кимдир эшик очиб, имлашини у
Кутар. Унинг бу кун бор умиди шу.
Уни лекин йўқламас ҳеч зоғ.

Уйга жўнар. Уймас, бир харобада
Болалари термулишар: “Бўлдими, дада”?
Барчанинг хонада чўккан нафаси.

Дағал қўллари-ла ота силар бош,
Эй худо! Гап, ахир, бўлолмас нон-ош,
Уларнинг йўқ сариқ чақаси.

ТУТҚУНЛИКДА

Кунми ё тун? Кунми ё тун? –
Тор хона. Маҳкумликда
Гоҳо қисқа, гоҳо узун
Шеър ёзаман. Жимликда.

Бир ён эшик. Бир ён токча.
Бир ён соқчи – сергак жон.
Хиёбону талай боғча
Бир ён – девордан у ён.

Кўплар кўча айланадир,
Кечиб лой-кўприк бу кун.
Бахт изларми? Ажраладир
Ёки боридан, бутун.

Мен туйнукдан юлдуз томон
Кўз тикаман, Гўё ўқ.
Чап келаман. Ёмон. Ёмон! –
Бирон нигоҳ теккан йўқ.

Мен истайман, қушдек баланд
Тиниқ кўкка учмоқни.
Бериб бирон юлдузга панд,
Юлдуз бўлиб ўчмоқни.

Юлдуз қайда? Тентаклик бу –
Орзу жойими бу ер?
Тутқун ҳоли – бандилик-ку,
Қаранг, учмоқ керак, дер.

ЎКСИНМА, ҚИЗ

Сен нега қолдинг ўксиб,
Гулдек сўлдинг бу чоқда? –
Кўркам гумчамбар ясаб,
Йўқотдингми ўтлоқда?

Сени эрка-шўх йигит
Унутиб кетдими ё?
Келмади ҳар кунгидек,
Йўлни йўқотдими ё?

Инжима ундан. Йигит
Учрашмоққа интизор –
Ўйнаб йиқитма-йиқит,
Оти бўлди ярадор.

Шошган билан, илож йўқ,
Отни у “даволайди”.
Сўнг, юрак тўла қўшиқ,
Осмонга ҳаволайди.

ДУБИСА

Чайқалади қайиқча,
Дубиса тошган сайин.
Шодумон бир қўшиқни –
Етимча куйлар майин.

Шодумон бу қўшиқдан –
Гул унутар уйқуни!
Севар у Йонулисни,
Йонулис севар уни.

Чайқалади қайиқча,
Дубиса оққан сайин.
Қўшиқ тинди. Етимча
Ғамда қолгани тайин.

Ғамда қолди етимча,
Сокин у. Дарди тугун –
Йонулис севмас уни,
Севар ўзгани бу кун.

Чайқалади қайиқча,
Дубиса тошган сайин.
Нега куйчи-етимча
Қолди бу, кўринмайин?

Ҳой, сен, куйчи-етимча,
Кетиб қолдингми? Қаён?
…Гирдоб ясаб, айланиб –
Дубиса солар сурон.

ЭСДАЛИК

Майли, кўк юзин тутса,
Оғир булут – карвонлар.
Гулдирак гулдираса,
Бўраласа бўронлар –

Тақдир қилса ҳам йироқ
Ёронлардан беомон –
Биз учун йўқдир фироқ,
Ўлим ҳам йўқ бу замон…

Русчадан Омон Мухтор таржималари