Олтой Бураған (Altay Burağan) 1951 йили Кипрда туғилган. Эгей университети зироат факультетини битирган. “Учинг, қушлар” (1997), “Яшасин, дунё” (2000), “Бир ичим Оқденгиз” (2003), “Севги ёмғирлари” (2005) каби китоблари чоп этилган.
АЙБЛИ БИЗМАСМИ?
Азўн қатламини биз тешмадикми?
Денгизга ахлатни биз қўшмадикми? ,
Кўлларда ботқоқлик яратганлар ким?
Янги Африкалар истаганлар ким?
Ўпка, жигаримиз қуритганлар ким?
Кон қазиб, атрофни чиритганлар ким?
Атом, ядролар-ла ўлимлар сочиб,
Ўзлари роҳатда яшаганлар ким?
Қуёш ёмғиридан қочамиз нечун?
Яшил оғочларни биз кесмадикми?
Сувни бидонларда ташиймиз кун-тун,
Чучук булоқларни биз бузмадикми?
Энди ҳаво кирли,
Кун шовқин тўла,
Яшил ранг озайган, мовий хирали,
Ош-сувга етолмай, кимлардир ўлар —
Шуни била туриб,
тоғлар тешамиз,
Тилиб кўк юзини,
Ҳаддан ошамиз,
Онасини эмсин! —
Деймиз, қутуриб,
Ҳар кун табиатни бузиб яшаймиз!..
ВАТАНИНГНИ УНУТМА
Ўз кўчангдан ўтаркан, кимса йўқлаб кулмаса,
Юрагингнинг товушин эшитгувчи бўлмаса,
Ёлғиз йиғлаб ўтирсанг, кимса сўраб келмаса,
Ватанингни хотирла! Шан, шонингни унутма!
Сен ўзинг тўғри юрсанг,
тўғридир юрт йўллари,
Сени қўллар ҳар ерда юртдошингнинг қўллари,
Қон-қардошлик, севги-ла тўладир кўнгиллари,
Ватанингни хотирла! Инсонингни унутма!
Бу ерлар сеникидир! Шу ҳаётинг устуни,
Бу оғочлар сеники, суғордингми остини?
Бугун не эксанг, эрта олурсан мевасини,
Ўз боғинг, ўз тупроғинг, хуш исини унутма!
Бир шамол олиб кетар, ихтиёр қилмасанг-да,
Ватанинг бунда турар, сен истаб келмасанг-да,
Юлинур хотираси, сен истаб юлмасанг-да —
Ватанингни унутма! Қибрисингни унутма!..
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси