Ойшан Тоғли (1962)

Ойшан Тоғли (Ayşen Dağlı) 1962 йили Кипрда туғилган. Кипр юқори технологиялар институтининг архитектура факультетини тамомлаган. “Тупроқ ва мен” (1993), “Сеҳрли замбуруғлар ва нур” (1994), “Витамин эҳтиёжи ва севги” (1995), “Мантиқнинг гуллари ва чумолилари” (1996) каби китоблари чоп этилган.

КЕМА ДАФТАРИМ ЙЎҚ

Ботган бир кеманинг сиртиман,
Кема дафтарим йўқ, ўқийолмассан.
Мис тўлиб-қотгандир томирларимда.

Сабаби билинмас ёнғинда қолдим,
Куйдим, ўт олдим…
Қибрис, бир оз интил,
билиб оласан.

Мен бир оз аёлман,
Бир оз аскар,
Бир оз инсонман.

Уруш,
уруш билан ўтди бутун яшайиш,
Жонга тегиб кетди бу умр, ташвиш.

Ёниқ оғочлар ичра ўйилар ичим,
Африканинг сирли ниқобларига айланар юзим,
тинмас кўзёшларим….

Бошимдан эсган шамолга йўл йўқ.
Тўрт ёғим йўлсизлик, ясоқ, ясоқлик.

Қуёш бўлинар.
Ёмғир бўлинар.
Тирноқдай нарса деб бўлинар
болаларим,
Бир-бирин танимас.
Танимас ҳеч ким.

Ботган бир кеманинг сиртиман.
Кема дафтарим йўқ,
Не бўлганин ўқийолмассан.

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси