Ли Сонъсон (1941)

Шоир Ли Сонъсон 1970 йилдан шеърлари билан танила бошлаган. Шундан сўнг шеърхонлар ва адабиётшунослар томонидан унинг ижоди юқори баҳоланиб, бир неча китоблари чоп қилинган. “Корё” университетини тугатган. Унинг шеъриятида табиатни тахайюл кўзгусида куйлаш, лиризм устувор.

ЮЛДУЗЛАРГА ТИКИЛИБ

Узоқ тикиламан юлдузларга,
Нега улар бундай нур сочар?

Мен узоқ термиламан кўкка,
Нега кўк бунчалар мусаффо?

Юлдузлар, мен не қилай?
Ер узра
боқай нимага?

Кўча кўз ўнгимда юзади,
Ағанаб тушди тор кўчада маст.

Қарайман сизнинг кўзёш каби мусаффо юзингизга,
Юракдан ғуборларни ювгучи. Эҳ, қандай йўқсулман!
Менда йўқ ҳатто сиздаги соф беғуборлик.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси

ЮЛДУЗЛАРГА БОҚИБ ЁЗИЛГАН САТРЛАР

Юлдузларга термулдим узоқ…
Нечун улар ойдин, ярқироқ?

Самоларга боқаман – дил чок –
Осмон бунча тоза, само – пок?

Юлдузлар, мен сиздан сўрайман –
Қайси юзим билан Ерга қарайман?

Халқ – қашшоқ, шоҳ – золим, қасдма-қасд,
ғамдан ичиб ётар ариқда бир маст.

Юлдузлар, боқаман – юрагим тошдай –
сизнинг нурингиз соф, худди кўз ёшдай.

Дилимни ювади нурингиз оппоқ.
Мен дили ювилган фақирман, қашшоқ!

Қанийди сиз каби нур сочсам эди,
Бир инсон топсаму, дил очсам эди…

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси