Эдуардас Межелайтис (1919-1997)

Межелайтис Эдуардас Беньяминович (Eduardas Mieželaitis; 1919.3.20, Литва Республикаси — 1997, Вильнюс) — Литва халқ шоири (1974). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1943).
Ижоди 1935 йилдан бошланган. Дастлабки шеьрий тўпламлари («Лирика», 1943; «Ватан шамоли», 1946) Литва халқ қўшиқлари, эртак ва афсоналари руҳи билан суғорилган бўлиб, уларда айни пайтда Саломея Нерис лирикасига хос хусусиятлар сезилиб туради.
«Қардошлик достони» (1954) «Бегона тошлар» (1957), «Юлдузлар этагида» (1959), «Кахрабодаги қуёш» (1961), «Автосурат. Авиалавҳалар» (1962), «Жанубий манзара» (1963), «Кардиограмма» (1964), «Созим» (1974) каби шеърий тўпламлар муаллифи.
Межелайтис бу асарларида шаклий изланишларга алоҳида эътибор берган ҳолда воқеликни чуқур фалсафий идрок этиш, лирик қаҳрамоннинг руҳий олами ва моҳиятини мураккаб образлар силсиласида очишни ўзининг асосий ижодий тамойилига айлантириб борди. Межелайтис «Инсон» (1961) шеърлар китобида ўзига замондош инсон образини космик кенгликларни ўзлаштира бошлаган халқнинг тимсоли, ўзгариб бораётган жамиятнинг тўла қонли эгаси сифатидаги образини яратди. Ушбу асар шу даврда ўзбек шеъриятида инсон образига эътиборнинг кучайиши, инсон ва эзгулик мавзуининг катта мавқе касб этишига туртки берди.
Межелайтис лирик шеърият билан бирга эссе жанрида ҳам самарали ижод қилган. Унинг «Лирик этюдлар» (1964), «Нон ва сўз» (1965), «Тунги капалаклар» (1966), «Бу ер — Литва» (1968), «Антакольнис бараккоси» (1971), «Монологлар» (1981), «Соз ва мойбалиқ» (1984) каби китобларидан ёшлик хотиралари, Литва шоирларининг ва ўзининг ижодий тажрибалари ҳақидаги, Литва маданияти ва шеърият ҳақидаги ўй-мулоҳазалари ўрин олган. «Инсон» шеърий тўплами ўзбек тилига таржима қилинган (1963).

ИНСОН

Ер шарига оёғимни маҳкам тираб,
Қуёш шарин ушлаганман қўлларимда.
Мен турибман икки шарнинг орасида —
Мен ҳам қуёш ҳамда ернинг инсониман.
Миям бағри ва миямнинг қатламлари
Гўё маъдан конларидек жуда чуқур.
Мен қазийман уни кўмир қазигандек,
Эритаман уни темир эритгандек,
Денгизларда кезаётган кемалар ҳам, —
Қуруқликни ўраб олган поездлар ҳам,
Паррандалар давомати — самолётлар,
Ҳамда яшин тараққийси — ракеталар.
Мен буларнинг барчасини ер шаридай
Юм-юмалоқ ўз бошимдан қазиб олдим.
Узида нур, бахту иқбол таратувчи,
Уз бағридан инсонларга макон берган,
Ер юзида бор нарсани жонлантирган
Шу юмалоқ қуёш шари — менинг бошим.
Мен бўлмасам ер нимадир? Жонсиздир у,
У ялпайган, ажин босган бир шар холос.
Поёни йўқ бўшлиқларда адашаркан,
Аксин кўриб ойда гўё кўзгусимон
Билди ўзин ўлик, хунук эканлигин.
Аламидан яратгандир мени шу ер,
Хафақонлик минутида этди тақдим
Ер, қуёшга жуда-жуда ўхшаб кетган
Шу юмалоқ шардай бошни менга шу ер.
Ҳамда менинг шу кичкина бошим шари
Жуда улкан ер шаридан бўлди афзал.
Ер бўйсунди мен — инсонга, бўйин эгди,
Мен ҳам унга бағишладим кўрку ҳусн.
Ҳа, ер мени яратди-ю, сўнгра ўзим
Ерни яна қайта бошдан этдим бунёд —
Янги, яхши, серлатофат ер бўлдики,
Олдин шундай бўлмаганди у ҳеч қачон
Ер шарига оёғимни маҳкам тираб,
Қуёш шарин ушлаганман қўлларимда.
Ер ва қуёш орасида кўприкман,
Мен орқали
қуёш чиқар ер юзига.
Ер қуёшга кўтарилди мен орқали,
Олачипор каруселни кўргандирсиз,
Улар шундай айланурлар атрофимда.
Дунёда бор кашфиётлар ва асарлар,
Ҳайкаллар ҳам менинг қўлим ижодидир:
Айланурлар атрофимда шаҳарлар ҳам,
Кошоналар ва асфальтли майдонлар ҳам,
Қатновчилар гавжум бўлган кўприклар ҳам,
Самолётлар, лайнерлар ҳам — атрофимда,
Ракеталар айланурлар атрофимда.
Шундай турдим:
жуда гўзал, оқил, қатъий
Мускулларим бўртиб турар, елкадорман.
Ердан ўсиб қуёшгачэ етар бўйим,
Ердан қуёш табассумин
ташлаган — мен.

ЮРАК

Юрак нима?
Қаттиқ тошми?
Нима экан?
Пўсти қизил бир олмага ўхшарми у?
Қобирғалар орқасида уриб турган,
Ер шарига ўхшагувчи
бир шарми у?
Ҳар ҳолда ҳам у ҳаётий фазилатни —
Бор хислатни ўз-ўзида этибди жам.
Шуяинг учун мен билмайман фароғатни,
Шунинг учун бош қўшаман ҳар ишга ҳам.
Тонг чоғида Каптарлар-ла уйғонаман,
Ер устида бахт қўшиғи юрар учиб.
Шунда нурлар қўнғироқни тебратаркан,
Юрагим ҳам офтобдан кетди чўчиб.
Иккиси ҳам тонг чоғида беқарордир,
Сиғдиролмас кўкракларга ўз бахтларин.
Қўнғироққа ўз хонаси гўё тордир.
Толпинади юрагим ҳам эрклик сари.
Тивглайсизми уришини?
Тезроқ, тезроқ!—
Май бўрони қўнғироқни тебратади.
Бахтдан қалбим ёрилишга етди шу чоқ;
Қўнғироқ хам гўё шу дам дарз кетади.
Ўз сийнамда шодланмоқда у қўнғироқ;
Мен куйлайман, олқишлайман — ўзим шодман.
Илиққина шаббодамас эсган бироқ,
Қутурмоқда қор бўрони, ёвуз бўрон.
Асримизга ёғар бомба, ракеталар,
Асримизга осойишлик бермас улар.
Шоир қалби чўчиб кетган дақиқалар,—
Инсонларнинг қонли қалби
тез-тез урар.
Қаердаки қай инсонга отсалар ўқ,
Шу он менинг юрагимдан
жой олар ўқ.
Унда шунча ўқ кўпдирки,
айтиш осон,
Қалбим ерга энгашибди аллақачон.
Қаердаки интервентлар зўрлик билан
Узгаларнинг ерларига
қўйса қадам,
Оғриқлардан зўр портлағич тўлдирилган
Минани у — юрагимни
босар шу дам.
Жаҳон бўйлаб оқар гирён дарёлари,
Юрагимга
қуйилади
унинг бари.
Юрагимга гуноҳсизлар
қони тўлар.
Ҳалок бўлган қурбонларнинг
қони булар.
Шунча оққан
инсон қони,
унинг бари
Томиримдан оқиб тушар
сийнам сари.
Кўз ёшига,
қўрғошинга,
қонга тўлган
Ер юзида бор азобни айлаган жам,
Тинчлик билмас шу беқарор шоир қалби.
Балки пишиб етилажак чинакам ҳам
Қип-қизариб турган ўша олма каби,
Майли, шохлар новдаларни синдирса ҳам
Тушсин улкан ва жонажон ерга бардам.
Сийнамдаги
қафасидан
бўлсин озод.
Қабул этгум ҳар ўлимни хурраму шод.
Ва келгуси бахт куйлари бўлмай адо,
Бериб турсин истиқболдан акс садо.


КЎЗЛАР

Икки кўз
Боқар эди оламга юлдузларсимон.
Баъзи кунлар — ярадор қушлардай улар.
Титрайди сўнаётиб, бир рамағда жон,
У кўз қорачиғига дардин яширар…
Икки кўз —
Очлик азобларидан нон деб қақшарди,
Кандай бежоланар, жавдирар, афсус!
Икки қизил байроққа худди ўхшарди
Уша икки кўз.
Ғанимлар
Пойлаб, писиб, ғазабга тўлиб,
Кўзларга ўлим хавфин солсалар агар,
Икки кўз —
Гўёки икки ўқ бўлиб,
Ёв қалбига муқаррар бориб қадалар…
Икки кўз —
Икки ариқ далага оқади шу тоб,
Энди унда на қон бор ва на бор алоб,
Бари чўкмиш тагига. Шу иккала кўз
Қалин бароқ қошлар остида кулиб,
Оқа бошлайди хушрўй ариқча бўлиб…
Булут босгудай бўлса—ўшанда, афсус, —
Хираланиб, қайғуга чўмар
икки кўз.
Булут ёмғир ёғдириб кетади ўтиб,
Кўзлар
яна қуёшдан порлар ярқ этиб…
Кўзлар —
гоҳо ғамгиндир,
гоҳ — қувноқ улар,
Ўзгаларни ҳам мафтун этмоқчи бўлар…
Кўзлар истайдики, ёрқин ва кўркам
Йўлида ғов бўлмасин ҳаргиз, ҳеч қачон
Ҳеч қандай ёвуз ният.
Аввалгидан ҳам
Бўлсин яна ҳам қувноқ,
яна нурафшон,
Инсон, осмон, қишлоқлар тинч олсин нафас,
Ва лекин сувнинг мавжи абадий эмас,.
Аллақандай номаълум бирон соатда
Оқишин тўхтатади бирдан албатта —
Икки кўз,
икки чашма,
менинг кўзларим.

ФИКРЛАР

Фикрларим
қуш сингари юксакка учди,
Парвозлари тезлашади яна кунма-кун,
Юлдузлардан ўтиб кетди, фазони қучди.
Ернинг тортиш қудратин ҳам енголди буту»,
Зулмат даври келишини бизлар рад этдикг
Унда ҳалок бўлур эди шеъриятимиз!
Кремль юлдузлари билан яна бойитдик
Ҳам ҳусндор эта олдик
самовотни биз.
Ёруғ юлдузларимизга ташлайман назар,
Узимиз-ку учиролган уларни бардам,
Ағдарилиб тушмас ерга ҳеч қачон улар,
Яна равшан чарақлайди кўкда дам-бадам.
Вақт ҳаргиз кета олмас
фикримдан ўзиб,
Келмагандир бу дунёга шундай чавандоз!
Минг йилларнинг этагида мана мен ўзим,
Ҳа, мен ўзим тик турибман ғолиб, сарафроз!’
Менинг фикрим
Тоғлардан ҳам ўтолди омон,
Кенгликларда, эркинликда
Қурди ошиён.
Юлдузларнинг орасида — юксак осмонда
Фикрларим уя қурди мангуга энди.
Ғамга ботар, маъюсланар баъзан ошёнда
Соғингандан қанотлари зирқирар эди.
Узоқ ерда бир-бирига ҳамма қариндош,
Жуда азиз, қимматлидир кеча ўтган кун!
Фикрларим тушадилар оҳиста, ювош
Пайкалларда трактор-ла юрмоқлик учун.
Мана завод қўрасидан учиб ўтиб жим,
Ҳар бир уйнинг тепасида бир зум кўринар,
Ва ниҳоят, фикрларим, менинг севганим,
Кўп дилрабо бир аёлнинг қўлига қўнар.
Қалин ўтлар орасида борурлар чўкиб,
Тумшуқларин ариқларда ювиб олурлар,
Ва қип-қизил меваларни бирма-бир чўқиб,
Меваларни йиғиштириб шеърга солурлар.
Кечалари новдаларда оладилар дам,
Тонг отганда учмоқ учун юлдузлар томон,
Она юртда туш кўрурлар жуда ҳам кўркам,
Фикр — қушлар дам олурлар бехавф, бегумон…
Тонгда яна бошланажак
узоқ саёҳат!
Йироқларда қўшилишиб кетади бирдан,
Юлдузларнинг жозибаси — мислсиз қудрат
Кўп қадимий ернинг тортиш қудрати билан.

ОЛМА

Юлдузлар самоси остидадирман, тунги осмон устимда.
Юлдузлар олмаси жимирлашади тилласимон устимда.
Чарақлашар улар ҳамон устимда!
Олма дарахтига — шу коинотга ҳайрат-ла боқдим сўзсиз,
Нимага ўхшаркин планетамиз, шу ажойиб еримиз?
Қандай тусда кўринади еримиз?
Кўрсамки каттакон ер куррасини бир оз тасаввур қилиб,
Гўё ўз устимда юмалоқ олма тургандайдир осилиб,
Тургандайдир шохларида осилиб.
Олманинг қуёшга боққан томони кўпдан қип-қизил эди.
Бошқа томони ҳам аста-секин қизара бошлар энди.
Бу ёни ҳам қизара бошлар энди.
Олманинг этини тажрибали қурт зўр бериб кемирмоқда,
Емоқчи бўлди-ю мағзин ҳам, бироқ—олма турибди шохда.
Йўқ, тушмайди, тура беради шохда…
Боғбони оқилдир ва миришкордир. Олманинг у ёғи ҳам
Етилиб пишади, пушти ранг кириб, қизариб бўлар кўркам.
У бутунлай қизил бўлади, кўркам.
Юлдузлар самоси остидадирман, тунги осмон устимда,
Юлдузлар олмаси етилмоқдадир тилласимон устимда.
Сезсамки:
олмалар қизармоқдадир
энди ҳар он устимда.

Т. Фаттоҳ таржималари

ҚЎНҒИРОҚ

Қарағайлар арфа торидай гўё,
Улар узра улкан бир қўнғироқдай,
Баҳорий осмон ҳам бермоқда садо.
Денгиз узра митти кемалар.
Тинмай –
Бир чағалай сувга тўш урар чаққон.
Ортидан тўлқинлар қувлашар, кулар,
Қуёш шуъласидан борлиқ нурафшон…
Олам марказида – туташган қўллар.
Кўз олдимда қаср.
Хаёлий,
йироқ,
Ўйларим учади
самони тилиб.
Юрак талпинади негадир чанқоқ,
Қушлар парвозига
интилиб…
О, тасаввур!
Сенда кенглик ва парвоз,
Айни туш…
Балиқлар сузар бемалол.
Олтинранг қирғоқлар…
Қаҳрабо денгиз…
Тўрлар қисмат каби
сирли ва чигал…
Мовийранг баҳорий осмонда бу дам
Шафақ ёқаётир қип-қизил гулхан.
Жаранглайди само
бир қўнғироқдай:
Меҳнат билан,
меҳнат билан,
меҳнат билан!
Оламга жар солар қўнғироқ шоша,
Жарангида бордир ажиб бир ҳикмат:
Бу “улкан қўшиқ”да
“одамлар нота”,
Улар бирлашади
меҳнат-ла фақат!
Замин узра садо берар қўнғироқ,
Наводан тинглаймиз садосини биз.
Уйғотар у ижод, ишга эҳтиёж
Қўшиққа айланар
бор вужудимиз.

Рус тилидан Носир Муҳаммад таржимаси

ИНСОН

Ер шарига оёғимни тираб мағрур,
Ушлаганман қўлларимда қуёш шарин.
Юксалганмен икки шарнинг ўртасида —
Ер ва қуёш меникидир.

Миям бағри, миямнинг қатламлари
Тубсиз, маъдан конларидай.
Мен улардан қазиб олгум кўмир каби,
Мен уларни тоблагайман темир каби,
Денгизларда эгат очган кемаларни,
Поездларни — ер белига камар бўлган,
Самолётлар — учқур қушлар зурриётин,
Ракеталар — чақмоқларнинг йўлдошларин.
Ҳа, мен улар ҳаммасини қилдим бунёд,
Ер шарига ғоят ўхшаш шу бошимда.

Менинг бошим қуёшга ҳам жуда монанд,
Бу оламга бахт улашгай — нур таратгай,
Замин узра неки мавжуд — бағишлар руҳ,
Ер юзига одамларни жойлаган у.

Ер нимадир мен бўлмасам! Жонсиз тана,
Ясси ялпоқ, ўйдим-чуқур оддий бир шар…
Асли мен ер аламидан яралганман.
Бу ер ўша-ўша ғамнок дамларида
Куёш ва ер шарларидек қуйиб қўйган
Шардек бошни ҳадя этди мана менга.
Менинг ўша шар сингари кичик бошим
Бу каттакон ер шаридан бўлди устун.

Буйсунди ер менга, мен ҳам
Кўрку чирой бахш этдим унга.
Жоним бунёд қилган бу ерни,
Мен ҳам қилдим қайтадан бунёд.
Тоза бўй уфурган, суюмли — бундай
Бўлмаганди замин ҳеч қачон!

Оёғимни ер шарига тираб мағрур,
Кўтарганман қўлларимда қуёш шарин.
Кўприкдирман қуёш ва ер орасида.
Мен орқали қуёш чиқар замин узра,
Замин эса кўтарилар қуёш сари
Айланади атрофимда шаҳарлару
Улкан-улкан иншоотлар,
Асфальтли, кенг майдонлар,
Машина ва одамларга
Тўлиб оққан кўприклар.
Сайёралар, кемалар — айланади…

Мен турибман:
Оқил, қатъий,
Алпқомат,
Юксалганман ердан қуёшга қадар,
Ерга қуёш табассумин
Сочадирман мўл.
Мағриб, машриқ,
Шимол, жануб — баҳраманд бирдек.
Мен турибман:
Мен — Инсонман!

Азим Суюн таржимаси