Илкай Адали (1944)

Илкай Адали (İlkay Adalı) 1944 йили Кипрнинг Магоса шаҳрида туғилган. “Михи чиққан дунё” (1971), “Кишанли умид” (1973), “Чиқилмас кўчалар” (1981), “Соҳилдаги дарахт” (1993) каби китоблари чоп этилган.

КЎП БЎЛДИ

Кўп бўлди, кўникмас йўқлигингга тун.
Кўп бўлди, нур сочиб чиқмай қўйди кун.
Кўп бўлди, ахтардим дўстим товушин —
Ҳеч не йўқ — ўртада денгизлар, йўллар…

Кўпик хотирамда мовий хаёллар,
Кезаркан, кўзимга чўкди кунботиш,
Оқшомлар ёлғизман… Айт, бу не қарғиш?

Кўлканг — у яширин эшиклар аро
Йўл топмай тунларга сиғинган юлдуз,
Совуқ мармарингда оққан сувлар-ла
Қовушар қоронғу дарёга ёлғиз…

Кўп бўлди, учганча шамол отида,
Сени ахтараман баҳор қўйнидан,
Бошоқларнинг сассиз, тинч ўйинидан,
Учиб қалдирғочнинг оқ қанотида…

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси